Украина Исроилни ҳам, Фаластинни ҳам тан олади
Украина халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини ҳурмат қиладиган адолатли давлат ва икки давлатни – Исроил ва Фаластинни тан олади.
Censor.NET хабар беришича, бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Сингапурда бўлиб ўтган “Диалог – Шангри Ла” конференциясида маълум қилган.
Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина бу можарога барҳам бериш ва тинч аҳоли азоб чекмаслиги учун керакли барча ишни қилади.
“Украина, агар Хамас террорчилари тинч аҳолига ҳужум қилса, Исроил ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини айтди… Шундан сўнг Исроил Ғазода бўлиб, гуманитар инқироз юзага келганида Украина: биринчидан, Ғазога гуманитар ёрдам беришга тайёр; иккинчидан, биз халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишимиз керак; учинчидан, Украина икки давлатни, Исроил ва Фаластинни тан олади”, деди президент.
Эслатиб ўтамиз, 22-май, чоршанба куни Норвегия, Ирландия ва Испания ҳукуматлари Фаластинни давлат сифатида расман тан олганини эълон қилган эди. Бунга жавобан Исроил бу давлатлардан ўз элчиларини чақириб олишини маълум қилди.