Тожикистонда Москвадаги терактга алоқадор 9 киши ҳибсга олинди

Тожикистонда Москвадаги терактга алоқадор 9 киши ҳибсга олинди

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жорий ҳафтада “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этишда гумон қилинганлар ҳамда ИШИДнинг Хуросон гуруҳига алоқадор деб ҳисоблаган тўққиз кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Тожикистон хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.

“Тўққиз кишининг барчаси душанба куни Вахдат шаҳрида қўлга олиниб, пойтахт Душанбега олиб келинган”, дейилади манбада.

Маълумотларга кўра, 26 март куни россиялик терговчилар «Крокус Сити Ҳолл»даги ҳужумда гумон қилинган тўрт кишининг оила аъзоларини сўроқ қилиш учун Тожикистонга етиб келган. Тожикистон хавфсизлик кучлари оилаларни Вахдат ва Ҳисор шаҳарлари ҳамда Рудакий вилоятидан пойтахт Душанбега олиб келган.

Манбаларга кўра, “Крокус”даги теракт бўйича Тожикистондаги тергов ҳаракатларининг бориши давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг “шахсий назорати” остида.

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Москванинг Басманний суди «Крокус» иши бўйича қўлга олинган Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсиддин Фаридун ва Муҳаммадсобир Файзовни (Тожикистон фуқаролари) 22 майгача ҳибсга қолдиришга қарор қилинганди. Кейинчалик яна уч киши – Аминчон, Диловар ва Исроил Исломов (ота ва бола)лар қуролли ҳужум уюштиришда фойдаланилган Renault автомобилини сотишда гумонланиб ҳибсга олинди. Шунингдек, теракт иштирокчиларига квартирани ижарага берганликда айбланаётган Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси Алишер Қосимов ҳам ҳибсга олинди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: