Ҳатто норозилик намойишларига сабаб бўлаётган масала

Ҳатто норозилик намойишларига сабаб бўлаётган масала

Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси жорий йилнинг 13 май куни “Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи – охирги ўқишда маъқуллади. Депутатларнинг айтишича, лойиҳа “яшин тезлигида” қабул қилинган – уни кўриб чиқишга бир дақиқа ҳам кетмаган.

Мухолиф сиёсий фракция депутати Хатия Деканоидзенинг айтишича, мухолифат ушбу йиғилишда иштирок эта олмаган.

 

“Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун кучга кирса, даромадининг 20 фоиздан кўпроғи хориждан молиялаштириладиган ноҳукумат ташкилотларнинг “хорижий таъсир остидаги агент” сифатида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади.

 

Таъкидлаш керак, шунга ўхшаш қонун (121-Федерал Қонун) 2012 йил 20 июлда Россия Давлат думаси томонидан қабул қилинган бўлиб, у “Нотижорат ташкилотлар ҳақида”ги қонунга айрим тузатишлар киритишни назарда тутади. Тузатишларга кўра, “хорижий агентлар” Россия Адлия вазирлигида махсус рўйхатдан ўтиши ва ОАВларда материал эълон қилганида “Материал хорижий агент томонидан чоп этилди” деган изоҳ қўшган ҳолда ўз мақомини кўрсатишга мажбур. Шунингдек, улар фаолиятига бошқа чекловлар ва камситишлар ҳам татбиқ этилиши мумкин. 2017 йил 25 ноябрда эса Россияда айрим ОАВларга ҳам шундай мақом бериш кўзда тутувчи 327-Федерал Қонун қабул қилинган.

 

Мазкур қонунларга кўра, Россия Адлия вазирлиги хорижий шахслар ёки ташкилотлар томонидан бевосита ёки Россия юридик шахслари воситасида молиялаштириладиган ёки мол-мулк оладиган ҳар қандай ОАВни “хорижий агент ОАВ” деб эълон қилиши мумкин. Бундай “хорижий агентлар” улар зиммасига юклатилган мажбуриятларга кўра, нотижорат-хорижий агентларга тенглаштирилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: