Драматик баҳсда Роналдунинг жамоаси енгилди ва Осиё чемпионлар лигасини тарк этди (видеошарҳ)
Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигасининг чорак финал жавоб учрашувида “Ан-Насср” 11 март, душанба куни “Ал-Айн”га қарши баҳс олиб борди.
Учрашувнинг 28-дақиқасида БАА клуби футболчиси Раҳими ҳисобни очди. 45-дақиқада эса Раҳими яна бир бор дарвозани ишғол қилиб, дублни расмийлаштирди. Бўлим якунида эса Ар-Риёд клуби аъзоси Ғариб ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлим бошида эса “Ал-Айн” футболчиси Эиса ўз дарвозасига гол уриб, ҳисоб 2:2 бўлишига сабабчи бўлди. 72-дақиқада эса Теллес “Ан-Насср”нинг 3-голига муаллифлик қилиб, икки ўйин натижасига кўра, ҳисобни тенглаштирди. Қайд этиб ўтиш жоиз, жамоалар ўртасидаги дастлабки ўйинда “Ал-Айн” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Шу тариқа жамоалар қўшимча бўлимларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Қўшимча бўлимларда “Ан-Насср” бир киши кам бўлиб қолди. 98-дақиқада Айман Яҳё рақибга нисбатан қўполлиги учун қизил карточка билан жазоланди. 103-дақиқада эса БАА клуби футболчиси Султон учрашувда дурангни қайд этувчи, умумий ҳисобда эса “Ал-Айн”га устунлик берувчи гол муаллифига айланди.
118-дақиқада эса Криштиану Роналду пенальти ишлаб олди. Зарбасини эса португалиялик футболчининг ўзи берди ва ҳисобни 4:3 кўринишига олиб келди.
Умумий ҳисоб 4:4 кўринишида якунланди ва ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди. Пенальтилар сериясида эса “Ал-Айн” 3:1 ҳисобида зафар қучиб, ярим финалга йўл олди. Ар-Риёд жамоаси таркибида фақатгина Роналду 11 метрлик зарбани аниқ амалга оширди. Брозович, Теллес ва Отавионинг зарбалари ноаниқ бўлди.