Зеленскийга суиқасднинг олди олингани маълум қилинди

Зеленскийга суиқасднинг олди олингани маълум қилинди

Украина хавфсизлик хизмати ўз ходимлари Президент Владимир Зеленский ва мамлакатнинг бошқа юқори мартабали раҳбарларини ўлдириш режасини фош қилгани ҳақида маълумот берди. Украин махсус хизматлари суиқасдни тайёрлашда Россия ҳукуматини айблаган. Бу ҳақда ББС News хабар берди.

Украинада Россия махсус хизматларининг кўрсатмалари билан Президент Владимир Зеленский, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк, Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ва бошқа юқори лавозимли амалдорларга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўраётган бир неча шахс қўлга олинди.

Хабар берилишича, қўлга олинганлар орасида Украина Хавфсизлик хизматининг икки нафар полковниклари ҳам бор.

Терактнинг потенциал ижрочиси ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходими ўртасидаги суҳбатлар ёзиб олинган», дейилади хабарда.

Украина давлат қўриқлаш бошқармасининг гумондор ходимларидан бири кўрсатма бераётгани акс этган кадрларга кўра, унга бундай одамларни излаб топиш вазифаси 2022 йил феврал-март ойларида қўйилганди. Видеоёзувда бу шахс анча олдин, 2014 йилги воқеалардан кейин Россия махсус хизматлари томонидан ёлланганига иқрор бўлади.

Украина бош прокурори офиси ўз телеграм-каналида ёзишича, гумонланувчилар Украина давлат қўриқлаш бошқармасидаги хизмат чоғида «пул эвазига РФ ФСБ вакилларига Украинага қарши қўпорувчилик фаолияти амалга оширишда ихтиёрий ёрдам кўрсатишган».

Украина хавфсизлик хизмати тасдиқлашича, Будановни Пасхагача ўлдириш режалаштирилган ва суиқасд режаси қуйидагича бўлган: «аввалига ёлланган жосус қўриқланаётган одамнинг қаерларга боришини кузатиши ва душманга бу ҳақда маълумот етказиши», кейин эса «ушбу амалдор бўлиб турган уй координаталари бўйлаб ракета зарбаси берилиши» керак эди.

Бунинг ортидан зарба жойида турган одамлар устига дрон зарбаси берилиб, бунинг ортидан яна бир ракета учиб келиши лозим бўлган.

Аввалроқ Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Буданов унга қарши ўнга яқин суиқасдлар тайёрлангани, хусусан, 2023 йил охирида унинг рафиқаси заҳарлангани ҳақида айтиб берганди.

Яқинда Буданов BBC билан интервюда унга ҳозир ҳам суиқасд режалаштирилаётгани, аммо ташкилотчилар ҳеч нарсага эриша олмаслигини айтганди.

“Бизни қийин давр кутмоқда аммо Украина ютқазмайди”– дейди Буданов.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: