Арманистон Ғазо аҳолисига қарийб 30 тонна гуманитар ёрдам юборди
Арманистон Ғазо секторига салкам 30 тонна гуманитар ёрдам пакетини тайёрлади. Лойиҳа ҳукумат йиғилишида Ички ишлар вазири ўринбосари Арпине Саркисян томонидан тақдим этилган. Бу ҳақда «Арменпресс» нашри маълум қилди.
«Гуманитар ёрдам озиқ-овқат ва дори-дармонларни ўз ичига олади. Бунинг учун консервалар, қуруқ овқатлар, антибиотиклар, тиббий эритмалар ажратилди. Жами инсонпарварлик ёрдами 29,94 тоннани ташкил қилади», деган ИИВ раҳбари ўринбосари.
У республика Мудофаа вазирлиги Миср орқали инсонпарварлик ёрдами жўнатишини маълум қилган. Бу ҳақда икки давлат ҳукуматлари Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг март ойи бошида Миср Араб Республикасига ташрифи чоғида келишиб олган эди.
Пашинян логистик муаммоларга қарамай, Ғазо аҳолисига гуманитар ёрдам етказиш учун Миср ҳукуматидан ёрдам олганини билдирган. У 5-6 март куни Мисрга ташрифи чоғида Ғазо аҳолисига юк етказишда ёрдам бериш учун шундай келишувга эришилганини таъкидлаган.
Арманистоннинг Мисрдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, гуманитар ёрдам 28 март куни Қоҳирага етиб борган. Арманистон элчиси Грачя Поладян инсонпарварлик карвони бир ёки икки кунда фаластинликларга етиб боришини маълум қилган.