Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (4-қисм)
Оралиқ масофа икки километрга яқин. Аммо дурбиндан қаралганда душман беш-олти қадам нарида юргандай.
— Бутун халқимга неча ўн йиллардан бери қирғин уюштириб келаяпсан. Сенларнинг ўлимларинг бутун дунёга фақатгина хурсандчилик олиб келади, — дея Аббос тепкининг устига кўрсаткич бармоғини қўйди…
Синон ҳарбийларидан бири ҳаво гумбази ҳимояси пулемёт артиллериясига навбатдаги снарядни жойламоқда эди… Аббос унинг бошини нишонга олди ва энди тепкини босмоқчи бўлганида, отасининг: «Болам, ҳамиша олдинига ҳавода хавф бор-йўқлигини текшириб ол», деган гапи эсига тушди. У бармоғини тепкининг устидан олди-да, компьютерни текширди… Иккита дрон учиб юрибди. Фақат улар умуман бошқа томонларни текширишяпти. Бу томонлар хавфсиз.
У яна ётиб милтиғини қўлига олди ва дурбиндан нишон томонга қаради. Ҳалиги ҳарбий ишини битириб бўлибди. Унинг ёнида яна иккитаси бор экан. Улар бир-бирларига нималарнидир гапириб беришяпти. Кейин хохолаб кулишяпти…
— Бу ёғига мен куламан, — деди Аббос ва мўлжалга олиб, тепкини босди. Унинг милтиғидан отилган ўқнинг товуши йўқ. Овозсиз учади. Ва индамай душманни йўқ қилади. Кулаётганлардан биттаси бирдан гўё ўз-ўзидан қулади. Кейин иккинчиси, ундан сўнг учинчиси. Улардан сал нарироқда яна беш-олтита душман турарди. Улар чекишаётганди. Хизматдошларининг бирдан думалаб қолганликларини дарров кўришмади. Бундан фойдаланган Аббос уларнинг ҳам биттасини асфаласофилинга жўнатди. Душман карахт бўлиб қолди. Бошидан қон оқаётган шерикларига ҳайрон бўлиб қараб туришганида, Аббос яна тепкини босди… Унинг бармоғи тиним билмас эди. Милтиғидан узлуксиз яккалик ўқлар учиб чиқарди. Ҳаммаси манзил-маконига аниқ-тиниқ етиб борарди.
Душман ҳужум бўлаётганини тушуниб етди ва бошқа очиқда юрганлари ўзларини панага олишди. Фақат «вишка»да турган қоровулдан бошқаси. Қоровул автомат затворини тортган, қаёққа, кимга ўқ узишни билмай, кўзлари олазарак атрофни кузатарди. Аммо снайпер унинг нигоҳи тушадиган жойдан анча узоқда эди. У кўролмас эди. Бироқ снайпер уни кўрди ва пешонасини нишонга олиб тепкини босди. Қоровул овоз чиқаришга улгурмади. Аммо унинг ҳам бармоқлари АҚШда ишлаб чиқарилган, қоп-қора автомат тепкиси устида турарди. Шу боис у ўлиш асносида тепкини босди. Унинг автомати тариллаши билан огоҳлик сиренаси бир вақтда чалинди. Шунда худди ари уяси қўзигандай бўлди. Югурганлар, қочганлар, яширинишга уринганлар кўпайиб кетди. Аббоснинг «кўзи»га тушганлар эса ерпарчин бўлаверди. Кейин бирдан ҳаммаёқ тинчиб қолди. Бирорта ҳам душман ҳарбийси кўринмай қолди…
Ўғлини ажал домига жўнатган Обид ибн Азизнинг ичи ёнарди.
Аббос остонадан ҳатлаб чиқиши биланоқ Обид ибн Азиз ерга тикилди-ю, қотди… Кўп ўтирмади. Бир соатга яқин. Кейин ўрнидан сапчиб турди. «Бунча аблаҳсан, Обид ибн Азиз? Нега бўлмағур хаёллар билан овора бўлаяпсан? Нима, сенинг боланг бутун халқдан афзалми? Афзал бўлса, бало бормиди уни шунчалик тайёрлаб? Бас қил! Сен юртингнинг, она тупроғингнинг озод бўлишини истайсан, бундан етмиш тўрт йил аввал бўлгани каби. Отанг, бобонг бой берди тупроғингни. Энди уни қайтариб олиш сенинг зиммангда, Обид, — деди ўзига-ўзи. — Шундай экан, битта Аббос, битта ўғил нима бўлибди? Ўнлаб ўғилларим бўлганида, ҳаммасини қурбон бўлишга жўнатардим… Аббос кетар чоғи, Дунёга унаштириб қўйишимни илтимос қилдими? Демак, ҳозир бораман-у, Аббос жангни бошламасидан бурун бошини боғлаб қўяман. Ўшанда Аббосни кутадиган, эсон-омон қайтишини Аллоҳдан сўраб дуо қиладиган яна биров бўлади. Агар улар аҳду паймон қилишган бўлса, шундоқ ҳам кутади. Бироқ, барибир, унинг кутишини биз ҳам билсак, биз ҳам хабардор бўлсак, кўнглимиз анча таскин топади. Бир томони, уларнинг оиласи ўта ночор яшайди. Шу кунгача Аббос қандайдир егуликлар олиб бориб турганидан хабарим бор, унаштириб қўйсам, ана шу нарса ҳам узилмай туради. Иккинчи томондан эса Дунёни бошқа биров илиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас… Ахир оила ночор яшаётган бир пайтда она қизининг раъйига қараб ўтирадими? Сўраб келган одамга шартта беради-қўяди-да. Иккинчи, учинчи, тўртинчи хотин қилиб бўлса ҳам. Муҳими, аёл яшаб қолиши керак, муҳими, Дунё ва унинг синглиси яшаб қолиши керак… Камбағалчилик жуда ёмон нарса, камбағалчилик бирорта ҳам тўсиқни тан олмайди. Камбағалчилик ўта жасур…»
Обид Зарифани топди. Шўринг қурғур аёл ҳижобга ўранган кўйи эшигининг тагида юм-юм йиғлаб ўтирган экан. Обидни кўриши билан дарров ўрнидан туриб, бошини эгди.
— Нега йиғлаяпсан? — сўради ундан Обид.
— Бошқа ҳеч нарсага кучим етмаганидан кейин нима қилайин? Икки кундан бери ҳеч нима емайман. Кеча Аббос келтирган нарсаларни болаларимга едирдим. Ўзим эса емадим. Кўнглим қандайдир хавотирни сезди, шунинг учун емадим. Бугун ўғлинг Аббос келмади. Агар кеча ўзим ҳам болаларимга қўшилиб у келтирган нарсаларни еганимда, ҳозир қизларим ҳам оч-наҳор ўтирган бўлишарди. Ҳозир очликдан роса қийналяпман. Аммо кўз ёшимга бу сабаб эмас. Эртага нима қиламан деб ўйлаяпман. Ахир эртага қизларим ҳам худди мен каби оч қолишади…
— Эй, — дея зўрма-зўраки кулди Обид, — бор-йўғи шунга шунча қайғуми? Аббос келмаган бўлса, мана, мен келдим.
— А-а! — деб юборди бирдан Зарифа ва бошини кўтариб, Обидга қаради. Унинг сон-саноқсиз ажинларида кулги аломатлари пайдо бўлди. — Нега? Нега? — деди у йиғи овозида. — Нега ризқларингизни бизга келтириб беряпсизлар?!
— Менда учта ўғил бор. Иккиси портда ишлайди. Балиқ бор. Балиқлари сотилади. Эвазига егуликларимиз мўл бўлади. Агар эпласак, йигирмата одам ҳар куни тўқ юради. Ол манавиларни. Энг аввал ўзинг еб ол. Ичкарига кириб е. Мен ташқарида кутиб тураман…
Зарифа югуриб уйига кириб кетди. Уйдан хушчақчақ ҳайқириқ овози келди. Обид қулт этиб ютинди. Кўзидан икки томчи ёш думалаб тушди. Биров кўриб қолмасин деб, шоша-пиша кўз ёшини артди. Дард келиб томоғига тиқилди. Боя ютинган эди, энди эса ундан ҳатто ҳаво ҳам ўтмай қолди. У алам билан кичкинагина ҳовличанинг нариги томонидаги тоғ тошларидан бино бўлган уй томонга қаради. «Аллоҳ Обид ибн Азиз билан Аббос ибн Обидни ёрлақасин!» Мунгли овоз Обиднинг юрагини баттар эзди. У секин ерга ўтирди, йўғон томирлари бўртиб чиққан билакларига қаради.
— Шунча куч бўла туриб, аёлларимизни хўрлаб қўйган биздай эркакларни Худо жазоласин. Замонавий дунёда бизнинг болаларимиз, қизларимиз қадим-қадимдагилар аҳволига тушиб қолишди. Биз ҳам эркакмизми?! Биз аёлларимиздан мақтов эшитишга нолойиқ одамлармиз. Синонларнинг бола-чақалари бизнинг ерларимизда маишат қилиб юришибди. Агар улардан бирортасининг кўзида ёш кўриниб қолса борми, бутун халқи оёққа туради. Биз эса…
У сўзларини охиригача айтолмади. Чуқур хўрсинди. Кейин «Ҳамма-ҳаммаси учун ўч оламиз», дея шивирлади…
Орадан яна бир муддат ўтиб, Зарифа ташқарига чиқди. Одатда, Аббос келтирган емакларини берарди-ю, кетарди. Бироқ Обид кетмади. Бунинг устига ерга ўтириб олибди.
Зарифа секингина овоз берди. Бошини хам қилиб ўтирган Обид эса унга қаради.
— Яна битта юмуш билан келгандим, — деди у Зарифага.
Зарифа ўзини ёши ўтиб қолган деб ҳисобларди. Ваҳоланки, у ҳали қирққа ҳам чиққани йўқ эди… Юзи таранг эди. Жамоли кўзни оларди. Зарифа ўн ёшидан ўзини яширишни бошлаганди. Кейин фақатгина эри кўрди унинг гўзаллигини… Аммо бу гўзаллик узоққа бормади. Ғам кетидан ғам, қайғу кетидан қайғу келаверганидан шўрлик юз дарров сўлиб қолди. Мана энди уни бировдан яширмаса ҳам бўлади. Чунки биров унга ҳавас билан, эҳтирос билан қарамайди.
— Бемалол, — дея жавоб берди Зарифа тезлик билан.
— Ўғлим Аббос сафарга кетди. Қалтис, хавфли сафарга…
— Мен қизларим билан бирга унинг омон-эсон уйингга қайтиши учун дуо қиламан.
— Раҳмат. Аммо…
Обид шундай деб яна Зарифага қаради. Зарифа дарров нигоҳини ундан олиб қочди.
— Аммо, — дея гапида давом этди Обид, — кетар олдидан бир нарса илтимос қилди.
— Нима экан у?
— Қизинг Дунёга унаштириб қўйишимни…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.