Россияда рэпер Оксимирон қидирилмоқда

Россияда рэпер Оксимирон қидирилмоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги рэпер Оксимиронни (“хорижий агентлар” реестрига киритилган Мирон Федоров) қидирмоқда. “Медиазона” мусиқачининг картаси қидирувдаги шахслар маълумотлар базасида (шунингдек, “хорижий агентлар” реестрида) пайдо бўлганига эътибор қаратди, деб хабар беради BBC.

Картада рэпер жиноятда айбланиб қидирилаётгани айтилади, бироқ унда қайси жинояти учун эканлиги айтилмаган.

Оксимиронга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

ТАСС агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, рэперга нисбатан “хорижий агент” талабларини бузганлиги учун иш қўзғатилганини ёзди (Оксимирон исми 2022 йил октябрь ойида “хорижий агентлар” реестрига киритилган).

Бир йил давомида икки марта маъмурий модда билан жавобгарликка тортилгандан кейин ушбу моддада кўрсатилган жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Оксимироннинг ўзи Россия расмийлари уни нима учун қидираётганига ҳали изоҳ бермаган.

2023 йил октябрь ва август ойларида Санкт-Петербургнинг Куйбишев суди Мирон Федоровни (паспортдаги исм) 40 ва 50 минг рубль миқдорида жаримага тортди.

Август ойида “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги постида “хорижий агент” эканлигини кўрсатмагани учун, октябрда эса Россия Адлия вазирлигига расмийлар “хорижий агентлардан” талаб қилган ҳисоботни тақдим этмагани учун ҳибсга олинган эди.

2023 йил бошида Санкт-Петербургнинг Октябрь суди ҳам Оксимиронни “Ойда” трекида сепаратизмга чорлагани учун маъмурий иш бўйича 70 минг рубль жаримага тортди.

Аввалроқ, 2022 йил охирида Санкт-Петербургнинг Ленин суди Оксимиронга армияга “туҳмат” қилгани учун 45 минг рубль миқдорида жарима солганди.

Бунга мусиқачи февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганида эълон қилган урушга қарши видеолавҳа асос қилиб олинган.

Ҳужумдан кўп ўтмай, Оксимирон чет элга чиқиб, Украинани қўллаб-қувватлаш учун бир қатор хайрия концертларини ўтказди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: