Жиззахда маст ҳолдаги «Nexia 2» ҳайдовчиси уриб юборган 20 ёшли йигит вафот этди
Фориш туманида маст ҳолда бўлган Nexia 2 ҳайдовчиси йўл четидаги 20 ёшли пиёдани уриб юборди. Ҳайдовчи жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатмай воқеа жойидан қочиб кетди, йигит шифохонада вафот этди. Марҳум Миллий гвардия ходими бўлган.
19 март куни соат 21:15 атрофида Жиззах вилояти Фориш туманида маст ҳолдаги ҳайдовчи пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, туманнинг «Эгизбулоқ» маҳалласида 45 ёшли ҳайдовчи Nexia 2 машинаси билан ҳаракатланиб келиб, йўл четидан кетаётган 20 ёшли пиёдани уриб юборган. Сўнгра жабрланувчига биринчи ёрдамни кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган.
Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олган. Уни ўша ерда бўлган ҳамкасби шифохонага олиб борган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан йигит вафот этган. Ҳалок бўлган йигит Миллий гвардия ходими бўлган.
Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи айбланувчи тариқасида ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.