Рўзиқул Бердиев: Фақат олдинга қараб юришимиз керак

Рўзиқул Бердиев: Фақат олдинга қараб юришимиз керак

Эртага Ўзбекистон Суперкубоги учун “Пахтакор” ҳамда “Насаф” жамоалари ўзаро кураш олиб боради. Мазкур беллашув олдидан “аждарлар” устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди. Қуйида унинг ўйинолди фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:

– Ассалому алайкум, барчага. Финалда ўйнаш жуда ҳам ёқимли. Кубокни қўлга киритиш эса икки баравар завқли. Эртанги бўладиган ўйинда мухлисларни хурсанд қилиш учун бизда ажойиб имконият бор. Тайёргарлик меъёрида бўлди. Йигитларнинг барчаси ўйинга шай ҳолатда.

– “Насаф” кутилмаганда кубокдан чиқиб кетди. Энди суперкубок жамоа учун қанчалик муҳим?

– Биз “Пахтакор” билан қаторасига учинчи бор Суперкубок учун кураш олиб боряпмиз. Кубокдан чиқиб кетиш биз учун орғриқли бўлди. “Навбаҳор”дан учралган мағлубият вазифамизни анча оғирлаштириб қўйди. Йигитларда кубок учрашувлари учун мотивация биз истагандек бўлмади. Қанчалик оғриқли бўлмасин, бизда ҳали имконият бор. Фақат олдинга қараб юришимиз керак.

– “Насаф” таркибида кўплаб йўқотишлар бор ва уларнинг аксари ҳимоя чизиғи билан боғлиқ. Мана шу қийин вазиятдан қандай чиқиб кетмоқчисиз?

– Ҳар бир футболчимизнинг ўз ўрни бор. Ҳозирга келиб, йўқотишлар бизга жуда бош оғриқ бўляпти. Шунга қарамай, биз ўз захирамиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Баҳона қилмаймиз ва ўз имкониятларимиздан максимал фойдаланамиз.

– Эртанги ўйин учун жамоани қандай уйғота оласиз?

– Кўп нарса талаб қилиш шарт эмас. 100 та учрашув эсдан чиқиши мумкин, аммо бу беллашув эсда қолади. Аввалги ўйинларимизда у қадар ўзимизни кўрсата олмаётгандирмиз. Бу кўпроқ йигитларни руҳий тайёргарлиги билан боғлиқ.

– Таркибга бир қатор ҳужумкор футболчилар келганига қарамай, жамоа ҳимоявий футбол намойиш этяпти. Шу ҳақда нима дея оласиз?

– Бу ҳозирги замон футболчини тенденцияси ҳисобланади ва замонавий футбол талаби. Ҳатто Чемпионлар лигасида “Реал” ҳам шу ўйин услуби билан ғалаба қозонди. Таркибга келганларни айтишдан олдин, кетганларга ҳам тўхталиб ўтиш керак.

– Шацких билан охирги учрашувларимда ижобий натижа қайд этилган. Бироқ мураббийлар билан тўғридан-тўғри баҳсга киришмайман. Жамоалар қарама-қаршилигига келсак, иккала клуб ҳам ҳужумкор ўйинни хоҳлайди. Бироқ натижа тарихда қолади. Шундай экан, эхтиёткорлик ҳам асқатади.

– Черанга қарши қандай ўйнаш кераклигини йигитларга тушунтирдим. У бош билан ўйнай оладиган ўта ақлли футболчи. У каби имкониятлардан самарали фойдаланадиган футболчилар чемпионатимизда кам. Акмал Мозговой марказий ҳимояда ўйнайди.

– Рақибнинг бу ҳолатидан келиб чиқиб, ҳужумкорроқ футбол намойиш этишнинг иложи борми?

– Битта ўйинга тайёргарлик ҳар қандай жамоада максимал даражага чиқариш мумкин. “Пахтакор” бизга қарши намойиш қилган футболни доим кўрсатиб келганда, ҳозир жадвалда биринчи ўринда турган бўларди. Ўйлайманки, рақиб эртага бўладиган ўйин учун етарлича мотивация топа олади. “Пахтакор”ни кўп футболчилар тарк этганига қарамай, ёш ва истеъдодли ўйинчилар етарли.

– Футболимиз даражаси ва мухлислик ҳам анча ўсишга эришди. Водийда бўладиган айрим учрашувларда савияни мухлисларнинг ташрифи кўрсатиб беряпти. Ҳар қандай жамоа мухлисларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож. Эртанги учрашувга ҳам қизиқиш катта. Фикримча, “Бунёдкор” стадионида ажойиб муҳит гувоҳи бўламиз.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: