Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (10-қисм)

Қишлоқ одамларида бўлгани каби, уларнинг ҳам уйларида дарвоза йўқ. Уйнинг тўрт томони ҳам очиқ. Шундай экан, агар уйнинг олд томонидан борсангиз, ҳовлида ким бор, ким йўқлигини бемалол кўриш мумкин. Бироқ Малоҳатларнинг уйига рўпарадан бориб бўлмайди. Йўл уйнинг ён томонида…

Уйга яқинлашгани сайин унинг ҳаяжони ҳам ортиб кетаверди. Шу ергача қаҳрамонлардай келган Фазлиддин қолган ўттиз-қирқ қадам масофани шунча қийинчилик билан босиб ўтдики, буни бир ўзи, бир Худо билади. Ҳатто у бир неча марта ортига қайтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Аммо унда барча қилган меҳнатлари осмонга совуриларди.

Олдин баландроқ овозда томоқ қирди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ экан, жавоб бўлмади.

— Мен келувдим! — деди овозини баландлатиб.

Қишлоқнинг одати шунақа: одам кимни қидириб келган бўлса, унинг номини айтиб чақиради. Аммо бу одат ҳозир Фазлиддинга тўғри келмайди… У бақирганида атайин сўзларни бузиб, англаб бўлмайдиган тарзда талаффуз қилди.

Бахтига, Малоҳат уйдан айвонга энди чиққанди.

— Ким? — деди.

Қулоғи динг бўлиб турган Фазлиддин эшитди. Эшитган заҳоти юраги ҳаприқиб кетди. «Ишқилиб, Малоҳат бўлсин», дея ўйлади ичида. Ахир Малоҳатнинг ҳам иккита опаси бор. Бири эрга теккан, иккинчиси Фазлиддиндан бир ёш катта. Исми Саида. Ҳозир унга «Ким?» деган Саида бўлиши ҳам мумкин эди-да.

— Мен, — деди у қўрқа-писа.

— Сиз кимсиз? — дея Малоҳат айвондан ҳовлига ўтди ва ғира-шира қоронғиликда турган Фазлиддинни кўрди.

— Мен, мен — Фазлиддин, — деди бу сафар йигитча пастроқ овозда.

Малоҳатнинг ҳам юраги бирдан ҳаприқди. Наҳотки ўша Фазлиддин бўлса, деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Ахир уларнинг нигоҳлари неча марталаб тўқнаш келган. Ҳар сафар қизгинанинг юраги қинидан чиқиб кетай деган.

— Қайси? — дея сўради ҳаяжонга тушиб.

— Қўшни қишлоқдан. Сиздан бир синф юқорида ўқиган Фазлиддин…

— Сиз… Сиз… — деди қизгина бироз титраб. Ахир уйда оила аъзоларининг ҳаммаси чой ичиб ўтиришибди. Унинг бегона бола билан гаплашиб турганини эшитиб қолишса, нима аҳволга тушади?

— Нега келдингиз?

Бундан бошқа савол келмади қизнинг хаёлига.

— Муаллимга бир нарса олиб келгандим, — деди Малоҳатдан баттар аҳволда турган Фазлиддин.

— Отамгами? Ҳозир чақираман, — деди Малоҳат бирдан енгил тортиб.

— Эй, тўхтанг, аввал ўзингизникини олиб кетинг.

Фазлиддин бу гапни қандай айтганини ўзи ҳам сезмай қолди.

— Меники?! — деди баттар паст овозда Малоҳат.

— Ҳа…

Малоҳат ортиқ гапни чувалаштириб ўтирмай унинг ёнига борди.

Бир лаҳзага улар бир-бирларига тикилиб қолишди. Кейин хавотир олган Малоҳат: «Меники нима?» — деб сўради.

— Мана, — дея Фазлиддин дарров хатни унинг қўлига тутқазди. Ана шу пайт уларнинг бармоқлари учи бир-бирига тегиб кетди. Иккаласи ҳам шу заҳоти тамом бўлди. Агар гугурт чақсангиз, иккови ҳам ёнарди…

Қоғозча қўлига тегиши билан Малоҳат ортига қайтди. Энди бу аҳволда у отасини чақира олмасди. Юзи қизарганидан бехабар эди ҳали у. Юрагининг титраши бир ёқли қилиб қўйганди қизгинани.

— Ота, сизни сўраб келишибди, — деди у ташқарида туриб.  Сўнг югуриб бориб ўзининг хонасига кириб кетди. Хонаси уйнинг ўртасида, нариги эшикдан кирилади у ерга. Хона опаси иккаласиники. Шу ёқда дарс қилишади, шу ёқда ухлашади.

Отаси: «Ким экан?» — деди. Бироқ жавоб бўлмади. Ҳали айтганимиздай, Малоҳат хонасига кириб кетганди.

Ота аёлига қараб қўйди ва ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. У ёқда Фазлиддин бўлари бўлиб турганди. Яхшики, шу қисқа муддатда қоронғилик қуюқлашди, унинг-да қизарганини яширди.

— Кимсан? — деди муаллим айвондан ҳовлига ўтиб.

— Муаллим, мен Фазлиддинман, — деди йигитча.

— Фазлиддин! Кел бу ёққа!

Фазлиддинни мактабда ҳамма муаллим жуда яхши биларди. Овозидан танишарди уни. Аммо Фазлиддиннинг мактабдан кетганига етти ойча бўлиб қолди. Кейинги синфларда ҳам Фазлиддин бор. Шу боис муаллим уни дарров таний олмади. Шунинг учун унга яқинлашди.

— Муаллим, сизда озгина ишим бор эди, шунга келгандим, — деди Фазлиддин.

— Эй, сен анави Фазлиддинми? — дея муаллим у билан қўл бериб кўришди. — Кел, юр уйга.

— Йўқ, майли. Мен сизга тарихга оид бир нималар олиб келгандим.

Шу гапларни айтаётган Фазлиддин анча ўзини босиб олди.

— Жуда яхши-да! Қани, юр, ҳеч бўлмаса, ёруғ жойга ўт, қоронғида туриб олибсан, — дея муаллим унинг тирсагидан ушлаб ҳовли томонга тортди.

Фазлиддин дарров унга эргашди.

Ёруғликка ўтганларидан кейин Фазлиддин велосипеднинг рулига илинган сумкани олди-да, унинг ичидан бир тахлам қоғоз чиқариб муаллимга узатди.

— Анчагина экан. Нималар ёзилган бу ерда? — дея сўради муаллим.

— 1918 йилда Қўқонда содир бўлган воқеалар. Дашноқлар воқеаси десаям бўлади. Ўшандаги қирғинбарот…

— Шунақа де. Қани, ичкарига кир. Бир пиёла чой ич. Баҳонада гаплашиб оламиз.

— Озгина ишларим бор эди…

— Ишларингга кеч бўлди. Уйга кир. Ярим соат у ёқли-бу ёқли. Кир, гапни кўпайтирма.

Айни шу нарса Фазлиддинга керак эди. У ўзини ортиқ лаълига солмай, велосипедни устунга суяди.

Ичкарида Малоҳатнинг онаси, иккита укаси ва Саида ўтирарди. Фазлиддинни кўрганларидан кейин Саида билан онаси ўрнидан турди. Фазлиддин уларга одоб билан салом берди. Саида бир нималарни тушунгандай бўлди. Ахир синглиси билан Фазлиддиннинг орасидаги муносабатдан унинг озми-кўпми хабари бор эди. Ўзи муносабат деган нарса бўлмаган. Бироқ шивир-шивир гап тарқаган. Малоҳатнинг ўзи ҳам бир сафар эҳтиётсизлик қилиб синфдош қизларнинг гапларини опасига айтиб қўйганди. Энди ана шу Фазлиддин уларнинг уйларига келиб турибди. Қишлоқнинг ошиқ болалари… Фазлиддиннинг ёшидагиларга йўл бўлсин, ундан беш-олти ёш катта йигитлар ҳам севган қизининг уйига кириш тугул, яқинига ҳам йўлай олмайди. Шу боисдан ҳам Саида мийиғида кулди.

— Тез чойни янгилаб келинглар, — деди бундан бехабар муаллим ва хотинига Фазлиддинни кўрсатди, — бу энг аълочи ўқувчилардан бўлган. Мени сўроқлаб келибди.

— Яхши бўлибди-да, — деди аёл.

Фазлиддин аёлнинг юзига қарай олмади. Саида эса уйдан чиқди-ю, ўзининг хонасига югурди ва эшикни очиб кириши билан:

— Анавининг нимага келибди? — деди Малоҳатга.

— Қайси анавиним? — дея саволга савол билан жавоб қайтарди ўзини гўлликка солган Малоҳат.

— Билмай қолдингизми? Фазлиддинни айтяпман. Муштдай боши билан уялмасдан қандай келди уйга? — деб синглисини қистовга олди Саида.

— Мен қаердан билай? Кейин нимага у уялиши керак?

— Ҳо-о, уялмаслиги керакми?

— Менга нима дейсиз?

— У сени деб келган-да.

— Мени деб келган бўлса, нимага отамни сўради унда? Мен ҳеч нимани билмайман.

— Билмасанг, бир чой дамлаб кир-чи!

— Нимага мен дамлашим керак?

— Биламиз-да, сени деб келганми ё отамда иши бормикан. Агар билиб қўй, битта ортиқча гап айтса, сени ерга тиқаман! Бор энди!

Малоҳатнинг бўлари бўлди. Фазлиддинни жуда ёмон кўриб кетди. Безбетликда айблади уни. Сўнг ташқарига чиқди…

— Хўш, энди гапир, — деди муаллим, — сизларнинг синфларингни тўлалигича ҳунар-техника мактабига жўнатишганди. Лекин кейин билдим, беш-олтитаси ҳужжатини олиб, бошқа мактабга ўтибди. Сен қаерда ўқияпсан?

— Тошкентда, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Зўр-ку! Қандай бориб қолдинг у ёққа?

— Билмайман. Отам ҳужжатларимни мактабдан олибди (пора эвазига олинганини у яхши биларди. Отаси берганини, завуч олганини кўрмаган. Бироқ шундай тахминда эди у). Кейин Тошкентга олиб борди. Қурилиш техникумига боргандим, имтиҳонсиз қабул қилишди. Чунки бирортаям тўртим йўқ эди-да.

— Ҳа, шундай эди. Ўқиш қандай бўляпти?

— Ёмонмас, анча кўникиб қолдим.

— Неча кунга жавоб беришди?

— Беш кунга. Лекин мен эртага қайтсам керак. Чунки кейин автобусга чиқиш қийин бўлади, деб ўйлаяпман.

— Ҳа, шундай қилганинг маъқул. Бу қоғоздаги нарсаларнинг ҳаммасини ўзинг ёздингми?

— Ўзим.

— Маълумотларни қаердан олдинг?

— Битта домладан дарс олаётгандим. Сиз: «Ўзбекистон тарихи жуда кичкина китоб, яна кам чоп этилган», деганингиздан кейин: «Бизнинг тарихимиз шунчалик йўқмикан?» дедим. Кейин сиз дарс ўтаётганингизда: «Агар Тошкентга борсам, тарихимиз билан қизиқиб кўраман», деб кўнглимга тугиб қўйгандим. Лекин менга: «Араб тилини билмасанг, эски ўзбек ёзуви, форс ва рус тилларини билмасанг, тополмайсан», дейишди. Шунга араб тилини ўрганиш учун бир имомнинг ёнига бордим…

— Ҳозир, сен шошмай тур, мен дарров келаман, — деб муаллим ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди.

Шу пайт унинг аёли: «Қайси қишлоқдансан, кимнинг боласисан?» деб сўрамоқчи бўлганида, Малоҳат кирди-ю, онасининг оғзини боғлаб қўйди.

Малоҳатнинг кириб келиши яна Фазлиддиннинг юрагини ўйнатди. Айни чоғда Малоҳатнинг ҳам иккала юзи қизарганди. У ҳам ҳаяжон ичра ёнарди. Нафақат ёнарди, балки қандайдир бошқа бир оламга тушиб қолгандай эди. Унинг назарида онаси ҳам Фазлиддиннинг асл мақсади нимада эканлигини сезгандай эди. Яна отасининг уйдан чиқиб кетгани ҳам уни ўйлантириб қўйганди.

У чойнакни олиши керак, шу аснода зимдан Фазлиддинга ёмон қараш қилиб, шу билан йигитчани енгилгина бўлса ҳам жазолаши лозим эди.

Она қизининг юзидаги қизилликни кўриб ҳайрон бўлди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: