Москва ҳужумида гумонланаётган шахcлар ким? “Би-би-си” мухбири тожик қишлоғига борди

Москва ҳужумида гумонланаётган шахcлар ким? “Би-би-си” мухбири тожик қишлоғига борди

Якшанба куни Россияда камида 139 киши ўлимига сабаб бўлган Москва концерт залида содир этилган қонли ҳужумда айбланган тожикистонлик тўрт эркак устидан суд бўлиб ўтди.

Суд мажлиси лавҳаларида гумонланувчилар Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоев, Саидакрами Муродали Ражабализода ва Муҳаммадсобир Файзовларнинг кўзга кўринарли даражада оғир тан жароҳатлари борлиги, уларнинг баъзилари букчайган ҳолда суд залига олиб кирилаётгани тасвирланган.

Афтидан, шафқатсиз сўроқлар видеолари Россия хавфсизлик кучлари томонидан эълон қилинган ва хабарларга кўра, камида бир киши электр токи билан қийноққа солинган.

Гумонланувчилардан бири, юзи қаттиқ шишиб кетган 25 ёшли Шамсиддин ҳам душанба куни ҳибсга олинган яна икки кишини ёллашда айбланмоқда.

Тожикистонда Шамсиддиннинг оиласи яшайдиган ҳудудда бўлдим.

У Тожикистон пойтахти Душанбедан 40 км шимоли-ғарбда жойлашган Лоёб қишлоғидан экан.

Мўътадил иқлимли тоғ қишлоғи бўлмиш Лоёбнинг ерлари қуруқ, яқинида дарё йўқ. Қишлоқ ёшлари асосан қишлоқ хўжалигида, қурилишда ёки маҳаллий бозорда ишлайди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган қишлоқлик бир кишининг “Би-би-си”га айтишича, Шамсиддиннинг ўғли ҳам ўнлаб лоёбликлар қатори Россияга олти ой аввал ҳижрат қилган.

Шамсиддин бу қадамни қўйган минглаб одамлардан бири: кўплаб тожикистонликлар ўз ватанидаги паст маош ва юқори ишсизликдан қутулиш учун Россияга йўл олади. Тожикистон расмийлари ўтган йили Россияга 652 мингдан ортиқ одам кўчиб кетганини айтса ҳам, Россия расмийлари бу рақам миллионлаб бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Қишлоқ аҳолиси сўзларига кўра, Шамсиддин уч ойдан сўнг Россиядан Туркияга кетган, кейин март ойи бошида Россияга қайтган.

Улар ва мен қишлоқда гаплашган бошқа одамлар 25 ёшли бу йигит бундай «террор ҳужуми»ни амалга оширишига ишонмаяпти.

«Хавфсизлик кучлари уни шу қадар калтаклаган ва қийноққа солганки, у Лениннинг ўлими учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр», дейди менга Шамсиддиннинг сўроқ пайтидаги лавҳаларни интернетда кўргандан кейин қишлоқлик бир киши.

Россия хавфсизлик хизматлари тарқатган уч дақиқалик видеода аскар уни сочидан ушлаб, этиги билан бошини ерга босганда унинг қалтирагани кўринади. Рус тилида гапирган Шамсиддин 500 минг рубль эвазига Москва қирғинини амалга оширганини айтади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳужумни «шармандали ва даҳшатли воқеа» деб атади ва ўз халқини болалар ва ёшларни радикал гуруҳлар таъсиридан ҳимоя қилишга, «тожик миллатининг яхши номига доғ тушишига» йўл қўймасликка чақирди.

«Исломий давлат» гуруҳи қирғин учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва “Би-би-си” томонидан текширилган ҳужум видеоси тасвирларини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, жиҳодчиларга Ғарб ва Украина разведкаси ёрдам берган. Украина бу даъволарни рад этди.

Раҳмон якшанба куни Путин билан телефон орқали гаплашиб, ҳужумни қоралаб, Россия президентига: «Террорчиларнинг миллати, ватани ва дини йўқ», деди.

 

Ҳужумнинг тожиклар учун оқибатлари

 

Россияда ишлаётган Тожикистон фуқаролари жума кунги ҳужумдан кейин жиддий муаммоларни бошдан кечира бошлаган.

Москвадаги бир тожик меҳнат муҳожири менга ўз ҳудудида қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилаётганини ва полиция осиёлик юзли одамларнинг ҳужжатларини текшираётганини айтди. Ҳужжатлари бўлмаганлар депортация қилиниши хавфи бор.

У келажакдан хавотирда. «[Ҳужумни] уюштирганлар Тожикистон фуқаролари эканлиги аниқланган, бу Россиянинг тожикларга нисбатан беписанд муносабатини кучайтириши мумкин».

Тожикистондаги деярли ҳар бир оилада Россияга ишлаш учун кўчиб келган бир ёки бир неча аъзо бор. Тожик муҳожирлари уйларига жўнатган пуллар Марказий Осиёнинг митти, қашшоқ республикаси иқтисодиётини барқарорлаштирувчи муҳим омил сифатида кўрилади ва бу Тожикистондаги минглаб оилалар ҳаётига таъсир қилиши мумкин.

40 ёшли қурилиш ишчиси Ираж Ашуров икки укаси ва уларнинг ўғиллари билан ишлаш учун Россияга тез-тез бориб туради. У яқинда Тожикистондаги оиласини кўриш учун уйига қайтган, бироқ жума кунги ҳужумни ҳисобга олиб, Россияга қайтишга иккиланиб қолган.

«Мен бир ой олдин Россиядан қайтдим ва яна Москвага боришни режалаштиргандим, лекин яқинда Москвадаги воқеадан кейин укаларим тақдиридан хавотирдаман, – дейди Ашуров “Би-би-си”га. – Одатда, бундай ҳолларда мигрантларга босим кучаяди».

Россиялик сиёсатчи, Владимир Путиннинг асосий сафдоши Сергей Миронов «миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш» учун Марказий Осиё давлатлари аҳолиси учун визасиз сафарни бекор қилишни таклиф қилди. Унинг фикрича, Россия ҳукумати террорчилик ҳужумларига қарши туриш учун миграция жараёнлари устидан назоратни кучайтириши керак.

 

«Исломий давлат» тожикларни қандай қилиб ўз сафига олади?

 

Сўнгги йилларда ИД сафига қўшилган тожикистонлик фуқароларнинг аксарияти Россияда ижтимоий тармоқлар ёки Telegram каби мессенжер иловалари орқали ёлланган меҳнат муҳожирлари бўлиб, ИДнинг сўнгги ҳужумларига алоқадорликда айбланаётганларнинг баъзилари ижтимоий тармоқлар орқали пул ваъдаси билан мурожаат қилишганини тан олишган.

Тожикистон ҳукумати билдиришича, 2014-2016 йилларда гуруҳ кучайган пайтда «Исломий давлат» сафига қўшилган 2000 нафар фуқаронинг аксарияти Россияда ёлланган.

Душанбеда жойлашган Афғонистон тадқиқотлари маркази раҳбари Қосим Шоҳ Искандаровнинг фикрича, Марказий Осиё давлатларидан борган меҳнат муҳожирлари радикал гуруҳлар томонидан ёлланишга кўпроқ мойил.

У тожикистонликлар ҳам, руслар ҳам визасиз саёҳат қилишлари мумкин бўлган Туркия яқинда ИД логистика маркази сифатида муҳимлигини таъкидлайди.

Меҳнат муҳожирлари Россияга киргандан кейин уч ой ичида яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олишлари керак, бу эса тахминан 430 доллар (40 минг рубль) туради. Айрим муҳожирлар Россиядан Туркияга уч ойлик муддат тугамасдан чиқиб кетишади ва пул тўламаслик учун Россияга қайта киришади.

Жаноб Искандаров «Исломий давлат» (ИД) гуруҳининг асосий базаси Афғонистон бўлиб, у ерда кўплаб тожикистонликларнинг мияси ювилган, деб ҳисоблайди.

 

Афғонистоннинг роли

 

Тожикистон жанубда Афғонистон билан чегарадош ва, ҳисоботларга кўра, 2021 йил августида Толибон ҳокимиятга қайтганидан сўнг Афғонистонда ИД ва Ал-Қоида каби ташкилот ва гуруҳларнинг ҳозирлиги ортган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг сўнгги ҳисоботида айтилишича, Афғонистонда террорчи гуруҳлар ҳамон кўп экан, минтақа хавфсизлигига путур етказувчи омил сифатида қаралаверади.

Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ), Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон (яқинда аъзолигини тўхтатган) ва Тожикистонни ўз ичига олган ҳарбий блок ўтган ойда ИД жангарилари сони Тожикистоннинг жанубий чегараларида ортиб бораётганини маълум қилди.

Ташкилотга кўра, бу гуруҳлар учун ўқув лагерлари тармоғи ҳам кенгайиб бормоқда ва уларнинг аксарият хорижий жангарилари Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош шимолий вилоятларида жамланган.

 

Суҳроб Зиё,

Би-би-си Форс хизмати

мухбири

Дўстларингизга ҳам юборинг: