Болалар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
Боланинг соғлом улғайиши алоҳида парвариш ва эътиборни талаб қилади. Айниқса, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб камолга етишида тиббиёт мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатлари жуда муҳим.
Шу сабабли жорий йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оила шифокорлари ва патронаж ҳамширалари учун алоҳида қўлланмалар тайёрланиб, тиббиёт муассасаларига етказилди.
️ — Мазкур китобчадан ҳар бир ёш тоифасидаги ўғил-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш учун мақсадли тиббий кўрикларни қачон амалга ошириш белгиланган, — дейди Мирзо Улуғбек туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Севара Хусанова.
— Хусусан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолияти доирасида янги туғилган чақалоқларнинг ҳолати туғуруқхонадан чиққанидан сўнг 3 кун ичида ва 15 ҳамда 30 кунликда оила шифокори ва патронаж ҳамшираси томонидан кузатиб борилади.
Ҳар ойда 1 марта боланинг бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси, ВБИ (вазн-бўй индекси) ҳамда психомотор ривожланиши аниқланади. 2 ойликда эса чақалоқ невропатолог ва ортопед каби тор соҳа мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилади.
Шунингдек, гўдак саломатлиги йилда 4 марта, яъни 3, 6, 9 ва 12 ойликда, 2 ёшгача болалар эса йилда 2 марта, яъни 18 ойлик ва 2 ёшда патронаж ҳамшираси томонидан текшириб борилади.
1–3 ёшли болалар ҳар чоракда бир марта оила шифокори ва патронаж ҳамшираси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда боланинг бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси ҳамда ВБИ (вазн-бўй индекси) аниқланиб, керакли тавсиялар берилади.
Бундан ташқари, ҳар чоракда 1 марта уларнинг психомотор ривожланиши баҳолаб борилади ҳамда йилда 1 марта стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог ва педиатр каби тор соҳа мутахассислари томонидан мақсадли тиббий кўриклардан ўтказилади.
3 – 5 ёшли болалар эса ҳар 6 ойда 1 марта тиббий кўрик билан қамраб олинади. Бунда уларнинг бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси ҳамда ВБИ (вазн-бўй индекси)ни аниқланиб, зарур ҳолларда ота-оналарга тиббий маслаҳатлар берилади.
️ Бу ёшдаги болалар саломатлиги, шунингдек 3, 4 ва 5 ёшда йилига 1 марта ҳамда эмлангандан кейин 3 кун ичида 1 марта патронаж ҳамшираси томонидан кузатиб борилади.
️ Қолаверса, ҳар 6 ойда 1 марта боланинг психомотор ривожланиши кузатилиб, йилда 1 марта стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог ва педиатр каби тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтади.
Режага кўра, 6 – 18 ёшли болаларнинг соғлиги йилда 1 марта оила шифокори томонидан текширилиб, саломатлик гуруҳларига таснифланади. Бунда уларнинг ҳам бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси ҳамда ВБИ (вазн-бўй индекси) ва психомотор ривожланиши кузатилади.
Шунингдек, уларнинг саломатлиги йилда 1 марта стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог ва педиатр томонидан текшириб борилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.