Америка визасини олишга кирганда рад жавоби олмаслик учун суҳбатда ўзини қандай тутиш керак? Собиқ актёр Шерзод Бин шу ҳақда маслаҳат берди (видео)

Америка визасини олишга кирганда рад жавоби олмаслик учун суҳбатда ўзини қандай тутиш керак? Собиқ актёр Шерзод Бин шу ҳақда маслаҳат берди (видео)

Шерзод Бин тахаллуси билан ижод қилган собиқ актёр Шерзод Саидалиев YouTube’да Иноятилло Андижонийга берган интервьюсида АҚШга виза олишда нималарга эътибор берилиши, аёли билан танишуви ҳамда яқинда ўғил фарзандли бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Собиқ актёр Америка визасини олишга кирганда суҳбатда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.

— Биласиз, Америкага кетиш осон иш эмас. Яширмайман, элчихонага кириб, ўзим ҳам беш марта рад жавобини олганман. Нега кетаётганим сабабини доим ростини айтганман, ёлғон гапирмаслик керак, барибир кўзингиздан, ўзингизни тутишингиздан сезиб қолишади. Мен саёҳатга борардим. Виза беришаётганда “Жаноб, ҳозир биз санъаткорларга тадбир, тўй-маросимларга нолегал (ноқонуний) чиқиши кўпайиб кетаётгани сабабли виза бермаяпмиз. Сизнинг визангизни тасдиқладик, лекин, илтимос, қонунни бузманг”, — дейишди. Биринчи борганимда фақат саёҳат қилдим, яна 8-9 ойдан сўнг оиламни ҳам олиб келдим, унда муаммо бўлмади. Бир нарсани айтишим керакки, виза олиш учун суҳбатга кирганда одам ўзига ишонч билан гапириши керак, деб ҳисоблайман. Қайси санада қайтиши, қайси штатда бўлмоқчилигини аниқ айтиши керак. Узоқ ва тушунарсиз жавоблар уларни шубҳалантиради. Қисқа, лекин аниқ гапирсангиз, муаммо бўлмайди. Аввал бошқа давлатларга бориб, паспортингизда кўпроқ жойнинг визаси бўлса, Америкага ҳам берилиши осонроқ бўлади. Ҳали ҳеч қаерга бормаган одамга виза берилган ҳолатлар мингтадан битта чиқса керак.


Шерзод Саидалиев Америкага боргач, қандай соҳаларда ишлагани ва шерикчиликдаги тамаддихонасидан нега чиқиб кетгани сабабини айтиб ўтди.

— Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, дейишади. Келганимдан кейин адаптация жараёни бўлди, аввалига юк машиналари офисида ишладим 8 ой, вазифам ҳайдовчилар вақтини назорат қилиб туриш бўлган. У компания ёпилди, сўнг қурилишга бордим, меҳнати оғир, лекин пулига яраша эмасди. У ердан ҳам кетдим. Нима қора иш бўлса, қилдим. Дўкон тозалаш дейсизми, пиццахона дейсизми, ҳатто оиламни ташлаб, бошқа штатда 2 ҳафта ишлашга мажбур бўлдим. Бу жуда оғир бўлди. У вақтда ҳали уйланмагандим. Кейин бир дўстим ўзимизнинг штатда кафе (тамаддихона) очди. Аввалига ишчи бўлиб ишладим, кейин шерикчилик таклифи билан чиқишди. Анча ишладик, лекин жойлашувимиз ўзбеклардан узоқроқ бўлганига асосан маҳаллий аҳоли кирарди ва спиртли ичимликлар сўрашарди. Бизда ундай нарсалар йўқ, ҳалол таомхона эди. Бу нарсалар тўғри келмагани сабабли шерикчиликни тўхтатишга мажбур бўлдим. Кейин пицца етказиб беришда ишлаб юрдим.

Аёли билан танишуви, совчиликка бир ўзи боргани ҳақида.

— Бу орада қиз ҳам қидирардим, лекин ҳеч кўнглимга ёқадигани чиқмасди. Кўнгил иши қийин, уйланишим ҳам қизиқ бўлган. Мен АҚШнинг у четида бўлсам, нариги четидаги Калифорния штатида яшайдиган қизникига бир ўзим совчиликка бордим. Сабаби коронавирус авж олган пайт эди. Бу тахминан Ўзбекистон билан Туркиячалик масофа. Америкага келганимга роппа-роса 2 йил бўлган куни учрашув бўлган. Аёлимнинг отаси ўзбек қўшнилари билан савол-жавоб қилишди. Суҳбатда қайнотам умуман савол бермади. Нима иш қилишимни сўрашганда оддий пицца ташувчиси эканлигимни айтдим. Улар рози бўлишди. Шаръий никоҳ ўқилгунча умуман телефонда гаплашмаганмиз. Буни қарангки, карантин сабабли тўйимиз санаси сурилиб бораверди. Мен ҳам, аёлим ҳам тўйимиз санъаткорларсиз ўтишини хоҳлардик. Шундай ҳам бўлди, ихчам, файзли тўй бўлиб ўтди. Мана, яқинда ўғил фарзандли бўлдик, исми — Муҳаммад.

Дўстларингизга ҳам юборинг: