Буюк Британияда парламент сайловлари 4 июль куни бўлиб ўтади
Буюк Британияда умумий (парламент) сайловлар 4 июль куни бўлиб ўтади, деди бош вазир Риши Сунак Лондондаги Даунинг стритдаги қароргоҳига кираверишда.
«Бугун мен олий ҳазратлари (Чарльз III) билан парламентни тарқатиб юборишни ҳақида гаплашдим. Қирол бу илтимосимни қондирди. Умумий сайловлар 4 июль куни бўлиб ўтади», — дея Сунакнинг баёнотидан иқтибос келтиради BBC рус хизмати.
Сунак нутқида ўз ҳукуматининг «Буюк Британияда болалар учун яхши келажак яратиш»даги «ютуқлари» билан фахрланишини айтди. Шунингдек, у нутқида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришини глобал хавфсизликка таҳдид солаётганини эслатиб ўтди.
«Иқтисодий барқарорлик ҳар қандай муваффақиятнинг асосидир», — дея қўшимча қилди Сунак, Буюк Британия иқтисодиёти ҳамон ўсиб бораётганини ва инфляция нормал даражага қайтганини таъкидлади. Бош вазир оғир қарорлар қабул қилиниши керак бўлганда ҳалол бўлганини таъкидлади.
Сунак Кей Стармернинг Меҳнат партиясини танқид қилиб, келгуси бир неча ҳафта ичида ҳар бир овоз учун курашишини айтди. «Мен сизларга менинг раҳбарлигимдаги консерватив ҳукумат иқтисодий барқарорлигимизга хавф солмаслигини исботлайман», — дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, лейбористлар сайловга тайёр эканини билдирди. Стармер ўз мурожаатида бўлажак сайловнинг моҳияти «ўзгариш имконияти» эканини ва унинг «партияси Буюк Британияни меҳнаткашлар хизматига қайтаришни хоҳлашини» таъкидлади.
Буюк Британияда аввалги умумий (парламент) сайловлар 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган эди. Қонунга кўра, навбатдаги сайловлар мамлакатда 2025 йил 28 январдан кечиктирмай ўтказилиши керак. Бундан 25 кун олдин — 2024 йил 17 декабрдан кечиктирмай, мамлакат ҳукумати амалдаги парламентни тарқатиб юбориши керак.