Нуриддин Исмоилов асари: “Саҳро арслони” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Саҳро арслони” (8-қисм)

Обид ибн Азиз жувоннинг жасадини шу ҳолича ташлаб кетди. Қочди. Чунки унча узоқ бўлмаган жойда бир қатор бўлиб, кўчани тўлдириб синонлар яқинлашмоқда эди. Бу одамсифат махлуқларда қаҳр-ғазабдан бошқа нарса йўқ. Одам ўлдириш улар учун киприк қоқишдан ҳам осон…

Обид ибн Азиз қочди. Қоча олди. Синонларнинг ўқларига чап бериб кета олди. Тўғрироғи, у томонга ўқ отилмаганди. Ундан икки одам наридан бир нечтаси визиллаб учганди. Чунки у нишонда эмас эди. Бошқаларга аталганди улар. Бошқалар ағнашди. Бошқаларнинг тирик қолганликларини Обид ибн Азиз билолмади. Сабаби, бағрида гўдак бор. Гўдакни сақлаб қолиш масъулияти бор эди…

«Шарманда бўлдим, — деди у. — Ер билан битта бўлдим. Эркак бўла туриб, шайтон билан олишолмадим. Бу тавқи лаънат ҳеч қачон бошимдан кетмаса керак…» Обид ўзиникилар билан бирга илгари ҳам бир неча марта енгилган эди. Ўзи бирор марта ҳам ютмаган. Унинг отаси ҳам ютмаган. Аввалига оз синонлар ақллари билан уларни ютиб кетишди. Кейин синонлар бургадай кўпайиб кетишди. Аммо яна улар ақлларини ишлатишди. Энди уларнинг оғзидан чиққан ҳар битта гапга бутун дунё лаббай деб жавоб берадиган бўлди. Айтганча, оламни бир пайтлар зир титратган фашистларнинг авлодлари уларга товон пули тўлашди. Орадан шунча йил ўтиб-а! Ўша геноцидда қатнашганларнинг бирортаси ҳам қолмаган бир пайтда синонлар ҳақларини айириб олишди. «Сенларнинг ота-боболаринг бизларнинг ота-боболаримизни қириб ташлашган. Энди хунини тўланглар, агар тўламасанглар, оналарингни кўрсатамиз», дейишди. Фашистларнинг болалари эди, фашист эмас эдилар. Улар оддийгина немис эдилар. Қўлларини кўксиларига қўйишди. «Хўп», дейишди. «Шу билан овозларинг ўчса бўлди», дейишди. Ва сўраган маблағларини қўшқўллаб топширишди. Орқасидан ялтоқланиб ҳам қўйишди. «Осон қутулдик», дейишди. «Агар океаннинг нариги томонидаги акаларига айтганларида, улар бизларни бўлакларга бўлиб ташлашарди…» Синонлардан французлар ҳам қўрқишади. Португаллар, испанлар ва ҳаттоки руслар ҳам қўрқишади. Чунки бир пайтлар уларнинг ота-боболари синонларнинг ҳаммасини олдиларига солиб қувишган. Мамлакатларидан ҳайдаб чиқаришган. Агар ўша воқеаларни ҳозирги синонлар эслаб қолишса борми, ҳаммасининг энасини учқўрғондан кўрсатишади. Ёмон қилади. Бу болалар ўша бебош боболарнинг уруғлари эканликларидан минглаб марта пушаймон ейишади…

Шундоқ ўзларининг тупроқларига ўгай бўлиб бораётган Обид ибн Азизнинг ва унинг сафдошларининг қўлларидан нима ҳам келарди?.. Обид ибн Азиз болани қутқариб қолди. Маҳалласидаги янги она бўлган аёлга олиб бориб берди. «Буни эмиз», деди. «Буни катта қил», деди… Аёллар эркакларга сўзсиз қулоқ соладиган даврлар бошланганди. Мана шундай вайрон қилинган давлатларда. Ахир улар бундай пайтларда эркакларидан бошқа кимга ҳам суянади… «Эркакнинг нима кераги бор? Керак бўлса, ўзим бола орттириб, ўзим катта қилиб оламан, керак бўлса ўзимга хон, ўзимга бек бўламан, эркакнинг нима кераги бор?» дейдиган юртлар бутунлай бошқа…

Аммо аёл кейин йўқолиб қолди. Обид ибн Азиз суриштириб билса, Мисрга қочиб кетибди аёл. «Тўғри қилибди, — деди ичида Обид ибн Азиз. — Биз уларни ҳимоя қилолмаганимиздан кейин аёлларини ҳимоя қила оладиган давлатга кетгани минг маротаба яхши-да. Эри ўлган бўлса… Синонлар эрининг бошига етишган бўлишса… Ўша ёқда ҳам ўзини, ҳам ўгай ўғлини катта қилади. Эҳтимолки, улар синонларнинг шайтоний каллаларини олиб ташлашар».

— Ота, ота! — дея ҳовлиққанча кириб келди Ҳамза.

Бу пайтда Обид ибн Азиз орқасини деворга бериб, юқоридагиларни хаёл қилиб ўтирган эди.

— Қаерда эдинг? — сўради у кўзини очмасдан.

— Портда! — дея қисқа жавоб берди Ҳамза.

— Уйда ўтир дегандим-ку.

— Ўтиролмадим. Кечиринг.

— Портда нима гап?

— Синонлар шошиб қолишган. Ҳарбийларнинг кўп қисми қаёққадир кетишди. Шошиб кетишди.

— Уканг сабаб шундай бўлган. Аббос ишини қиляпти. Катта иш қилаётганлиги синонларнинг типирчилаб қолишганидан маълум.

— Мен ҳам шундай деб ўйладим. Лекин энди мен уйда ўтиролмайман.

— Тўғри. Сени кутаётгандим. Ҳализамон Аббоснинг ўқлари тугаб қолади. Агар-чи, у бирорта ҳам ўқни зое қилмаган бўлса ҳам.

— Ёрдамга бораман.

— Борасан. Фақат унга ўқ-дори олиб бориб берасан-у, изингга қайтасан. Сенинг энг катта ишинг шу бўлади: Аббосни вақтида таъминлаб туриш. Аммо зинҳор ўзинг унинг ёнида қола кўрма. Ҳаммасини бузиб қўясан. Қилаётган ишимизда нозиклик ҳар доимгидан кўпроқ зарур…

* * *

Вайронага айланган ҳарбий қисмда бирорта ҳам синон бош кўтармай қўйди. Бундай пайтда кутиш энг катта ютуқ эканлигини улар жуда яхши билишарди. Шу нарсани Аббос ҳам тушуниб етди. У ич-ичидан кулди. «Ахир бу пишиқлар менинг овқатланиб олишимга шароит яратиб беришди-ку…»

У кичкинагина қопини очди. Нон, сув, қуритиб, қоқ қилинган гўшт бор. Агар Аббос ҳозир урушда қатнашмаганида, бунақанги нарсаларни тушида ҳам кўрмаган бўлар эди. Аммо у шу ҳолида ҳам Дунёни ўйлади. «Бир бурдасини берганимда эди», деди ўзига ўзи.

Бирпасда унинг қорни тўйди. Чунки Аббос ўта шошаётган эди. Унинг яна битта вазифаси бор: кузатиш. Унинг ўзи иккита одам: бири жосус, иккинчиси бажарувчи. Жосус ҳамма маълумотларни тўплайди ва бажарувчига тақдим қилади, керак бўлса, маслаҳат беради. Бажарувчи эса шунга қараб иш тутади.

Аббоснинг кўзи танклар колоннасига тушди. Энди унга қийин бўлади. Вертолёт ва самолётлар бир нави эди. Моторини ўчириб қўйсанг бас, ўзлари пастга шўнғийди. Ерга урилади-ю, бўлакларга бўлиниб кетади. Аммо танкларни бундай қилиб бўлмайди. Маълум муддатга буларни ҳам жойида қотириб қўйиш мумкин, агар командирлари рацияда гаплашаётган бўлишса. Бироқ ёндириб, портлатиб юбориб бўлмайди.

Шунда Аббоснинг хаёлига бирдан дронлар келди. Ахир у иккитасини асир олган. Мана, туришибди: «Қаёққа учайлик, хўжайин?» деб.

— Энди, — дея Аббос дронлардан бирини қўлига олди, — сенлардан фойдаланса бўлади. Фақат биттангдан. Шундай учиб борасан-у, ўзингни қурбон қиласан. Қолганини менга қўйиб бераверасан.

У компьютер клавишларини бирма-бир боса бошлади. Дронларнинг биттасига жон кирди. У ҳавога кўтарилди ва ҳаммаёққа чанг-тўзон кўтариб, кули кўкка совурилган полк томон келаётган танкларни «иззат-икром» билан кутиб олиш учун елдай учди. Аббос уни компьютерда кузатиб турди.

Дроннинг тезлиги унақа юқори эмас эди. Чунки тезлик учун эмас, балки бориш қийин бўлган жойларни йўқ қилишга мўлжалланганди.

Орадан бир муддат ўтди. Дрон энг олдинда келаётган танкнинг тепасида пайдо бўлди. Танкдагилар, унинг ортидан келаётганлар дронни пайқашмади. Чунки у хийла баландликда ва кабутардайгина эди. Пайқаш анча мушкул эди… Пайқаш учун уларда Абосникига ўхшаш компьютер ва дастур бўлиши керак. Шундагина игнадай учган жисмни сезиб олиш хамирдан қил суғургандай осон кечади.

Танк командири ғўдайиб, айтиш мумкинки, кеккайиб, синонлигини манави чўлу биёбонга кўз-кўз қилиб келмоқда эди. Гўё ҳозир етиб бориши билан ҳаммага бош оғриқ бўлаётган қандайдир каллакесарлар бўлинмасини (синонларнинг энг катта хатоси: «Бизга роса тайёргарликдан ўтган эллик-олтмиш чоғлиқ махсус бўлинма ҳужум қиляпти», деб ўйлашаётганди. Ўйлашмаётганди, балки худди шундай қарорга келиб бўлишганди) яксон қилиб ташлайдигандай эди…

Аббос:

— Ўзингни ўзинг қурбон қил! — дея ҳужум клавишини босди.

Дрон пастга шўнғиди ва димоғдор командирнинг ёнгинасида портлади. Синон шу заҳоти сочилиб кетди. Танк бирдан тўхтади. Ортдан келаётганлари ҳам тўхтади. Кўп аскарларни миндириб келаётган юк машинаси ҳам тўхтади. Табиийки, ҳамма командирлар бир-бирлари билан рацияда гаплашишга тушиб кетишди. Бундан фойдаланган Аббос уларнинг танкларининг бошқарув тизимини ишдан чиқариб қўйди.

Синонлар ўзидан-ўзи танкнинг мотори ишламай қолганидан ҳайрон эдилар.

Пиёда аскарлар эса олдинга интилишди. Ахир душман қаердадир биқиниб ётиб, уларга ҳужум қиляпти-да. Техника иш бермаяпти. Ҳеч қанақасига. Демак, бу ёғига қўл жанги бўлиши керак. Аммо масофа жудаям олис. Аббос тахминан уч километр нарида. Унга етиб олиш керак. Унинг ўша ерда эканлигини билишса-ку, дарров етиб боришади. Аммо билишмайди-да…

Аббос иккинчи дронни ҳам учирди. Буниси вайрон бўлган полк томонга кетди. Унинг анча юқорисига. Бирор беш юз метр баландликка…

Аббос у ердагиларнинг анча хотиржам бўлиб қолишганини кўрди. Ҳеч ким яширинмаяпти. Юришибди бир-бири билан гаплашиб. Ўликларни тўплашяпти… Аббос буларнинг ҳаммасини фақатгина тасвирда кўряпти, аммо сўзларини эшитмаяпти. Эшитиши керак. Бунинг учун эса дрон уларнинг яқинларига қўниши шарт.

Аббос экрандан кўзини узмаган кўйи, клавишларни тез-тез боса бошлади. Дрон пастлади. Аввал ҳали-ҳамон тутаётган томнинг устига қўнди.

Аммо Аббос бекорга овора бўлибди. Дрон «қулоқ»лик қилолмас экан. Шунча нарсани ўйлаб топганлар шунга қолганда фаросатсизлик қилишибди. Аббоснинг жаҳли чиқди. Дронни яна учиришга мажбур бўлди. Ҳеч қурса, «кўрган»ларини етказиб туради.

У бу сафар танкчилар томонга учди. Аббос эътибор бермаган экан. Пиёда аскарлар унинг икки километрлик доирасига кириб қўйишибди. Секин келишяпти, аммо аста-секин яқинлашишяпти. Агар Аббос ҳозироқ ишга киришмаса, кейин аҳвол чатоқ бўлади.

 

(Асардан парча тугади. Унинг тўлиқ вариантини онлайн китоб ҳолида сотиб олиб ўқишингиз мумкин)

 

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: