Қирғизистон фуқаролари Москвадан ўз ватанларига бадарға қилинди
Шереметево аэропортида Россия ҳудудига кириш тақиқланган 40 нафар Қирғизистон фуқароси бор, деб хабар берди Қирғизистон ТИВ.
Аввалроқ Akipress агентлиги Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонасига таяниб Россияга киришни тақиқлаш қарори миграция қонунчилиги бузилгани учун қабул қилинганини ёзган эди. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, бугун, 26 март куни Қирғизистон элчихонаси ходимлари яна Шереметево аэропортига ташриф буюриб, у ерда Россия ФСБ чегара хизмати ходимлари ва «Аэрофлот» авиакомпанияси вакиллари билан учрашди.
«Россия ҳудудига киритилмаган Қирғизистон фуқаролари озиқ-овқат ва сув билан таъминланаётгани жойида аниқланган. <…> Бу фуқаролар энг яқин авиакомпания рейсларида Қирғизистонга етказилади», дейилади департамент сайтида эълон қилинган хабарда.
Москва яқинидаги Крокус-сити холлдаги терактдан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига вақтинча Россияга бормасликни тавсия қилгани ҳақида аввалроқ ёзган эдик. Терактга алоқадорликда гумон қилиниб, бир нафар қирғизистонлик қўлга олинди. У Авито хизмати орқали теракт содир этишда айбланаётганлардан бирига квартирани ижарага берган.