Ана холос! Тошкентда 12 ёшли бола дўкондан 49 млн сўмлик тилла буюмларни ўғирлаб кетди
Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга Олмазор туманида яшовчи фуқаро М.С. томонидан мурожаат келиб тушган. Унга кўра фуқаро, ўзи сотувчи бўлиб ишлайдиган, “Эски Жува” бозорида жойлашган заргарлик дўконига 28 апрель куни номаълум аёл ўсмир бола билан келгани ва заргарлик буюмларини узоқ вақт кўриб, 49 миллион сўмлик тилла буюмларни танлагани ҳамда сотиб олиш истагини билдириб қўлига олган ҳолда ўғлига бергани, ўғли эса дарҳол номаълум томонга қочиб кетгани ҳақида маълум қилган.
Дастлабки суриштирувлар натижасида ушбу аёл Қўқон шаҳрида яшовчи 49 ёшли Х.Г. экани, ёнидаги ўсмир эса унинг 12 ёшли ўғли И.А. экани аниқланган.
Олиб борилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида Миллий гвардия ходимлари томонидан воқеа жойидан қочиб кетган вояга етмаган бола қўлга олиниб, қимматбаҳо буюмлар ўрнатилган тартибда ўз эгасига қайтарилган.
Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.