Биз терроризмнинг ҳар қандай кўринишини кескин қоралаймиз — Отабек Умаров
“Крокус Сити” концерт залида содир этилган фожиадан жабрланган барчага чуқур ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлашимизни изҳор қиламиз. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари Отабек Умаров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Хабарда “Крокус Сити” концерт залида содир этилган ваҳший террорчилик ҳаракати натижасида Россия халқига, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жабрланганларга чуқур таъзия изҳор этилган.
«Биз зўравонлик ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишини, яъни бу шафқатсиз жиноятни кескин қоралаймиз ва террорнинг ҳар қандай кўринишини бутунлай рад этишимизни билдирамиз. Шафқатсизлик ва инсоният моҳиятига қарши жиноятларга тўла бундай хатти-ҳаракатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди ва бутун дунё ҳамжамиятининг сўзсиз қоралашига лойиқдир», — деб ёзади Отабек Умаров.
У шунингдек, «Биз ушбу фожиадан жабрланган барчага чуқур ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлашимизни изҳор қиламиз, сиз билан бирга қайғурамиз ва дардингизни ҳис қиламиз. Биз сиз учун ибодат қиламиз ва Қудратли Раббий сизга ушбу қийин синовни енгиш учун куч беришини чин дилдан умид қиламиз», дея қўшимча қилган.