Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (8-қисм)
Ниҳоят, ҳали декабрь келмай туриб уч марта кетма кет қор ёғди-ю, далага кетганлар қайтиб келишди. Танноз қизларнинг таннозликларидан асар ҳам қолмабди. Ҳаммаси қорайган, кийимлари ҳам бир аҳволда эди. Уларни кўриб шунчаки ачинасан киши. Айниқса, қизларнинг юзларидаги чарчоқ аломатлари ўта раҳмингни келтиради.
Ҳаммага беш кунга уйларига бориб келишларига рухсат берилди. Фазлиддин ўзида йўқ хурсанд эди. Аммо дарров кета олмади. Ёзиб қўйган ўттиз бетлик тарихий ҳужжатларини бошқатдан оқ қоғозга кўчириб чиқди. Ярим тунгача ухламади. Кўзлари ачишди. Аммо ёзишдан тўхтамади. Эртаси куни қуёш бир терак бўйи кўтарилганида йўлга тушди.
Автобусга ўтириши билан юрак ҳапқириши янада ошди. Ахир беш-олти соатда уйига етиб боради. Уйидагилари билан кўришади. Кечки пайт эса қўшни қишлоққа боради. Малоҳатларнинг уйига. Тўғри кириб боради. Уялмайди, нетмайди. Ўқитувчисини сўрайди…
У кўзини юмиб автобус деразасига бошини суяди. Орадан бир муддат ўтар-ўтмас кимдир унинг ёнига ўтирди. Бироқ Фазлиддин кўзини очмади. Лекин ширин атир ҳидини туйиши билан беихтиёр кўзини очиб ёнига қаради. Унинг ёнида атлас куйлак кийган қиз ўтирарди.
— Ассалому алайкум, — деди бирдан у қизга.
Қиз унга қаради ва кулиб қўйди. Қизнинг юзи оппоқ, сочи қоп-қора, лаби бўялган, қоши терилган эди.
— Уйғотиб юбордимми? — деди қиз Фазлиддиннинг саломига алик оларкан.
— Йўқ, ухламагандим. Лекин ухлашимга оз қолганди, — дея жавоб берди Фазлиддин.
— Пахтадан қайтдингизми? Студентмисиз? — сўради қиз.
— Пахтага бормадим. Мени қолдиришди. Боғбонга ёрдамчи бўлдим.
— Маза қилибсиз. Биз бўлсак, икки букилиб пахта тердик. Қаерда ўқийсиз?
Агар ўқийдиган жойини аниқ айтса, қиз унинг устидан кулади. Чунки етти мучаси бут ўғил бола бунақа қизлар ўқийдиган жойда ўқимайди-да.
— Қурилиш техникумида, — деб жавоб берди Фазлиддин.
— Ҳимм.
— Ўзингиз-чи?
— Мен университетда. Химфакда ўқийман.
— Қийинми?
— Унчаликмас. Лекин билмаган одамга қийин.
— Менинг химияга тишим ўтмайди. Лекин бир марта «ҳаш икки о»ни тўғри ёзиб берганим учун мактабда ўқитувчимиз доим беш қўйган.
Қиз қиқирлаб кулиб юборди.
— Чунки ўқитувчимизнинг ўзи химикмас, биология ўқитувчиси эди. Бошқа ўқитувчи бўлмаганлиги сабаб доим у кирарди.
— Шунинг учун ҳам химияга қизиқмагансизда. Лекин жуда қизиқ фан. Химия ҳамма жойда бор. Масалан, мана шу автобуснинг турган-битгани химия. Ҳатто ўриндиқларнинг ёпинчиқлари ҳам. Агар сиз химияни зўр билсангиз, оламшумул кашфиётлар қилишингиз мумкин. Сабаби, бир моддани иккинчисига қўшиб учинчи бир нарсани ҳосил қилса бўлади. Қизиқ, тўғрими?.. Иккита фан бизни уйимизга олиб бориб қўяди.
— Тушунмадим? — дея қизга тикилди Фазлиддин.
— Автобус химиядан ташкил топган бўлса, уни физика ҳаракатга келтиради.
— Энди тушундим. Лекин мен кўпроқ тарихга қизиқаман.
— Тарих ҳам яхши. Аммо унинг катта қисмини уруш, тўполонлар эгаллаб олган. Шунинг учун мен ёқтирмайман. Ундан кўра адабиёт яхши…
Улар гап билан бўлишиб, автобуснинг юрганини, шаҳардан чиққанини сезмай қолишди.
— Қурувчи бўламан дебсиз-да, — дея жилмайди қиз.
— Аслида, қурувчиликни унчалик ёқтирмайман… Қурувчи деса иссиқ, чанг-тўзон, ғишт, бетон кўз олдимга келади. Кейин у ерда ишлайдиганлар ҳам қандайдир чарчоқ ҳолда кўринишади.
— Ҳа, тўғри айтганларингиз, аммо қурилишда пул кўп бўлади.
— Қанақасига?
— Энди-да. Аммо нега унда шу мутахассисликни танладингиз?
— Ўзим ҳам билмай кириб қолдим. Битирганимдан кейин йўналишни ўзгартираман.
— Қийналасиз. Чунки бошқа соҳаларга бегона бўлиб қоласиз унда. Айтганча, нечанчи курссиз?
— Бир.
— Эҳ, — дея қиқирлаб кулиб юборди қиз, — ҳали жуда кичкина экансиз-ку. Менинг укам тенги.
Фазлиддин айб устида қўлга тушиб қолгандай қизарди.
— Лекин, — давом этди қиз, — гапларингиз ёшингизга нисбатан каттариб кетибди. Менинг укамдан бундай гаплар чиқмайди.
— Балки, сизга айтмаса керак.
— Биламан. Беш қўлимдай биламан. Ҳали у улғаймаган. Аммо унинг ёшидагилар улғайишса бўларкан. Мана мисол. Хўш, техникумдан кейин қаерга ўқишга кирасиз?
— Тарих ёқмай турибди. Биров билан гаплашгандим, аниқ фанларга ҳаракат қил, деди.
— Тўғри айтибди. Гуманитар фанларнинг бари фақат гапдан иборат. Тарих ҳам, адабиёт ҳам. Аммо аниқ фанлар бутунлай бошқа нарса. Фақат шарти, чуқур ўрганиш керак.
— Менга устозлик қилмайсизми?
— Кучим етармикин?
— Етади. Сизнинг ҳам гапларингиз бошқача экан.
— Бошқача деманг, кўп гапираркансиз, денг.
— Кўп гапиришингиз сезилмади. Бекорчи гап гапирмаганлигингиз учун шундай бўлган бўлса керак.
— Бир томондан ўқитувчи бўлишга тайёргарлик кўряпман.
— Ўргатасизми, химияни?
Қиз кулди. Кейин чуқур нафас олди.
— Ўргатаман. Аммо ҳозирги гапингиз катта болаларникига ўхшаб кетди.
— Нега?
— Одатда йигитлар қиз болани илинтириш учун қандайдир сабабни, севги-муҳаббатга алоқаси бўлмаган сабабни ўйлаб топишади.
— Ҳали менинг ундай қилишимга анча эрта.
— Мен ундай демаган бўлардим. Укамдан қиёс. У ўзидан бир ёш кичкина қизни яхши кўради. Яхши кўриш ҳам ўлдим-қолдим даражасига чиқиб кетган. Мен унга »Ҳой, бола, бунақанги нарсаларингни йиғиштир, сен уйланадиган қиз энди мактабга боряпти», десам ҳам қулоқ солмайди.
— Бир ёш кичкина экан-ку, — деди шу заҳоти хаёлига Малоҳат келган Фазлиддин.
— Бир ёш? Бўлмайди. Қиз боланинг ақли эртароқ пишиб етилади. Масалан, мен ўзим тенги йигитларни ҳали ҳам бола биламан. Кейин қиз бола жуда тез қарийди. Ана ундан кейин йигит ўлгурнинг кўзига энди етилиб келаётган ёш-ёш қизлар кўриниб қолади… Айтганча, яхши кўрганингиз борми?
Фазлиддин довдиради. Йўқ, деса ёлғон гапирган бўлади. Ҳа, деса бу қиз тушмагур мана бунақанги гапларни гапириб турибди. У укасини эмас, айнан Фазлиддинни гапираётганга ўхшайди.
— Ҳали улгурмадим-ов, — дея мужмал жавоб қайтарди у.
Қиз кулди.
— Ана, кўрдингизми? Сиз ҳам аллақачон кимнидир кўз остингизга олиб қўйгансиз. Яна иккинчи томондан мен билан боғланишни ҳам истайсиз.
— Йўқ, ундай эмас. Бу хаёлимнинг бир чеккасига ҳам келгани йўқ.
— Унда нега томдан тараша тушгандай химик бўлгингиз келиб қолди?
— Ўзи шу ҳақда ўйлаб юргандим. Сиздан бошқалар ҳам менга шунга ўхшаган таклифни беришганди.
— Хўп, майли, тил биласизми?
— Араб тилини ўрганяпман. Ҳозир ўқишни биламан. Фақат Қуръон ўқишни.
— Йўғ-э! — дея кўзларини пирпиратди қиз.
— Ҳа. Ҳарф танийман холос. Кейин ўзбек тилига жуда кўп сўзлар араблардан кириб келган экан. Ана шу кириб келган сўзларни биламан. Ва яна озгина бошқаларини ҳам. Ҳали айтдим-ку, тарих билан қизиққанман деб. Тарих китоблари мени қониқтирмади. Қўшимча маълумот олиш учун араб, форс, рус тилларини ҳам ўрганишимга тўғри келаркан.
— Уларнинг ёнига инглиз тилини ҳам қўшинг.
— Ўҳ-ҳў, вақтим етмаса керак.
— Етади. Менинг сизга битта шартим бор.
— Қанақа шарт?
— Агар менга араб тилини, Қуръон ўқишни ўргатсангиз, мен сизга химиядан дарс беришга уриниб кўраман.
— Майли.
— Ана энди бошқача бўлди. Сиз Қуръон ўқиркансиз, мутлақо безиён одамсиз. Хўп, диндан нималарни биласиз?
— Ойнинг иккига бўлинишини.
— Нима, ой бўлинганмикин?
— Ҳа.
— Бўлиши мумкин эмас.
— Мумкин. Агар Худо шуни хоҳласа бўлади. Буни замонавий фан ҳам исботлаган. Фақат у ҳақда бизга маълумот берилмайди, — деб Фазлиддин устози Муҳаммад Али қоридан эшитганларини бирма-бир гапириб берди. Энди қиз ҳайкалдай қотиб қолди ва бошқа суҳбатлашмай, сумкачасини очди. Сўнг ундан ҳеч нарса олмай ёпди.
— Мен, — деди лаблари титраб, — бизга ҳамма нарсани айтишади, биз ҳамма нарсадан ҳамиша хабардормиз, деб ўйлаб юрардим. Лекин… Бу гапларни кимдан эшитдингиз?
— Бировдан.
— Айтмасизми, кимлигини?
— Йўқ.
— Яна нималарни биласиз? Майли, ўша бировни айтманг. Аммо эшитганларингиз айтинг.
— Тош гапирган, дарахт ўрнидан қўзғалган. Пайғамбаримизнинг ёнларига келиб саловат айтган. Балки пайғамбаримизнинг пайғамбар эканликларига гувоҳлик берган. Лекин булар жуда катта қисса.
— Ҳимм, тушунаман. Тушунаман. Афсуски, кўп ўқияпман. Шунинг учун тушунаман. Ўқимайдиган, илмга қизиқиши бўлмаган одам тушунмайди… Менинг исмим Раъно, сизникичи?
— Фазлиддин.
— Мана, танишиб олдик, Фазлиддин. Мен химфакнинг ётоқхонасида тураман. Учинчи қават, еттинчи хонада. Агар беш кундан кейин борсангиз, мен хонамда бўламан.
— Хўп, — дея Фазлиддин дераза томонга қаради ва «Бу қиздан Малоҳат минг чандон чиройли. Бу қиз айтгандай Малоҳат тез қариб қолмайди», дея кўнглидан ўтказди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)