Россияда ўзбекистонлик мигрант пичоқланди
Россиянинг Павловск шаҳрида аёл ўсмир ўғли ёрдамида ўзбекистонлик мигрантни ўлдирмоқчи бўлди. Бу ҳақда Дарё хабар берди.
Маълум бўлишича, аёл ўзбекистонлик мигрант билан жанжаллашиб қолган. Душманлик ҳисси туфайли у 14 ёшли ўғлини мигрантни ўлдиришга кўндирган. Натижада вояга етмаган бола икки шериги билан Ўзбекистон фуқаросига ҳужум қилган.
Жабрланувчининг кўкрагига камида тўрт марта ва орқа қисмига пичоқ урилган, шунингдек, таёқ билан камида бир марта зарба берилган. Эркак оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган. Аёл муқаддам судланган, бироқ маъмурий назорат остида бўлмаган.
Барча айбланувчилар “қотилликка уриниш”да айбланган. Аёлнинг ўғли ўз айбига қисман иқрор бўлиб, ҳибсга олинишига эътироз билдирган. Онаси ҳам бунга қарши чиққан ва терговдан яширинмасликка ваъда берган.
Таёқ билан ҳужум қилган бола дарсларни қолдирмаслик учун уй қамоғи сўраган. Учинчи ўсмир ҳам қамалишни хоҳламаслигини айтган. Адвокатнинг таъкидлашича, айбланувчи ижобий характерга эга, унинг қотилликка суиқасдга алоқадорлиги тасдиқланмаган. Барча айбланувчилар 5 майга қадар ҳибсда сақланади.