Даврон Эргашев Шерзод Бин сабаб ўғлини Америкада уйлантирганини биласизми? (видео)

Даврон Эргашев Шерзод Бин сабаб ўғлини Америкада уйлантирганини биласизми? (видео)

Хонанда Даврон Эргашев “Демократ.uz” YouTube каналига берган интервьюсида ўғлини Америкада уйлантириш, қиз танлаш жараёни қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди.

— 20 йилдан бери Америкага бориб-келиб юраман. Сайёҳ сифатида асосан. Бу сафар фарзандларим учун ўша ерда яшадим. Шу борганимда ўғлимни уйлантиришга ҳам улгурдим. Биз АҚШнинг Пенсилвания шаҳрида яшаймиз. Келинимиз эса Американинг нариги чеккасида — Калифорниянинг Сакраменто шаҳридан. Ўзи асли тошкентлик, Юнусобод туманидан. Келин қилишимиз ҳам роса қизиқ бўлди. Ўғлим иккаламиз Америкага бориб, оиламиз учун шароит қилиб, кейин уйдагиларни олиб кетишни режалаштиргандим. Ўғлимни уйлантириш хаёлимда ҳам йўқ эди. Шундай пайтда актёр укамиз Шерзод Бин: “Ака, ўғлингизга, оилангизга мос бир қиз бор”, деб қолди. Унчалик эътибор бермадим. Чунки ўғлим ҳали 20 ёш, ҳеч бўлмаса 24 ёш бўлсин, деб ўйлаб юрардим. Бир куни укам “Шерзоднинг гапига эътиборсиз бўлдингиз, шу қизни қўлдан чиқармайлик”, деб қолди. Шу гап билан ўғлимни олиб, қизнинг оиласи билан гаплашиб Калифорнияга совчиликка бордик. Ёшлар бир-бирини кўрди. Бир-бирига маъқул бўлди. Уйдагиларни чақирдим, шу билан тўй бўлиб кетди. Шерзод Бин сабаб бўлди.

Ўғлим футболчи. Шу ерда ҳам кичкиналигидан “Бунёдкор” футбол клубида ўйнаган. Ҳозир ҳужжатлари чиққунча “Uber”да ишлаб турибди. Ҳужжатлари чиққач, “Oрландо Cити” футбол клубида ўйнашни бошлайди.

Хонанда шунингдек, Америкада ҳайдовчиларнинг маданиятига қойил қолгани ҳақида ҳам гапириб ўтди.

— Мен ўзимизни ёмонламоқчи эмасман. Лекин Америкада ҳайдовчиларнинг маданиятига қойил қолдим. Ҳамма қоидага амал қилиб, чизиқларга қараб ҳайдайди. Сигнал овозини умуман эшитмайсиз. Америкадаги апартаментимиз катта йўл устида жойлашган. Кичкина ўғлим уйнинг олдида футбол ўйнаётганида гоҳида копток йўлга чиқиб кетади. У коптогини олгунича машиналар тўхтаб, кутиб туради. 20-30 та машина бўлиб кетса ҳам ҳеч ким сигнал бермайди. Мана, ҳозир Тошкентга қайтиб, кўчада юрибман. Йўллардаги вазиятга ҳеч кўника олмаяпман. Ҳайдовчилар ҳар томонимдан сиқиб ўтиб кетишларини ҳазм қилолмаяпман.

Лекин америкаликларнинг ҳам бизга ҳавас қиладиган жойлари бор. Масалан, қўлимизни ювиб, кейин овқатланишимиз ёки таомланиб бўлгач, дуо қилиб дастурхондан туришимизга улар ҳавас қилади.

Даврон Эргашев Америкада нима иш билан тирикчилик қилаётганига ҳам ойдинлик киритди.

— Америкада тўйлар Ўзбекистондагидек кўп эмас. Шунинг учун ўша ерда тадбиркорлик қилаётган укаларимиз ресторан ёки кафесини реклама қилиб беришимни сўради. Суммасини келишиб, рекламага тушиб бердим. Кўпчилик ўша видеодан кейин мени пиццахонада ишлаяпти, деб ўйлаяпти. Аслида эса бу шунчаки реклама эди. Тўйларга ҳам чақириб туришибди. Масалан, Нью-Жерси штатига ашаддий мухлисларимдан бири тўйга чақирди. 1 соатга 1,5 минг долларга келишиб бордим. Улар “Марио”ни яхши кўраркан. Шу қўшиқни 6 мартача айтиб бердим. Тўйдан 10 минг доллардан ортиқ пул тушди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: