Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (2-қисм)
Ота-бола бомдод намозини ўқиганларидан кейин саҳрога чиқиб кетишди. Қумликда жуда узоқ юришди. Ва Обид ибн Азиз ўзи режалаштирган жойга етиб борганидан кейин тўхтади. Аввалига осмонга қаради. Чуқур нафас олди.
— Ҳаммасини пешингача уддалашимиз керак. Ана ундан кейин кун қизиб кетади. Ўшанда бошқа машғулотга ўтишимизга тўғри келади, — деди ва ўғлини шу ерда қолдириб, ўзи нишонларни ўрнатиб келиш учун кетди.
Икки километр масофага борганидан сўнг катталиги теннис коптогидай келадиган ўнта нишонни бир-бирига яқин қилиб, қолган йигирматасини бир-биридан узоқроқ жойга жойлаштирди. Яна бир хили кўзга яққол кўриниб турса, бошқасини топиш учун яхшигина синчковлик, диққат ва сезги талаб қилинарди.
У ўғлининг ёнига қайтиб келганида жиққа терга ботган эди.
— Қани энди, Аббос ибн Обид, ўзингни бир кўрсат-чи. Айтиб қўяй, хато қилишга мутлақо ҳаққинг йўқ. Нишонлар нечталигини ҳам айтмайман. Ўзинг ҳаммасини излаб топасан. Тополмасанг, у сени топади. Ҳозирча мен орқали. Менинг қўлларим орқали. Ўғлим бўлсанг-да, шафқат йўқ. Шафқат қилишга ҳаққим ҳам йўқ. Сенга етти дақиқа вақт бераман. Шундан икки дақиқаси нишонларни кўриб олишинг учун. Келишдикми?
— Ҳа, — деди Аббос ва қумликка ётди. Унинг кийим-боши бутунлай қум тусида эди. Тепадан, ёндан қараган одам уни қумликдан фарқлай олмасди. Албатта, узоқроқдан. Яна Аббоснинг снайперлик милтиғини Обид ибн Азизнинг шахсан ўзи тайёрлаганди. Унинг кетма-кетликдаги еттита оптикаси бор эди. Ундан икки километр наридаги нарса худди беш-олти қадам узоқликда тургандай кўринади. Ва унинг ўқдонига элликта ўқ кетади. Унинг учиш масофаси икки минг беш юз метр. Туси қумникига ўхшайди. Бундан ташқари, товуш «ўлдиргич» билан жиҳозланган.
Аббос биринчи йигирмата нишонни осон топди. Бироқ кейингилари бироз муаммо туғдирди. Иккитасини умуман кўрмади у. Шунга қарамасдан, отишга тайёрлигини айтди. Тепкини босиш жараёнида топиб олишидан умид қилди…
Обид ибн Азиз ўғлига тепкини босишга рухсат берди.
Аббос чаққон эди. Чаққон бўлмасинми, бундай юмушни у ўн минг мартадан ҳам ортиқ такрорлаган. Шундай пайтлар бўлганки, тушларида милтиқ отган…
У нишонларни бирма-бир ағдариб ташлайверди. Рамзий душман беш метр нарида, у эса уста мерган. Нима, теккизолмасинми? Теккизади-да… Милтиғи «бук» этган пастгина овоз чиқаради. У ёқда эса битта рақиб ағдарилади…
У йигирма тўққизта нишонни аниқ мўлжалга олди. «Бўлди, йигирма тўққизта қўйган бўлса керак отам!» деб ўйлади ҳамда отишни тўхтатди. Сўнг бошини кўтариб, падари томонга қаради ва ўша заҳоти калтак еди.
— Тамомсан, сўнггиси сени отиб ташлади! — деди Обид ибн Азиз.
— Нега? Бирортасини ҳам қолдирмадим-ку! — дея эътироз билдирди Аббос.
— Йигирма саккизинчи нишоннинг орқасида яна битта бор эди. Қара яхшилаб!
Аббос милтиғининг дурбинида тикилди. Дарҳақиқат, бор экан. У тепкини босиб, унисини ҳам йўқ қилди.
Ота кўзидан дурбинни олиб, осмонга қараб қумга узала тушиб ётди.
— Нишонларингни бирма-бир таърифлаб бер, — деди ўғлига.
Аббос хотира машқи билан ҳам кўп шуғулланган. Шу боис «душман»нинг шакли, ранги, жойлашиш ўрни тўғрисида тутилмай сўзлашга тушди.
Бу сафар унинг хатоси бешта бўлди…
— Буниси бўлади. Ўлдирганларингнинг ҳаммасини эслаб қолишнинг ҳожати йўқ. Аммо, балки, у ярадор бўлар. Ярадор рақиб ёмон бўлади. Унинг хаёлидан ўч олишга бўлган иштиёқ ҳеч қачон чиқиб кетмайди… Энди ўзинг йўқ қилган душманларингнинг ёнига югуриб бориб, қайтадан уларни ўрнатиб, яна менинг олдимга югуриб келасан. Бир лаҳзага тўхташ йўқ. Вақт кетди! — дея навбатдаги топшириқни берди Обид ибн Азиз ўғлига.
Аббос ўрнидан сапчиб туриб югуришга тушди. Аммо йигирма қадам ҳам ташламасидан отаси уни ёнига чақирди. «Милтиғингни нега олмадинг?» деди. Аббос пешонасига бир урди-да, келиб милтиғини олиб, югуришга тушганида, отаси уни яна тўхтатди: «Ўқ-дорилар-чи? Уларсиз у ёқда нима қиласан? У ерда тирик қолганлари бўлса, сени отиб ўлдиришмайдими? Балки, яна кўплари билан отишишингга тўғри келар…»
Аббос изига қайтди. Бу сафар ҳеч нарсани қолдирмади. Ҳаммасини ўзи билан олди. Энди унинг югуриши аввалгиларидан анча қийин эди. Сабаби, юки кўп… Бунинг устига, оёқ остидаги қум уни ўзи хоҳлагандай югуришига қўймасди. Билади, агар югурмаса, отаси яна койийди. Ёки ўзи айтганидай жазолайди…
Орадан бир соатча вақт ўтди. Аббоснинг тинка-мадори қуриди. У қора терга ботиб отасининг ёнига етиб келди.
— Душман сени кутиб турибди! — дея бақирди отаси. — Сен отмасанг, улар сени ўлдиришади!..
Аббос ўзини ерга ташлади. Нишонга олиб, «душман»нинг бештасини аниқ урди. Аммо олтинчисига ўқи тегмади. Қолганларини эса шошилмасдан отди. Шундай қилиб, у бир нечта хатога йўл қўйди. Эвазига, отаси уни битта оёғи ва иккала қўлини кўтариб тик туришга мажбур қилди. Нақ бир ярим соат. Бу вақт ичида Обид ибн Азиз шошилмасдан бориб нишонларни ўзи хоҳлагандай қилиб ўрнатиб келди. Янада нарироққа.
Аббоснинг қўллари қотиб қолганди. Шунга қарамасдан, у бор кучи ва диққатини жамлаб, бу сафар нишонларни битта қолдирмай йўқ қилди…
Қуёш уфққа ёнбошлай бошлаганида улар уйларига қайтишди. Аслида, пешинга қайтишлари керак эди. Бироқ машғулот чўзилиб кетди…
Яна уч кун улар саҳрога чиқишди. Яна уч кун бир-биридан оғир машғулотларни ўтказишди. Тўртинчи куни дам олишди. Бешинчи куни навбатдаги шумхабар тарқалди. Синонлар иккита аёлни обдан калтаклашибди. Улардан бири касалхонада вафот этибди. Энг ачинарлиси, у ҳомиладор экан. Ҳомиласи тўққизинчи ойга ўтган экан. «Сенларни бир куни Худо ерга тиқади!» дейишган экан аёллар синонларнинг ҳарбийларига. Ўша айтган гаплари учун уларни шу кўйга солишибди.
— Бўлди, ортиқ чидаёлмайман! — деди Аббос отасига. — Дуо беринг, мен ишимга киришайин.
Обид ибн Азиз ич-ичидан эзилиб ўтирарди. Биров унинг елкасига миниб, орқасига қамчи ураётгандай эди.
— Бор. Фақат ўлма. Сен бизга жудаям кераксан. Фақат ўзбошимчалик қилма. Ҳиссиётга берилма. Ички хотиржамликни маҳкам тут. Сенинг ютишингни бир эмас, ўн эмас, миллионлаб одамлар кутиб туришибди. Шуларни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма! Оқ йўл, болам! Бошинг тошдан бўлсин! Душманлар ер билан битта бўлсин! Аллоҳ сенинг қўлинг билан уларни ер юзидан йўқ қилсин!..
Ота-бола қучоқлашди. Сўнг Аббос падарининг қўлини ўпди. Кейин бошини эгган кўйи:
— Падарим, қўшнимиз Дунёни менга унаштириб қўйинг, — деди.
— Бугуноқ. У сени кутади. Унинг ҳам бахтига тирик қайт, болам. Мен сенга ўқ-дориларни ўша ўзим айтган жойларга етказиб бераман. Тун ярмидан ошганда, ҳамма маст уйқудалигида келиб олиб кетасан. Емагинг ҳам бўлади у ерда. Ҳали айтганимдай, компьютерингдан душман сени кузатяптими-йўқми, билиб ол. Ана ундан кейин бир жойдан иккинчисига қимирла!..
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.