Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (53-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (53-қисм)

Малоҳат уни кеча кутганди. Йўлига интизор бўлганди. Ҳеч кимга кўрсатмай кўз ёш тўкканди. Ҳатто кўзларини чирт юмиб лабларига тишини босган ва лабларини қонатиб қўйганини сезмай ҳам қолганди. Бугун эса… Бугун кутмаётганди. «Бугун ҳам келмайди. Қишлоғига келди-ю, мени унутиб юборди. Бошқалар билан кўришишдан бўшамай қолган бўлса керак. Ҳамманинг оғзида у. Ҳа, раис ташкил қилиб берган тўйдан чиқиб бўлармиди? Артист ҳам келибди. Бошқалар-ку майли, отам ҳам бориб келди. Кўрмадим, деб келди. Бўлмаса, қидирибди. Бир-иккита одамдан суриштирибди. Лекин ҳеч ким топиб беролмабди. Йўқолиб қолган ёмон бола», деди охири Малоҳат.

Бугун у ухлаётганди. Кеча толиқибди. Аввалига худди Фазлиддиндай бўламан, деди. Ҳар бир дақиқамдан фойдаланаман, деди. Уйида дуч келган ҳамма ишларни қилиб кетаверди. Бомдод намозига турганидан кейин ухламади. Тонг ёришар-ёришмас сигирларни соғди. Улар иккита. Укалари яхши емиш берганидан ҳар бири ярим челакдан сут берди. Ҳалиям Малоҳат биттадан елинларини бузоқларга қолдирди. Бўлмаса, бундан ҳам кўп бўларди.

Кейин сигирларнинг тагларини чинни-чироқ қилди. Емишларини берди. Сутни қозонда пиширди. Ўчоқ зўр. Тагидаги майда чўпларга олов ёқишингиз билан чарсиллаб ёнишни бошлайди. Эшитиб турсангиз, шуям қандайдир роҳат беради… Ундан сўнг ҳовлини супурди. Энди қишлоқдаги уйларнинг ҳовлилариям ҳовлимисан-ҳовли-да…

Аммо уйидагилар уйғонмасдан туриб, Малоҳат уни ҳам охиригача супуриб бўлди… У ёғи нонушта тайёрлаш бошланди…

Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол. «Малоҳатга нима бўлди?» дейди ота-онаси. У илгари сира бунақа эмасди-ку. Шу Тошкентга бориб келганидан кейин бутунлай ўзгарган. Камгап. Узун кўйлак кияди. Шу саратонда бўйнига қўшиб рўмол ўрайди. Аввалига онаси ҳайрон бўлди. «Бу нима қилиқ? Одамнинг юрагини сиқиб юборяпсан, — деди. — Кўрганлар нима деб ўйлайди? Бу қизнинг бўйнидан яра-пара чиққан бўлса керак, дейди. Рўмолни фақат бошингга ўра, бўйнинг очиқ турсин», деди. Аммо Малоҳат кўнмади. Хадича опасидан эшитганларини гапириб берди. Кейин онасининг ўзига енгилгина танбеҳ ҳам берди. Танбеҳки, кўпроқ маслаҳатга, таклифга ётади. Буйруқдан, танқиддан узоқ.

— Аслида, — деди отаси қизининг гапларини эшитиб бўлганидан кейин, — энам раҳматли ҳам худди сенга ўхшаб рўмол ўрарди. Фақат унинг бошида иккита рўмоли бўларди. Майли, билганингни қилиб юр. Одамлар бир кун гапирар, икки кун гапирар, учинчи куни тиллари айланмай ҳам қолади.

Соли ака қизларининг юриш-туришлари тўғрисида уларнинг ўзларига ҳеч нима демайди. Ҳаммасини хотинига айтади. У Малоҳат тўғрисида сўради. Хотинидан эшитган гапларини мулоҳаза қилиб кўрди. Кейин индамай қўя қолди.

Соли ака раис уюштирган тадбирга ҳамкасблари билан бирга борди. Мактаб ўқитувчиларини раиснинг ўзи шахсан таклиф қилганди. «Келинглар, бир маза қилиб кетинглар», деди… Қиттай-қиттай бўлди. Соли аканинг икки юзи қизарди. Шу ҳолида уйига қайтиб борди. Аввал Малоҳатга дуч келди. Малоҳат отасининг ичиб келганини билиши билан қовоғини уйиб олди. Одатда, Соли ака ичса, сергап бўлиб қолади. Аввал дуч келган одамнинг калласини қотириб ташлайди. Бироқ Малоҳатга бундай қилолмади. Индамай уйига кириб кетди. Шу куни Малоҳат отаси ўтирган уйга умуман кирмади. Нега кирмаганлигини отаси билан Малоҳатдан бошқа ҳеч ким англамади.

— Тез жой тайёрланглар! — деди машинасининг ғилдирагини қўйиб бўлиб, қўлларини сочиққа артаётган Соли ака Фазлиддиннинг келаётганини кўриб.

Кейин ўзи Фазлиддиннинг истиқболига юрди. Кўришди. Тополмагани учун бироз ўпкалаган бўлди, сўнг уйга бошлади.

Суҳбат аввалгидай дарров қизиб кетди. Соли аканинг сўрайдиганлари кўп эди. Фазлиддин ҳаммасига эринмай жавоб берар ва зимдан Малоҳатни нигоҳи билан қидириб қўярди. Аммо у йўқ. Уни уйғотишмадиям. У қўшни хонада пишиллабгина ухлашда давом этаверди.

Бу ёқда эса устоз-шогирднинг суҳбати давом этарди.

— Анави Хонзодахонни маҳкам ушлаш керак, — деб қолди кутилмаганда Соли ака.

— Нимага? — деди ҳайрон бўлган Фазлиддин.

— Унақалар ҳамиша керак бўлади. Бизнинг ҳам кўнглимиз хотиржам тортади. Шундай танишлар бор, деймиз.

— Ҳимм. Битта нарсани сиздан сўрайман дейман-у, тилим бормайди.

— Бемалол сўрайвер.

— У сиздан бирор нима олганмиди?

Соли аканинг хаёлига бирдан берган беш юз сўми ва айни пайтда қилган ваъдаси келди.

— Йўқ, — деди бирдан, — сени жуда қаттиқ ҳурмат қиларкан. Шунинг учун ёрдам бераман деди. Ёрдам ҳам қилибди. Энди биз ҳам бунга жавобан бирор нима қилиб беришимиз керак.

— Пул берасизми?

— Берсам, олмаса керак. Бунинг ўрнига бирорта қўй-пўйни сўйиб, шундайлигича бериш керакми, дейман-да…

— Йўғ-э!

— Энди сенинг бундай нарсаларга ишинг тушмаган. Тушмасин ҳам. Аммо тушиб қолса, хизмат қилган одамнинг кўнглини олиб қўйишни унутмаслигинг керак.

— Қандай бўларкин?

— Зўр бўлади. Мана кўрасан, устозинг баттар сенга ёпишиб қолади.

— Лекин мен…

— Менга қара, уйини бериб қўйибди. Сендан бир сўм олмас экан. Ҳозирни қўйиб тур, бизнинг давримизда студентлар квартирада туришса, ойига йигирма беш сўмдан беришарди. Яна битта квартирада беш-олти кишилаб туришарди. Сен бўлсанг, бир ўзинг турибсан. Ўзинг хон, кўланканг майдон. Ҳамма шароит бор. Телевизор, музлаткич, иссиқ-совуқ сув дегандай. Мурватини бурасанг, газ ёнади. Бунинг устига, Саида билан Малоҳат ҳам яшаб келди. Уларданам бирор нима олмади.

— Ҳа, унда нимадир қилиш керак экан.

— Қиладиган нарсангни айтдим сенга.

— Унда ўша ёқдан бирорта қўйни олиб, қассобларга сўйдириб, сизнинг номингиздан ўзим олиб бориб бераман.

— Бўлмайди. Мен ўзим боришим керак. Бундай қиламиз. Саиданинг ўқиши бошланишидан ҳафта-ўн кун олдин бораман. Уни ётоқхонага жойлаштирамиз. Кейин иккаламиз қўй бозорига чиқамиз-да, битта яхши қўчқорни сотиб оламиз. Ана ундан кейин сен айтгандай қилиб олиб бориб берамиз.

— Хўп, — деди Фазлиддин бош ирғаб ва яна одатдагидай Малоҳатни қидирди.

Энди Малоҳат уйғонди. Уни Саида уйғотди.

— Тур, химигинг келди, — деди.

Ҳали кўзи юмуқ Малоҳатнинг лабларида табассум пайдо бўлди. Сўнг у бирдан бошини кўтарди.

— Қани?! — деди ҳаяжон билан.

Саида кулиб бошини қимирлатди.

— Нариги уйда отам билан гаплашиб ўтирибди. У келгандан бери ош ҳам пишди. Шу ошни ўзинг олиб кир. Бўлмаса…

— Хўп, — деди Малоҳат у гапини охирига етказмасдан ва турди-ю, кийимларини тартибга келтирди, рўмолини бошқатдан ўради. Бир хаёл бошқа кийимини киймоқчи ҳам бўлди. Аммо уялди. Опасидан, уйидагилардан уялди. Фазлиддиннинг келишига посон бўлиб олибди, дейишларидан чўчиди.

Саиданинг эса биринчи марта ростакамига синглисига ҳаваси келди. «Севиш, севилишнинг бундан ортиғи бўлмайди», деди.

Малоҳат ташқарида шоша-пиша юзини ювди, кейин ошхонага кирди. Дарҳақиқат, онаси энди ошни сузаётган экан.

— Бугун яхши ухладинг, — дея онаси унга қараб қўйди.

— Ҳа, сал чарчабман, шекилли.

— Темирмассан-ку, чарчамай. Турганингда тонг ҳам отмаганди. Келганингдан бери шундайсан. Сени олиб бориб бир ўқитиб келиш керак. Бир нарсани орттирганга ўхшайсан, — деди онаси.

— Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ўзим бир кучимни синаб кўрмоқчиман.

— Фазлиддиндан ўрнак оляпсанми? Отанг уни ухламаса керак деди.

— Йў-ў-ў-қ, нега?

— Ўғил бола билан тенг келиб бўлмайди. Бўпти, дарров ошни олиб кир. Саида қаерга кетди ўзи?

— Хонамизда. Беринг, — деб Малоҳат лаганни қўлига олди.

Она қизига зимдан қараб олди. Чунки Малоҳат қандайдир ҳаяжонланаётганга ўхшади унинг назарида. Аслида ҳам шундай эди. Кутгани роса кутган пайти келмай, кутмаганида уйида пайдо бўлиб қолиши қизгинанинг бошини айлантириб қўйган эди-да…

Малоҳат жилмайиб эшикдан кириб борди. Ота ҳам, йигит ҳам бирдан унга қаради.

— Менга қара, — деди шу заҳоти Соли ака, — бу Малоҳатнинг Хадича опаси қанақа аёл ўзи?

Кутилмаганда берилган бундай савол Фазлиддинни бироз довдиратди. Малоҳатнинг юзидаги табассуми йўқолди.

— Яхши, — дея жавоб берди дарров ўзини қўлга олган Фазлиддин.

— Малоҳат Тошкентдан бунчалик ўзгариб келади, деб ўйламагандим.

Малоҳат бирдан қизарди. Қўлидаги лаганни эртароқ дастурхонга қўйиб, чиқиб кетишни истади. Бироқ ўтирганларнинг бирортаси у томонга қўлини чўзмади.

— Агар, — деди Фазлиддин, — рўмолини айтаётган бўлсангиз, менимча… Менимча эмас, хотин-қизларга шундай деб буюрилган. Бекоргамас. Қуёш нури одамнинг танасини жуда тез қаритаркан. Бу фанда исботланган… Шунинг учун бир хил ёшдаги шаҳарликлар билан қишлоқликлар бир-бирларидан фарқланиб қолишади.

Фазлиддин дарров Малоҳатнинг ёнини олганидан қизгинанинг юзи ёришди. У миннатдор бўлиб Фазлиддинга қараб қўйди.

— Ҳимм, бунисини мен эшитмаган эканман, — деди Соли ака ва қизининг қўлидаги лаганни олди.

Фазлиддин: «Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Рўмол, узун кўйлак қиз болани бегона кўзлардан асрайди», демоқчи ҳам бўлди-ю, аммо уялди.

Малоҳат ўзида йўқ хурсанд эди. Унинг нигоҳи Фазлиддинники билан бир лаҳзагагина тўқнаш келди. Кейин ҳар иккиси ҳам кўзини олиб қочди. Ҳар иккиси ҳам бир-бирига термилиш мумкин эмаслигини яхши билар эди. Ҳар иккисининг ҳам билими бор эди. Агар бўлмаганида… Ахир улар қанчалик соғинишганди. Кўришмаганларига бор-йўғи беш кун бўлди. Бироқ шу беш кун худди беш йилдай узоқ туюлди. Бунақа пайтда йигит билан қиз бир-биридан айрилолмай қолади…

Малоҳат кейинги сафар чой олиб келди. Кўк чой. Кўк чой ош билан яхши кетади. Ана шу пайтда Фазлиддин унга эшиттириб:

— Кетмоқчи бўлиб юрибман, — деди Соли акага.

— Нега? Дам олиб юрмайсанми? — дея сўради Соли ака.

— Дарс олмасам бўлмас экан. Жуда кўп китоб олиб келганман. Лекин уларни тушунишим қийин бўляпти. Инглиз тилидан оқсаяпман. Шунинг учун кетмоқчиман. Лекин буни ҳали уйдагиларгаям айтганим йўқ, — деб жавоб қилди Фазлиддин.

— Бир ҳисобдан тўғри қиласан. Бу ерда жа сенга қиладиган иш ҳам йўқ. Кейин зерикишинг ҳам мумкин. Мақсадинг ўқишми? Кет!

Отасининг гапи Малоҳатни ларзага келтирди. «Мен-чи, мен нима қиламан? Бу кишим кетиб қолса, қийналаман-ку», дея хаёлидан ўтказди у ва секин чиқиб кетди. Тўғри ўзининг хонасига кирди. У ерда Саида ўтирарди.

— Ҳа, нима бўлди? — дея сўради у қовоғи солиқ ҳолда кирган синглисига.

— Химик кетаркан.

— Шунга нима?

— Ҳеч нима.

— Кетса, яна келади. Шунга шунчами?

— Тошкентга кетаркан.

— Отамни кўндираман.

— Нимага?

— Мен билан бирга Тошкентга боришингга.

Малоҳатнинг юзида шу заҳоти табассум пайдо бўлди.

— Ўзи Хадича опадан сўрайдиганларим бор эди. Қуръон ўқияпман. Лекин зер-забарини жой-жойига қўёлмаяпман, деб қўрқяпман. Ўқишимни унга бир эшиттиришим керак…

— Бўлди, билдим. Борасан…

Саида анчадан бери илк бора синглисини эркалаб қучди.

— Сенга ҳавасим келади, — дея пичирлади.

— Нимага? — деди Малоҳат гўё ҳайрон бўлиб.

— Нимагалигини ўзинг яхши биласан. Ишқилиб, бахтинг бутун бўлсин, синглим!

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: