Мадридда яна йирик намойиш уюштирилди
Испания пойтахти Мадрид марказида минглаб одамлар Каталония мустақиллиги тарафдорлари учун амнистия эълон қилиш тўғрисидаги қонунга қарши намойишга чиқди. Улар Бош вазир Педро Санчеснинг истеъфосини ҳам талаб қилмоқда. Бу ҳақда воқеа жойидан ТАСС мухбири хабар берган.
Қайд этилишича, акция Мадрид мэрияси ёнидаги майдонда юзга яқин ташкилот томонидан уюштирилган.
Митингни айрим мухолиф партиялар ҳам қўллаб-қувватлаб, Санчесга қарши шиорлар кўтаришган.
Шунингдек, ОАВ тракторларда норозилик билдирган испан фермерлари мамлакат бўйлаб йўлларни тўсиб қўйгани ҳақида ҳам ёзмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишчилари меҳнат шароитини яхшилаш, соҳадаги сиёсатга ўзгариш киритиш талаб қилиниб, Барселона, Таррагона, Кастилия-Ла-Манча, Валенсия, Арагон, Ла-Риоха, Мурсия ва мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги авто магистралларда ҳаракат тўсиб қўйилди.
Январь ойи охирида Мадрид марказида 45 мингга яқин киши Каталония мустақиллиги тарафдорлари учун амнистия бериш тўғрисидаги қонунга, шунингдек ҳукумат раҳбари Педро Санчесга қарши норозилик намойиши ўтказгани хабар қилинган эди.
Ўшанда оломон минтақа собиқ етакчиси Карлес Пучдемон тарафдорлари қатъий туриб олгач, Санчес қонун лойиҳасига ўзгариш киритишга рози бўлгандан кейин кўтарилган.
Пучдемон Каталониянинг Испаниядан ажралиб чиқиши бўйича рефендум ўтказилган даврда минтақа ҳукуматини бошқарган. Кўп ўтмай, у Бельгияга қочиб кетган. Иберия қироллиги суд идоралари уни экстрадиция қилишда муваффақиятсизликка учраб келмоқда. Ҳозир Пучдемон Европа парламенти аъзоси.