Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (35-қисм)
Малоҳат Фазлиддиннинг кураш тушаётганини синфдошларидан эшитди. Аввалига уларнинг нима деяётганини, нимага шаъма қилаётганларини тушунмади. «Биз зўр, бизнинг полвон ёмон қиляпти. Иккитасининг оёғини осмондан қилиб ташлади, эртага яна тушади. Шу кетишда чемпион бўлиб кетсаям ажабмас», дейишди Малоҳатга эшиттириб.
— Алам қилсин! — деди Муяссар. — Бирортангиз ҳам ундай бўлолмайсиз. Ҳаммангиз сўлайган боласизлар!
— Нега бундай деяпсан? — дея ҳайрон бўлиб сўради Малоҳат.
— Фазлиддин акани айтишяпти. Нима, кўрмаяпсанми? Курашяпти-ку, — деди Муяссар ажабланиб.
Малоҳат дув этиб қизарди. Дарҳақиқат, унинг хабари йўқ эди. Фазлиддин ҳам кураш тўғрисида ҳеч нарса демаганди. Ҳаммасига ўзи айбдор. «Хат ёзманг, ўзим ёзаман», деб қўйган…
У шу куни уйига келди-ю, теледастурли газетани олди. Унда пешиндан кейин соат ўн олтию ноль-нолда «Спорт, кураш» дея ёзилган экан. У тўрт бўлишини интизорлик билан кутди. Бироқ шу куни Фазлиддин гиламга чиқмади. Шарҳловчи унинг эртага чиқишини эълон қилди. Эртасига юраги қинидан чиққудай бўлиб курашни кўрди. Фазлиддиннинг ютуғидан завқланиб, чапак чалиб юборди. Фазлиддин тўғрисидаги шов-шув эса эртасига янада авж олди. Нафақат мактабда, уйида, қишлоғида ҳам. Кимни кўрманг, уни гапирар, кўкка кўтариб мақтарди…
Финал куни бутун оила жам бўлиб томоша қилишди.
Малоҳат ҳаммадан тўрда эди. Телевизор эса пойгакда — столнинг устида. Шундай экан, Малоҳатни ҳеч ким кўрмайди. Уйидагилар билан бирга Фазлиддиннинг кураш тушишини томоша қилиш унга ноқулайлик туғдирди. Уялди.
Аммо рақиб Фазлиддинни елкасидан ошириб ташламоқчи бўлиб кўтариб олганида, кўзи чиқиб кетаёзди. «Бир лаҳзада ҳаммаси тамомми? Шунчалик осон ютқазиб қўядими?» деб ўйлади. Кўзларини чирт юмди. Овоз чиқариб йиғлаб юбормаслик учун тишларини бир-бирига маҳкам босди. Қулоғининг остида ўғил бола синфдошларининг, айниқса, ўзига ошиқ бўлган анави иккисининг кесатиқлари эшитилгандай, Муяссарнинг қайғули нигоҳ-ла боқиши кўрингандай бўлди. Бахтига, ундай бўлмади.
— Яшавор! — дея қичқириб юборди бирдан отаси.
Малоҳат шу заҳоти кўзини очди. Кўрсаки, Фазлиддин йиқилган, унинг рақиби эса Фазлиддиннинг елкасини ерга теккизишга уриняпти. Фазлиддин, барибир, йиқилибди, унда отаси нега «Яшавор!» деганига Малоҳат тушунмади. Бироқ отасининг овозидан англадики, Фазлиддин ҳали тўла-тўкис имкониятни бой бериб қўймаган. Демак, ҳали умид қилса бўлади…
Кейинги воқеалар Малоҳатни фақат қувонтирди. Айниқса, Фазлиддин рақибини худди ун тўлдирилган қопдай у ёқдан-бу ёққа отаётганини кўрганида, ўрнидан туриб қарсак чалиб юбораёзди… Отаси эса:
— Ҳой, ўлдириб қўйма, ўлдириб қўйма! — дея бақирарди.
Ҳакамлар Фазлиддиннинг ғалабасини эълон қилишлари билан Малоҳат уйдан чиқиб кетди. Бунгача эса отаси:
— Фазлиддин бекордан-бекорга бундай қилмади, анави грузин унга бир бало қилди. Битта ғирромлик қилди. Шунинг учун у ўлдириб қўяй деди. Бўлмаса, олдинги жангларда у бунчалик ғазабланиб кетмаганди. Ана, шарҳловчиям шунга ўхшаган гапни айтяпти, — деган эди.
Фазлиддинни ташқарида мафиозлар кутиб турганида Малоҳат ўзининг хонасида юм-юм йиғларди.
Фазлиддиннинг бўйнига медаль тақишди. Бутун залдагилар уни олқишлади. Бироқ унинг юзи сира ёришмади.
У кийиниш хонасига кириб ҳам талай муддат ўриндиққа ўтириб қолди. Ичкарига кириб чиқаётганлар, мураббийлар, жамоанинг бошқа аъзолари уни бирма-бир табриклашди. Фазлиддин уларнинг сўзларини эшитмаётганга ўхшарди. Қандайдир оғир юк елкасидан босарди.
Ниҳоят, Акбар келди. У ҳам чемпион, унинг ҳам медали бор эди. Келиб Фазлиддинни табриклади. «Мен сенга ишонгандим. Бопладинг», деди. Шунда ҳам Фазлиддин Акбарни тузук-қуруқ қутлаёлмади.
— Кетиб қолма, бир жойга борамиз, — дея секин шипшиди Акбар, кейин душга кириб кетди.
Чемпион билан ҳамманинг кетгиси келаётганди. Ҳатто мураббийларнинг ҳам. Бироқ Фазлиддин Акбарни кутди. У айтган жойга боришни истагани учун эмас, шунчаки борадиган жойни билиш учун. Бундан ҳам муҳими эса ихтиёрсиз унинг гапига кўниб қўйгани эди.
Акбар чўмилиб, кийимларини алмаштириб бўлганидан сўнг унинг ёнига келди-да:
— Финалга чиқишингдан олдин кимдир нимадир дедими сенга? — дея сўради.
— Ҳа, ўзим танимайдиган, билмайдиган, умримда кўрмаган иккита бола келди. Уларнинг ёшлари катта эди. Агар ютсам, беш минг сўм беришларини айтди, — деб шу заҳоти жавоб берди Фазлиддин.
— Шунинг учун енгдингми?
— Йўқ. Рақибим ғирромлик қилди…
— Кўрдим кўзингга қўлини тиқиб олганини. Шунинг учун уни енгдингми?
— Ҳа. Ўзимни босолмай қолдим.
— Майли, бу тўғрида кейинроқ гаплашармиз. Ҳозир ресторанга боришимиз керак. Бизни ташқарида кутиб туришибди.
— Лекин сиз кўча болалари билан гаплашма дегандингиз-ку.
— Ҳа, у бошқа нарса. Бугунгисини пешона теринг билан олгансан.
— Мен бормай қўя қолай.
— Иложи йўқ. Мендан сени сўрашди. Боради, деб ваъда бериб қўйдим. Хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади. У ёғини ўзимга қўйиб беравер.
Ташқарида иккита «Жигули» кутиб турган экан. Машиналар ёнида бештача ғўдайган, кеккайган, бировни бир тийинга олмайдиган йигитлар чекиб туришган экан. Икки чемпионни кўришлари билан қучоқларини очишди. Бирма-бир бағирларига босиб қутлашди. Кейин шефлари ресторанда кутиб турганини айтишди. Битта машинанинг орқа ўриндиғига Акбар билан Фазлиддинни ўтқазишди.
Ресторанга етгунларича ҳайдовчининг ёнида ўтирган барзанги сайраб кетди. У нуқул чемпионларни мақтар, уларнинг хўжайинларини ёмон хурсанд қилишганини айтарди.
Ресторан эшиги ёнида яна тўртта йигит кутиб олди. Улар ресторан эшигининг икки томонида туришарди.
Ичкарида эса узун столнинг усти турли ноз-неъматлар билан тўлдирилган ва унинг атрофида йигирматача одам ўтирарди. Улар аллақачон зиёфатни бошлаб юборишган, бу ёғи бақириб гаплашишлар, кулишлар шовқинидан рестораннинг катта зали ларзага келарди. Шунингдек, кўзга кўринган бешта артист ҳам бор эди. Ўша пайтда битта тўйга камида беш минг сўмга боришарди…
— Ана менинг ёқуту марваридларим! Ана менинг қаҳрамонларим!!! — дея ҳайқирди Каримбой Фазлиддин билан Акбар эшикдан кириши билан.
У ўрнидан тура солиб югуриб келди. Аввал Акбарнинг белидан қучиб кўтарди-да, ҳавода икки марта айлантириб ерга қўйди. Кейин Фазлиддинни ҳам худди шундай қилди.
— Аммо сен бопладинг! — деди Фазлиддинга. — Сен синдириб ташладинг!
Унинг сўзларидан сўнг залдагиларнинг бари қарсак чалишди ва бирма-бир келиб чемпионларни табриклашди.
Каримбой Акбар билан Фазлиддинни тўрга, ўзининг ёнига ўтқазди.
— Қадаҳларни тўлдиринглар! — дея бақирди.
Шу заҳоти унинг амри бажо келтирилди. Қадаҳлар тўлдирилди. Фақат курашчиларга қуйилмади. Бунга уларнинг ўзлари розилик беришмади. «Каттакон»нинг ўзи шу заҳоти:
— Тўппа-тўғри! Сенлар манавиларга ўхшаб бузилиб кетмагансанлар. Сенлар спортчисанлар! Сенларга мумкин эмас! — деди.
Аслида, у анча адолатли одам эди. Вазиятни жуда нозик тушунадиганлардан эди. Одамни нима бузиб, нима тузатишини яхши биларди.
Қадаҳлар олингандан сўнг, Каримбой қўлини Фазлиддиннинг елкасига қўйди ва:
— Сен бола нега бизни қўрқитдинг?! — деди жилмайиб.
— Мен билмадим. Қачон қўрқитдим? — дея саволга савол билан жавоб берди Фазлиддин соддалигига бориб.
— Бошида. Мен пешонамга урдим. Сал қолса сени сўкиб юбораёздим. Қандай қилиб у сени елкасига олишига қўйиб бердинг?!
Фазлиддин дарров унинг нимага шаъма қилаётганини тушунди ва кулишга ҳаракат қилиб, рақибининг қандай ғирромлик ишлатганини айтиб берди. Каримбойнинг бирдан юзи жиддий тус олди.
— Ҳаромилар! — деди сўнгра ва стулига ўтириб. — Мен улардан эмас, арманлардан кутгандим, — дея қўшиб қўйди. Сўнг ўзи қадаҳини тўлдириб бир кўтаришда ичиб юборди.
— Унда, унда ўлдириб ташлаганингда ҳам сен ҳақ бўлардинг! Лекин мен аниқ биламан, ҳакам тўхтатмаганида ўлдирардинг ҳам! Сен тўппа-тўғри қилдинг! Эркак! Характерингни кўрсатдинг! Ҳой, қара ҳамманг, бу бола билан ўйнашмаларинг, бунинг бир қони қайнаса, бировни соғ қўймайди!..
Қарсак бўлди, ҳамма Каримбойни олқишлади.
Айшу ишрат қизигандан-қизиди. Аммо Фазлиддиннинг томоғидан ҳеч нарса ўтмаётганди. У эртароқ кетишни, ётиб ухлашни истаётганди…
Каримбой ҳар қандай шароитда ва ҳаттоки ўта маст ҳолда ҳам ҳаммаёқни кузата олар, кимнинг нима деганини ва ким нима иш қилганини биларди.
— Нима бўлди, ука? Ейишинг полвонникига ўхшамайди-ку! Бу ейишингни кўрган одам сени чемпионликни сотиб олган деб ўйлайди! Эй, ҳаммасини эсингдан чиқар! Бугун мен ҳаммага байрам қилиб беряпман. Мен уюштирган байрамда ҳамма маишат қилиши керак. Бирорта ҳам одам қовоғини уймаслиги шарт! — деди у Фазлиддиннинг ёнига келиб.
Унинг сўзларини Акбар ҳам эшитди.
— Ол! Бунақа чимхўрлигинг ўтмайди. Кўнглида кири бўлмаган одамлар ўғил боладай ейди! — дея у ҳам Каримбойнинг сўзларини маъқуллади.
Каримбой унинг елкасига қоқиб қўйди ва даврадагиларга яна бир марта қадаҳларини тўлдиришни, ўзи гапирмоқчилигини айтди.
Шу заҳоти унинг амри адо этилди.
— Очиғини айтганда, мен бундай натижа кутмагандим! — деди Каримбой ўрнидан туриб. — Бир соат, ҳа, бор-йўғи бир соатда нақд икки юз минг ишлаб топдим! Мана шу иккита полвонимизнинг орқасидан. Чунки мен буларга ишонгандим. Энди қаранглар, мардга мард кетаман! Ҳар бирига ўн минг сўмдан бераман! Албатта, менинг улушим олдида буларники ҳеч нарса эмас. Лекин мен қалтис ишга қўл ургандим. Худди шунча йўқотишим ҳам мумкин эди!
Унинг шотирлари-ю кўнгил етар дўстларининг ҳаммаси бирдан ўринларидан туришди. Қадаҳларини чўқиштиришди. Каримбойнинг шаънига энг тантанали сўзларни ирод этишди.
Шундан кейин Каримбой:
— Чори! Қайси гўрда қолдинг, Чори? Бер буларнинг пулларини! — деди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)