Нишонда Расул Қўширбоев!
Ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия инспектор-психологлари томонидан ўқувчиларнинг давомати назорат қилинаётганлиги бўйича давом этаётган муҳокамалар жараёнига Расул Кушербаев ҳам қўшилди.
Дарҳақиқат, Расул Кушербаев томонидан билдирилган 14 дақиқага яқин видео контентдаги муносабатнинг аксариятига қўшилиш мумкин. Аммо….
Табиий чиқишлари билан халқимиз хурматини қозониб келган Кушербаев бу сафар негадир масалани анчагина сунъий баён этди (пухта тайёргарлик – фон, имидж, контент монтажи, гапираётганда камерадан ташқаридаги (эҳтимол) олдиндан тайёрлаб қўйилган йўналтирувчи фикрларга кўз ташланиши ва бошқалар шундай таъсурот уйғотди). Бу худди (буюртма чиқиш демасакда) бугунги кунда полуляр бўлган мавзу муҳокамасидан четда қолмаслик, ўзини мавжудлигини исботлашга урунишдек туюлди.
Аввало Кушербаевнинг биринчи фикрига тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда ўқувчиларнинг давомати назорат қилётган ходимлар Миллий гвардиянинг тўғридан-тўғри ҳарбийлашган отрядлари эмас. Бу вазифа учун айнан ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва руҳияти инобатга олинган холда инспектор-психологлар лавозими жорий этилган. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, бу лавозим Миллий гвардияга ўтгунга қадар Ички ишлар вазирлигида мавжуд бўлган ва улар ҳам айнан шу вазифани бажариб келган (Шундай экан, ўз вақтида Кушербаев бу мавзуни нега кўтариб чиқмаган?!).
Муносабатда келтирилган Ҳиндистондаги камбағал бўлсада ўз фарзандини таълимга ундовчи ота-оналар масаласига биз ҳам юз фоиз қўшиламиз.
Дарҳақиқат, таълим-тарбия ишида муайян самарага эришиш ота-оналар масъулияти билан бевосита боғлиқ. Шу маънода Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари аввало ота-оналар билан тушунтириш ишларини олиб борадилар. Таъкидлаш керакки, бу жараёнда жарима қўллаш амалиёти профлактик вазифаларнинг энг охирги босқичи ҳисобланади.
Албатта умумтаълим мактаблари ҳарбий лагерлар эмас ва кейинчалик ҳам бундай бўлмайди!
Шу ўринда Кушербаевнинг таълим тизими ривожланган мамлакатлар тажрибасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мактаб фаолиятига аралашмаслиги бўйича келтирган фикрлари асоссиз эканини ишонч билан айтиш мумкин. Бинобарин, таълим орқали ўз қаддини кўтарган кўплаб хориж мамлакатларда ҳам ўқувчиларни мактабга жалб этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни тизимли фаолият юритиши ўша халқ учун оддий хол (масалан, Англияда ота-оналар фарзандини рухсатсиз мактабдан олиб кетгани учун жаримага тортилиши, агар жарима 28 кун мобайнида тўланмаса жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Францияда эса, ўқувчи ойда тўрт мартта дарс қолдирса 150 долларгача жарима, бу иш ота-она таъсирида амалга оширилса, ота-она 2 йиллик қамоқ ёки 33 минг доллардан ортиқ миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Манба: adolat24.uz), кундалик ҳаётнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади.
Таълим сифатига келсак, бу аввалгидек Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бирламчи вазифаси ҳисобланади. Миллий гвардия тўғридан-тўғри таълим жараёнига аралашмайди, фақат бу жараёнга ташқи томондан – оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш учун кўмаклашади.
Хулоса қилиб айтганда муайян муносабат билдирилаётганда “баъзи ота-оналар”, “баъзи мактабга бориш йўллари”, яна айрим “баъзи”лар орқали бутун жамиятга умумий фон бериб юбормаслик лозим.
Албатта, таълим жараёни ва унга ёндош инфраструктуралар муаммолардан холи деб айта олмаймиз. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирда мактабга қатнаш йўли, транспорт ва масофа билан боғлиқ муаммолар талайгина. Лекин, ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, йўли носоз, транспорт ва масофасида муаммолар мавжуд ҳудудларда давомат ва таълим сифати юқори, аксинча бўлган ҳудудларда эса, давомат ва таълим сифати қуйи бўлиб чиқмоқда.
Бизнингча, ижтимоий фикрга таъсир эта оладиган таниқли шахслар жамиятда халқ манфаати, ёш авлод келажаги учун муайян ҳаракат бошланганда “қани кўрамиз томошангни” қабилида эмас, аввало, мазкур ҳаракатнинг моҳиятига чуқурроқ кирган холда, шу юртнинг фаол ва жонкуяр фарзанди сифатида кўмакка ошиқмоғи лозим. Ёрдам бера олмаса популистик чиқишлар билан оммани чалғитмай, жим туриш ҳам жамият учун катта ёрдамдир.
Давлат Муҳаммад.