Санкт-Петербургдаги дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси икки ойга ҳибсга олинди

Санкт-Петербургдаги дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси икки ойга ҳибсга олинди

Санкт-Петербургдаги Октябр райони суди 10 май куни Мойка дарёсига тушиб кетган автобус ҳайдовчиси Раҳматшоҳ Қурбоновни 9 июлга қадар ҳибсга олди. У эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузишда айбланмоқда.

Қурбонов маҳаллий вақт билан эрталабки соат саккизларда йўналишга чиққан. Уч соат вақт ўтганидан кейин у автобус тормозидаги носозликни пайқаб қолган. Ҳайдовчининг айтишича, автобус дарҳол тўхтамаган — фақат қўшимча бир неча метр юрганидан кейин тўхтаган.

Тергов қўмитасининг маълум қилишича, автобус ҳайдовчисидан ташқари одамларни ташиш хизматини кўрсатган “Такси” МЧЖ автоколоннаси бошлиғи ушланган. Унинг шахси очиқланмаган.

«Лавозимига кўра, ушбу шахс меҳнат ва транспорт интизоми, жумладан, “Такси” МЧЖда ишловчи ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилишга масъул бўлган. Тергов маълумотларига кўра, дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси бир неча кун мобайнида зарур дам олиш вақти берилмаган», — дейилади Тергов Қўмитаси пресс-релизида.

10 май куни кундузи Петербургда йўналишли автобус Поцелуев кўпригидан Мойка дарёсига қулаган, натижада етти киши ҳалок бўлганди. Тергов қўмитаси иккита жиноий иш қўзғатган: икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳақидаги модда (РФ ЖК 264-моддаси 5-қисми, максимал жазо — етти йилга озодликдан маҳрум этиш) ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш ҳақидаги модда бўйича (РФ ЖК 238-моддаси 3-қисми, максимал жазоси — ўн йилга озодликдан маҳрум этиш) бўйича. Тергов доирасида автобус ҳайдовчиси икки йил муқаддам Россия фуқаролигини олган 44 ёшли тожикистонлик Раҳматшоҳ Қурбонов қўлга олинганди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: