Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (1-қисм)
Аббос ибн Обид кириб борганида отаси Обид ибн Азиз йиғлаб ўтирарди. Жойнамоз устида эди. Қиблага юзланган эди. Кафтлари дуога очилганди. Дуо қиларди-ю, йиғларди. «Парвардигори олам, биз гуноҳкор бандаларингнинг гуноҳларидан кечгин. Биз шўринг қурғурларни махфират қилгин. Бизнинг бир қилиғимиз, айбимиз, гуноҳимиз сенга маъқул келмаганидан юртимиз вайрон бўлишига қўйиб бердинг. Ҳар куни уйларимиз бомбалар портлашидан қулаб тушади. Ҳар куни ҳали ҳаёт нималигини билмаган, гуноҳу савобдан бехабар бўлган гўдакларимиз чирқиллаб жон беришади. Боласига кўксини тутган аёлларимиз авратларини, кўкракларини яширолмай нобуд бўлишади. Қанчадан-қанча алпқомат йигитларимизни тупроққа топширдик. Парвардигори олам, бизни махфират қилгин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилгин… Ё раббим! Ё раббим!!! Нажот бер, нажот бер!!!»
Аббос чўккалаб қолди. Кейин отасига қўшилиб йиғлашга тушди. Кўзидан дувиллаб ёш оқди. Аламидан лабини маҳкам тишлади. Отасининг сўзлари юрак-юрагига бориб қадалаверди… «Отажон, отажон! Илтимос, тўхтатинг, бошқа чидолмайман, ўзимни бир нима қилиб қўяман!» дея кўнглидан ўтказарди у…
Ниҳоят, Обид ибн Азиз юзига фотиҳа тортди ва бир муддат бошини эгиб ўтирганидан кейин эшик томонга ўгирилиб қаради. Уйнинг эшиги йўқ. Эшик ўрнида латта осиғлиқ. Эшик ортига бомба тушган ва уни бўлакларга бўлиб ташлаган. Шу куни уларнинг уйида ҳеч ким йўқ эди. Шу сабаб вояга етган тўрт ўғил ва эндигина ўн ёшни қаршилаган ширингина қўшни қизалоқ Дунё омон қолганди…
— Аббос, нима гап, ўғлим? — деди ота шоша-пиша кўз ёшини артаркан.
Аббос бошини кўтарди.
— Ота, бундай дуо қилаверсангиз, мен уйдан қочиб кетаман. Сиз ҳарбий одамсиз. Нега йиғлайсиз? — деди алам билан ютиниб қўйган Аббос.
— Эй, ўғлим, ҳарбийда юрак йўқми? Ҳарбий инсон эмасми?! Кўрмайсанми юртимизнинг аҳволини? Кундан кунга одамларимиз қирилиб кетяпти. Синонлар эса кучайиб боряпти. Биттасига бурнидан баландроқ гап айтиб қўйсак, ўнтамизни отиб ташлашади… Аммо биз — эр кишиларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмаяпти. Шундай экан, йиғламасдан нима қилай?
— Ота, мен уларни йўқ қиламан! Бирортасини ҳам тупроғимизда қолдирмайман…
— Ё насиб! Аллоҳ хоҳласа! Аслида, шунинг учун ҳам сени тайёрладим. Душман юртида ўқиб келдинг. Бунинг учун озмунча макр қилишимга тўғри келдими?.. Шайтондан кейин турадиган душманнинг ўзининг услубидан фойдаландим: исми шарифингни, яшаш манзилингни ўзгартирдим. Яна уларнинг орасида катта бўлдинг. Бундан ташқари, ҳарбий машғулотларнинг ҳаммасидан ўтдинг. Янги чиққан компьютер технологияларини мукаммал ўзлаштирдинг. Бундан ташқари, нишонни бургутдай аниқ кўрадиган бўлдинг. Албатта, оптика орқали… Энди икки километр наридаги сичқонларни қанчалик тезлик билан йўқ қилишинг қолди. Чаққонлик… Ягона аниқ бажаришинг керак бўлган иш… — дея Обид ибн Азиз ўғлига тикилди.
Ўғил эса бармоқларини бирма-бир қимирлата бошлади. Унинг икки кўзи кафтларига қадалган эди.
— Бугун чўлга чиқамиз, — деди ота ўғлининг қилиғини кузатаркан, — синаб кўрамиз. Бир лаҳзада бешта нишонни аниқ уришинг керак. Ва яна ўқ уларнинг жон чиқар жойларига тегиши ва улар тананинг ҳар хил жойларида бўлиши шарт. Қайси томондан ўқ узаётганингни, эгаллаган жойингни билгунларича сен қочиб кетишга улгуришинг керак. Акс ҳолда, ҳаётинг хавф остида қолади. Бу бизнинг ўн йилдан бери олиб бораётган тайёргарлигимизни чиппакка чиқаради.
— Хўп, ота.
— Энди бориб дамингни ол. Эртага саҳарлабдан йўлга тушамиз. Ҳеч нимани ўйлама, ҳеч нима сени безовта қилмасин.
— Айтганингиздай бўлади, ота.
Бироқ ундай бўлмади.
Аббос икки соатча ухлаёлмади. Кўзини юмди дегунча, Дунё хаёлини эгаллаб оларди. Дунё бор-йўғи икки уй нарида яшайди. Унинг ҳам отаси бомба портлашидан ўлган. Унга қўшилиб бир укаси ва икки синглиси ҳам дорилбақога равона бўлган. Дунё онаси Зарифа билан яшайди. Зўрға тирикчилигини ўтказади… Жуда оғир. Аббос бир неча марта уларникига емак ташлаб келди. Аввал отасининг буйруғи билан, кейин ўз ихтиёри билан… Аммо кейинчалик Аббос ўқишга, ўрганишга кетиб қолди. Хабар ололмади. Мана, қайтиб келганига бир ойдан ошди. Саккиз марта Дунёнинг уйига борди. Чет элда юрганида анча-мунча чойчақа орттирган эди. Шу орттирганларига емак сотиб олди. Кейин Дунёнинг уйига олиб бориб берди. Қиз аллақачон ҳижобга кирган эди. Яъни балоғатга етиши билан. Аббос ҳар сафар егулик олиб борганида, у ҳижобда бўлар ва унинг юзини кўрмасди. Хотирасида эса Дунёнинг болаликдаги чеҳрасигина сақланиб қолган. Қизалоқнинг сочи жингалак, қоп-қора эди. Юзи оппоқ, киприги-ю, қош-кўзлари ҳам қоп-қора эди. Дунёнинг сочи елкасига тушарди ўшанда…
Қиз ташқариги эшикни қулф деб ўйлаб, бошидан рўмолини олди. Сочини таради. Ойнага қаради. Ўзига ўзи мафтун бўлди. У эндигина ўн олтидан ўтиб, ўн еттига қадам босган қиз. Кўрганларнинг жонини оладиган гўзал қиз… Шу маҳал Аббос туйқусдан кириб қолди. Одатда, у эшикни тақиллатарди. Рухсат теккач кирарди. Бу сафар унинг хаёлини отанинг ўгитлари эгаллаб олганди. Қолаверса, келишидан олдин эшитди, синонлар яна битта болани ўлдиришибди. Эндигина ўн иккига кирган бола ҳарбийларга тош отган экан. Эвазига унинг пешонасидан дарча очиб қўйишибди… Бу хабарни эшитиши билан Аббоснинг бутун вужуди титради. Аламидан кўзи ёшга тўлди. «Токайгача?» дея пешонасига урди. Падарининг ёнига югуриб боргиси: «Ота, менга дуо беринг, ишимни бошлай!» дегиси келди. Ана шунда қўлидаги бозорлигига кўзи тушиб қолди…
Аббос эшикдан кирди-ю, бир лаҳза қотиб қолди. Дунёнинг ҳам кўзи унда эди. Қиз ҳам ҳайрат билан Аббосга тикилиб турарди. Илло, у ҳам ҳижобсиз эканлигини бир муддатга унутган эди… Эслагач «Вой!» деди ва югуриб ичкарига кириб кетди. Аббос эса уятдан ерга кириб кетай деди. Ва бозорлигини шундай ерга қўйди-ю, хонадондан чиқиб кетди.
Мана шунга ҳам бир ҳафтадан ошиб қолди. Ҳар сафар Аббос Дунёнинг уйига бозорлик киритганида, юраги қафасидан чиқиб кетаман, дейди. Ў-ў-ў, шайтон неча марталаб: «Эшикни тақиллатма, яна олдинги сафаргидай бостириб кир, яна Дунёнинг жамолини кўр», деб васваса қилади. Бироқ Аббос бунга кўнмайди. Қолаверса, ўшанда бировнинг уйига рухсатсиз кириб қўйгани учун ўзини койийди… Аммо энди унинг хаёлини буткул Дунё эгаллаб олган…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.