Биз ракеталардан ҳам тез учаяпмиз!.. Ишонмасангиз ўқинг!..

Биз ракеталардан ҳам тез учаяпмиз!.. Ишонмасангиз ўқинг!..

Барака йўқ…
Қурилиш қилиб, бозорга бордим. Тахта бозор. Усталар “5*3 река керак”, деди. Бозордан река қарадим. Нархи 5500 сўм экан. Бир сотувчи айтди “ака, сизга 5*3 керакми? Булар 5*3 дегани билан шунча чиқмайди. Мана…”, деб ўлчаб берди. Хақиқатда 4*2 экан. 5*3 олиш учун 6*4 деганидан олиш керак экан. Рози бўлиб, 6*4 олдим. Усталар бўйини 6 метрлик бўлсин деган эди. 6 метрлик сўрадим. “Мана”, деб дарров юклашни бошлади. Бирдан каллага фикр келиб қолди. “ука, метрни олинг”, дедимда ўлчадим. 6 метр деб сотилган река 5*70 экан. Хам энидан, хам бўйидан….
Усталар билан ғишт уришга шартнома қилдим. Ғиштни урганидан эмас, машинада келганидан санар экан. Зилда келган ғиштни эринмай доналаб санадим. 5000 та дейилган ғиштдан инсофлиги 300 та, стандарти беш юзта кам келар экан. Уста шуни билгани учун урганидан эмас, келганида хисоб олар экан. Хам машинада келганидан, хам устадан олиб ейсиз.
Усталар хаммаси “дом строй”га (қурилиш материаллари сотадиган катта дўкон) етаклайди. Усталар у ердан карта очиб олган. Пластикка ўхшаган. Уйни эгаси бориб савдо қилади. Устага ўн фоиз картасига пул келиб тушади.
Бир ака антифриз чиқардилар. Антифриз қоғозда ёзилгани каби -20 градус ва -40 градуслик чиқди. Бозордаги хамма махаллий антифриздан қиммат. Сабабини тушунмай, хамма антифризларни олиб келиб, -5 градус холодильникка қўйилган. Уч соатда ҳамма антифриз тахта бўлиб қолган. Ишлаб чиқарувчиларга холат видеога олиб юборилган. Хожи акалар парвойига хам олмаган.
Ўртоғим бензин заправкада ишлайди. Энг инсофлик заправка ўнига бир литр, қолганлари икки литр урар экан. “Мени билганим урмайдигани йўқ”, дейди. Хамма билар экан шундайлигини.
Бошқа бир танишимнинг иши порасиз, откатсиз битмас эмиш. Пора бермаса, давлат ташкилотлари олмас эмиш.
Уйфурушларга уйингизни сотмоқчи эканлигингизни айтасиз. Бўлди, нақдга ўзимиз оламиз, деб бахолайди. Табиийки, сиз қимматроқ нарх хохлайсиз. Уёғига тузоғига тушганингиз шу. Каналида эълон беради уйингиз сотилиши хақида. Сиз мижоз кутасиз. Уйингизни олмоқчи бўлган харидор уйфурушга телефон қилади. Уйфуруш у уй сотилганини, истаса, бошқа уй борлигини айтади. Сизга эса хамтовоғини жўнатади. Хамтовоқ уйингизни кўриб, дастлабки уйфуриш айтган нархдан анча паст бахо айтади. Шу тариқа учинчиси, тўртинчиси келиб арзон нарх айтаверади. Тоқатингиз тоқ бўлиб, биринчи айтган нархингизга ўзингиз олиб қўя қолинг, дейсиз. Хўп, дейди деб ўйлайсизми? Содда бўлманг. Энди уйингизни биров олмаётганини. Бошида берганда, майли, деб олишини, хозир эса яна беш юз ёки минг арзонга олиб қолишини айтади. Пул зарурлигидан рози бўлиб юборасиз. Бу приёмни хаммага хам қилмайди. Пул зарур, “пожар” деган одамлар “жирний” мижоз.
Ха, айтганча, Жума куни маклер акаларимиз ишлашмайди. Дам олиш куни.
Бозорда кабелчилар бор. Давлат муассасаларига, қурилиш объектларига сим сотишади. Улгуржи. Заводдан кабелни олиб, чўзишади. Хато эшитмадингиз. Эшилади. 2*2.5 кабель, 2*2 ёки ундан хам камроққа, метри кўпроққа айланади. Заводнинг қадоғини қайтадан қилиб, сизга беришади. Бутун бошли катта заводлар қуриб, кабель сотиб ётишибди. Цехда қилинган, бирортаси айтилган талабга жавоб бермайдиган кабеллар. Лекин тонналаб, навбатга қўйиб сотишади. Откат бор экан, кабель сотилаверади. Лекин Аввалгидай савдо йўқ. Барака йўқ экан.
Бу каби ишларнинг саноғи йўқ. Оддий сода бор. Совет давридан бери 500 гмлик қадоқда бўлар эди. Грами камайиб, камайиб, 250 гмга тушган. Билмаган “хақиқийси фалончида қиммат экан, мана бу арзон сотади”, деб олаверади. Ичи тўла бўладиган гугурт ярим бўлиб қолган. Сантиметрлаб, миллиграмлаб урилаверади. Камаяверади.
Цементга қум қўшаётганлар, сутга сув қўшаётганлар хеч кимга сир бўлмай қолган…
Дўстларингизга ҳам юборинг: