Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (5-қисм)
Дунё уй ичида, эшик ёнида эди. Онаси билан Аббоснинг падари суҳбатини тинглаб турарди. Обиднинг сўнгги гапларини эшитиши билан унинг юраги ҳаприқиб кетди. Ахир Аббосни яхши кўради. Аббосга кунда бир марта кўзи тушмаса, шу кунни кун ҳисобига олмайди. Бугун ҳам роса интиқ бўлиб кутаётганди. Бироқ у келмади. Келмагани майли, сафарга кетиб қолибди. Унча-мунча жойга эмас, хавфли сафарга. Олдинига хурсандлигидан юраги гупурлаб урган қиз Аббоснинг хатарда эканлигини эшитиши билан қўрқувдан ранглари оқариб кетди.
— Аббоснинг келиши Дунё учун байрам эди. Сиз томондан бир гап айтилмагани сабаб индамай юргандик, — деди Зарифа Обидга жавобан.
— Унда мен эртага бирор нима олиб келаман. Аббос омон-эсон қайтиб келса, тўйини қиламиз. Унинг қайтиши бутун миллатнинг байрами бўлади, иншаоллоҳ…
— Омин! — деди ичкарида турган Дунё.
Унинг овозини Обид ҳам, онаси ҳам эшитди. Иккисининг ҳам юзига табассум югурди.
Обид кетиши билан эса Дунё ташқарига шошди.
— Она, қаерга кетибди Аббос? — дея сўради ҳовлиқиб.
— Сафарга…
— Унисини эшитдим, она. Айнан қаерга? Нега борадиган жойи хавфли бўларкан?.. Чегаранинг яқинига кетибдими?! Синонларнинг ёнигами, она?!
— Унисини сўрамабман. Хаёлим айниб…
Дунё бир муддат бошини эгиб турди. Сўнг ичкарига кириб, жойнамозини ёзди. Намоз ўқиди. Икки ракаат. Шундан сўнг Аббосни дуо қилишга тушди. Узоқ дуо қилди. Кўзларидан ёшларини оқизиб, суюклисининг тўрт мучаси соғ ҳолда қайтиб келишини Аллоҳдан ўтиниб сўради. «Ёлғизларнинг ёри, бечораларнинг суянганисан… Аббосни омон қайтар. Йўқса, мен очилмасдан сўлиб қоламан. Йўқса, бахтсиз бандаларинг сони ортади. Ўзи шундоқ ҳам жонимизни ҳовучлаб яшаймиз. Агар Аббосга бирор нима бўлса, унда менинг яшашимга ҳожат қолмайди, Аллоҳим!!!» деди ва юзига фотиҳа тортди.
Обид ибн Азиз кунни амаллаб ўтказди. Қош қорая бошлаганида икки ўғли қайтиб келди. Биттаси у-бу нарса сотиб олибди. Иккинчиси бироз пул ишлабди. «Бунисини яхши қилибсан. Мен Аббосни унаштириб келдим бугун. Эртага Зарифага олиб бориб бераман. Келинга бирор нима сотиб олар», деди.
— Укамиз уйланяптими? — дея кулиб сўради иккинчи ўғил Ҳамза. — Ҳали йигирма бешга кирмади-ку. Бунинг устига, олдида мен борман.
— Ҳа. Сен бўлсанг ҳам. Эртага сен портга кетмайсан. Эртага укангга овқат олиб бориб берасан. Ўқ-дори етказиб берасан, — деди унга Обид ибн Азиз.
— Нега? У кетдими?! Бирга боришимиз керак эди-ку. Мен озмунча тайёргарлик кўрдимми? Шу кунни қанчалик кутаётгандим! — деди бирдан кўзлари каттариб кетган Ҳамза.
— Мен шундай қарорга келдим. Синонларни якка ҳолда ютмасак, кўп кишилашиб кучимиз етмайди. Бу урушнинг қоидаси шунақа. Сен Аббос билганларини билмайсан. Эҳтимол, бир вақти келиб қолар, сен ҳам унинг ёнига бориб қўшиларсан. Ҳозирча эса фақатгина таъминот билан шуғулланасан… Билиб қўй, у ерда ҳеч қанақанги радиоалоқа ишламайди. У ерда умуман биз томонимиздан тўлқин бўлмаслиги керак.
— Аммо…
— Ўғлим, битта сен эмас, мен ўзим ҳам учиб кетгим келяпти. Лекин бу урушда умуман ҳиссиётларга берилиб бўлмайди. Синонларни бутун дунё лашкари йиғилиб ютолмаслиги мумкин. Аммо битта одам ер билан яксон қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Демак, биз ўша битта одамга суянишимиз керак. Етмиш тўрт йил аввал улар бор-йўғи йигирма беш минг киши эдилар. Қайсидир бурчакларда яшашарди. Бугун эса еримизнинг тўқсон фоизини тортиб олишди. Сонлари бир неча миллион… Сабаби, бизнинг ўзимизни ўзимиз билан чўқиштириб қўйишнинг уддасидан чиқишди. Бир пайтлар Усмон розияллоҳу анҳу нинг шаҳид бўлишига ҳам уларнинг фитналари сабабчи бўлган. Ҳозир ҳам фитна уюштириш бўйича шайтондан кейинги ўринда турадиган «ақлли»лар ўзимизнинг гўштимизга ўзимизни қовуришяпти… Тўхта, ҳозир ортиқча гапнинг ўрни эмас. Биз, аввало, Аббоснинг ҳужум уюштира бошлаганини билиб олмоғимиз керак, — деди Обид ва бошини юқорига кўтариб тин олди.
— Балки, мен бу ёқдан туриб ҳамла қилиб кўрарман, — деди отасига термилиб ўтирган Ҳамза.
— Асло, — деди бирдан унга қараган Обид, — асло мумкин эмас. Агар бу томондан битта ўқ улар тарафга учса, эвазига улар минглаб снарядларни бу тарафга учиришади. Шунинг учун аҳмоқликнинг энг майдаси ҳам катта балоларни олиб келишини ҳар лаҳза ёддан чиқармаслигимиз керак.
— Тўғри, — дея, ниҳоят, суҳбатга аралашди тўнғич ўғил Али ибн Обид.
Унинг жуссаси укалариникидан кам эмас. Қарашлари, сўзлари ҳам жигарлариникига ўхшайди. Фақат отаси унинг зиммасига бошқа юкни юклаган. Укалар душман билан олишаётганида, у жигарларининг қоринлари қайғусини қилади. Уйланган у. Фотимага. Иккита боласи бор. Уйи бошқа унинг. Бомба тушиши оқибатида бутунлай қирилиб кетган қариндошининг уйига кўчиб ўтган. Уйининг томи йўқ. Аммо у барибир шу уйда яшайди. Сабаби, одамларнинг кўпчилигининг уйларида том йўқ-да. Оддий ҳол-да бундай кўриниш. Агар у болалари билан яшамаса, уй ҳувиллаб қолади. Бошқа бир неча юзлаб бомба тушган уйлар каби…
— Ҳозир қарор чиқармаймиз. Тонг отишини кутамиз, — деди Обид ибн Азиз, сўнг Ҳамзага юзланиб: — Балки сенинг ҳам сафаринг бир-икки кунга қолдирилиши мумкин, — дея қўшимча қилди…
Эртасига у ўзларига жуда яқин бўлган душманнинг ҳарбий истеҳкомини кузатди. Ўша Аббосга тайёрлаб берган дурбиннинг иккинчи нусхаси билан. Душман хотиржам эди. Ҳаттоки ҳарбийлар эринчоқлик билан юришарди. Ва Обид шармандали бир воқеанинг ҳам гувоҳи бўлиб қолди. Оралиқ масофа узоқ. Аммо унинг дурбини орқали қаралганда, одамлар икки қадам нарида юргандай кўринади… Шармандаларнинг қилмишини уларнинг ҳамкасблари, бошқа ҳарбийлар кўришмаётганди. Чунки уларнинг оралиғини қора рангли тунука тўсиб турарди. Бу томонда эса ҳарбий аскар билан ҳарбий аёл берилиб шакаргуфторлик қилишарди. Уларнинг иккиси ҳам ярим яланғоч эди. Обид бундай нарсаларни асло кўрмайди. Аммо ҳозир кўриб қолди. Дарҳол кўзини олиб қочди. Бироқ шунгача анча-мунча нарсага гувоҳ бўлди. «Падар лаънатилар! Ифлослар! Мана шу ифлосликларингни бу ёққа олиб келяпсанларми?!» дея пичирлади унинг лаблари.
Бу, албатта, ҳолваси эди. Яхшиям, бошқа шармандагарчиликларни Обид кўрмади. Бўлмаса, шу дунёга келганига ва кўзи шундай пасткашлик, ифлосликларни кўрганига пушаймон еган бўларди. Ахир бундайларни Лут пайғамбар даврида Худо ерга тиқиб юборган эди…
«Аббос ҳужумни бошламабди. Демак, Ҳамзани унинг ортидан жўнатишимга ҳали эрта. Яна бир кун ўтсин. Кутайин», дея кўнглидан ўтказди у ва уйига кетди. Ўғилларига: «Боринглар, ишларингни қилинглар, бекор ўтирманглар. Бекорчилик Худога хуш келмайди», деди.
Болалари унинг сўзларига қулоқ қоқмасдан портга жўнашди. Обиднинг ўзи эса кеча ўғиллари келтирган пулни Зарифага олиб борди.
— Аббос қаерда? — сўради Зарифа Обид ҳали унинг қўлига пул бермасидан.
— Нега уни сўраб қолдинг? — деди Обид ҳайрон бўлиб.
— Дунё тунни кунга улади. Йиғлайверганидан кўзлари шишиб кетди, — дея жавоб берди аёл паст товушда.
— Нега йиғлайди? Мен уларнинг аҳду паймонлари бўлса керак, шунинг учун ҳам ўғлим кетар чоғи унга унаштириб қўйишимни тайинлаган, деган ўйда эдим.
— Аслида ҳам шундай экан. Мен буни унинг ўзидан сўраб билдим.
— Унда кўз ёшлари нима учун?
— Дунё Аббосдан хавотир оляпти. Кечки пайт дарров ухлаб қолганди. Аммо тезда уйғонди ва кейин йиғлашга тушди. Сўзларига қараганда, Аббоснинг атрофини шоқоллар ўраб олган эмиш. Улар жудаям кўп эмиш. Аббоснинг эса бир ўзи экан. Бир ўзи олишаётган эмиш улар билан… Кейин у уйғониб кетибди. Ўшандан сўнг тонггача бедор бўлди.
Зарифанинг оғзидан чиққан сўзлар Обидни ҳам ларзага солди. У ўзи истамаган ҳолда қўлларини мушт қилди.
— Ҳаммасини яхшиликка йўяйлик. Дунёга айт, йиғини бас қилсин. Бунинг ўрнига қурби етганича дуо қилсин. Аббос хатарда. Аммо бу унинг нобуд бўлди дегани эмас. Қолаверса, бутун умидимиз ундан. Худо хоҳласа, иккисининг тўйи бутун элимизда шов-шув бўлади, — дея ўзини мажбурлаб кулди Обид.
Аммо уйига қайтганидан кейин ўзи хотиржамлигини йўқотди. Қайси томонга қарамасин, Аббосни ўраб олган шоқоллар кўзига кўринаверди. «Аббоснинг бир ўзи», деган Зарифанинг сўзлари қулоғи остида жаранглайверди. У дарров қўлига жойнамозини олди…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.