Мутлақ жаҳон чемпиони Алисия Баумгарднердан допинг айблови олиб ташланди
Биринчи енгил вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони Алисия Баумгарднер фаолиятини давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди.
АҚШ спорт ассоциациялари комиссияси 28 ёшли чемпионнинг дисквалификациясини олиб ташлади. Ўтган йилнинг август ойида америкалик боксчида тақиқланган местеролон моддаси аниқланган эди. Баумгарднер ўша заҳотиёқ айбсиз эканини айтиб, бунинг учун барча текширувлардан ўтишга тайёр эканини маълум қилганди.
У ҳатто ўз хоҳиши билан соч толаси тестидан ҳам ўтишга рози бўлганди. Натижада унинг таҳлили тоза чиқди ва энди у яна жангларда иштирок эта олади. Унинг навбатдаги рақибаси катта эҳтимол билан биринчи ярим ўрта вазнда мутлақ жаҳон чемпиони Кэти Тейлор бўлади.
Лекин барча йўналишларда рейтинг етакчиларидан бўлиб турган собиқ жаҳон чемпиони Дельфин Персон бунга тўсқинлик қилиши мумкин. Боиси, айнан у камар учун расмий даъвогар ҳисобланади.