Келинг, кино кўрамиз: ҳис-туйғуларга тўлиб-тошган корейс драмалари
Ўткир сюжетли драмалардан чарчаган ва бир оз дам олмоқчи бўлганлар учун ажойиб тавсия — бу фильм воқеалари секин ривожланади, бунда кайфият биринчи ўринда. Қаҳрамонлар ижодий касблар билан шуғулланади ва ҳис-туйғулари ҳақида жуда кўп ўйлайди.
“Биринчи ҳаётимиз” (2017)
Жиҳо ҳар доим ёзувчи бўлишни орзу қилган ва унинг орзуси қисман амалга ошади — у мелодрама сценарийларини ёзади. Аниқроғи, бош ссенаристнинг ёрдамчиси. Жиҳонинг уйи йўқ, шунинг учун қиз квартира излашга мажбур бўлади. Дугонаси унга яхши вариант таклиф қилади — Жиҳо уй эгаси билан кўришмай дарҳол шинам квартирага кўчиб ўтади. Маълум бўлишича, уй эгаси ўттиз ёшли Сеҳи исмли бўйдоқ йигит. У бутунлай ҳиссиётсиз ва уни ташвишга соладиган ягона тирик мавжудот бу — мушук. Сеҳининг ўзи ҳам унинг ёнидаги хонада бир қиз яшаётганини билмайди.
“Яримнинг ярми” (2020)
Хавон — истеъдодли дастурчи йигит. У одамларга ёлғизликни енгишга ёрдам берадиган виртуал ёрдамчи ишлаб чиқмоқда. Бунинг учун Хавон сунъий интеллектга аниқ одамларнинг одатлари, характери ва овозини сингдиришга ҳаракат қилмоқда. Хавоннинг ўзи жавобсиз севгидан азият чеккан жуда ғамгин одам. Айнан шу нарса уни бу кашфиётга ундайди — агар у севгилиси билан бўлолмаса, у ҳар доим шу ерда бўлади, ҳеч бўлмаганда виртуал. Йигит ёрдам сўраб овоз муҳандиси Соу исмли қизга мурожаат қилади, унинг ёрдами билан севгилисининг овозини қайта тиклашга умид қилади.
“Биринчи рақамли саундтрек” (2022)
Романтик кадрлар кўп бўлса-да, атиги тўрт қисмдан иборат мини-драма ва бош ролларда Парк Ҳёншик ва Канг Соҳи. Уларнинг қаҳрамонлари — Сунво ва Инсу тахминан йигирма йилдан бери дўст. Сону истеъдодли сураткаш бўлиб, Инсуни яширинча севиб юради, лекин ҳис-туйғуларини сездирмасликка ҳаракат қилади. Инсу қўшиқларга матн ёзади. У очиқ кўнгил, иродали ва жуда содда қиз, аммо баъзида ҳис-туйғуларига эрк беришдан қўрқади. Бир куни вазият тақозосига кўра улар бир том остида қолишга мажбур бўлади…
“Романтик илова” (2019)
Ушбу драманинг бош қаҳрамонларини китобга ва ёзишга бўлган иштиёқ бирлаштиради. Инҳо ва Дани кўп йиллардан бери дўст бўлиб, ҳатто тўйи куни Дани Инҳо билан қочиб кетишга ҳам тайёр эди. Аммо Инҳо унинг ҳис-туйғуларини пайқамайди. Натижада Дани турмушга чиқади, аммо бу никоҳ унга бахт келтирмайди. Қизнинг карьераси ҳам тўхтаб қолади: у бир вақтлар истеъдодли копирайтер эди, лекин фарзандли бўлгач, етти йил уйда ўтириб қолади. У иш топа олмайди — нафақат ўзини, балки боласини ҳам боқиши керак эди. Бунинг устига квартирасидан ҳам чиқариб юборилади. Дани таваккал қилишга қарор қилади — у резюмесини сохталаштириб, ўзи билмаган ҳолда Инҳо ишлайдиган нашриётга ишга киради.
“Об-ҳаво ва севги прогнози” (2022)
“Об-ҳаво ва севги прогнози”нинг асосий қаҳрамонлари метеорология бошқармаси ходимларидир. Улар ҳар куни Корея аҳолисига об-ҳаво ҳақида хабар беради. Хагеон — бош прогнозчи. У ҳар доим кўрсатмаларга амал қиладиган жуда интизомли қиз. Аммо шахсий ҳаётида ҳамма нарса унчалик силлиқ эмас: у қайлиғини хиёнат устида ушлаб олади. Вазият янада мураккаблашади, чунки собиқ йигити ҳам, унинг ўйнаши ҳам Хагеон билан бирга ишлайди.