Ўликдан ҳам пул қилишаяпти
Тошкент вилоятида дафн маросимларини ўтказишда хизмат кўрсатишга рухсат бериши эвазига тадбиркордан пул талаб қилган бўлим бошлиғи ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Тошкент вилояти ободонлаштириш бош бошқармаси “Қабристонларни сақлаш” бўлими бошлиғи Ж.А. тадбиркор И.Т.дан дафн маросимларини ўтказиш хизматини кўрсатишга рухсат бериши эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, шундан 200 долларни қўлга киритиб, яна 800 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.