Макрон Вестфалия тинчлик мукофоти билан тақдирланди
Франция президенти Эммануэл Макрон 2024 йил учун халқаро Вестфалия тинчлик мукофоти билан тақдирланди. «Сиз шунчаки бажарувчи эмассиз, сиз илҳомлантирувчисиз. Бошқалар чегаралар ҳақида гапирганда, сиз уфқлар ҳақида гапирасиз», деди Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Макронга 28 май, сешанба куни Мюнстерда.
Мукофот Франция раҳбарига «Россиянинг Украинага ҳужуми бошидаги можарони тўхтатиш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари» учун берилди. Эммануэл Макрон «Россия ҳужумидан анча олдин Европа суверенитетига чақирган», деди мукофот ҳакамлар ҳайъати раиси Штайнмайер. У Макронни «қатъий европалик» деб атади ва унга Франция-Германия муносабатларига содиқлиги учун миннатдорчилик билдирди. «Бугунги кунда Франция ва Германия бир-бирига яқин экани ҳам кам эмас, мен бунга сиз каби инсонлар туфайли амин бўлдим», деди Германия президенти ўзининг француз ҳамкасбига.
Макронга ушбу мукофотни топшириш қарори 2023 йилда қабул қилинган. Аммо тақдирлаш маросими унинг Германияга ўша йилга мўлжалланган давлат ташрифи Франциядаги тартибсизликлар туфайли бекор қилингани сабабли қолдирилди.