Ажабо! Тиланчилик учун ижарага олинган болалар?!
Тиланчиликни ўзига касб қилиб олган аёллар пул ишлаш мақсадида бошқаларнинг фарзандларини ижарага олгани маълум бўлди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.
Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очиловнинг сўзларига кўра, тумандаги масжидлар атрофи ва чорраҳаларда ўтказилган тезкор тадбирда тиланчилик билан шуғулланиб юрган 26 нафар аёл аниқланган. Уларнинг 13 нафар фарзанди таълим доирасидан чиқиб кетиб шу иш билан шуғулланиб юргани сабабли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Бундан ташқари, 3 ёшга тўлмаган, 1,5 ёшлар атрофидаги 3 нафар бола ўзининг онаси бўлмаган бошқа аёллар томонидан тиланчилик қуроли сифатида фойдаланилаётгани маълум бўлган. Болаларни ўрнатилган тартибда гўдаклар уйига жойлаштириш чоралари кўрилди, деди Очилов.