Швеция НАТОнинг барча шартларини бажаришни истамаслигини айтди
Швеция ўз ҳудудида НАТО қўшинларини жойлаштиришга рухсат беради, бироқ тинчлик даврида альянснинг доимий ҳарбий базалари ёки ядро қуролларини мамлакатда жойлаштиришга қарши.
НАТОга аъзолик бирор давлатни ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштиришга мажбур қилмайди, деди Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Биллстрём.
“Биз тинчлик даврида ҳудудимизда ядро қуроли мавжуд бўлиши учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз. Бу борада Норвегия ва Дания йўлидан борамиз. Совуқ уруш тугаганидан бери НАТОнинг фақат учта давлати — АҚШ, Англия ва Франция ядро қуролига эга”, — деди у.
Биллстрёмнинг қўшимча қилишича, Швеция НАТОга альянс ядровий қуролларини жойлаштириш бўйича ҳеч қандай шартларсиз қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, Швеция 7 март куни расман НАТОга қўшилди ва альянснинг 32-аъзоси бўлди. 11 март куни НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳи олдида мамлакат байроғи кўтарилди.