Модининг партияси парламент сайловларида ишончли ғалаба қозонди
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди экзит-полл натижалари эълон қилинганидан сўнг, унинг партияси парламент сайловларида ишончли ғалаба қозонганини маълум қилди.
Моди бу ҳақда Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
«Ишонч билан айта оламанки, Ҳиндистон халқи рекорд даражада фаоллик кўрсатиб, “Бҳаратия Жаната” партияси ҳукуматини ҳокимиятда қолдириш учун овоз берди», — деб ёзди бош вазир.
Нарендра Модининг сўзларига кўра, INDIA мухолифат алянси «Ҳиндистон сайловчилари қалбига йўл топа олмаган».
NDTV телеканали томонидан тақдим этилган сўров маълумотларига кўра, “Бҳаратия Жаната”
партияси 543 ўринга эга бўлган парламент қуйи палатасида 350 дан ортиқ ўринни қўлга киритиши, INDIA алянси эса 120 дан бир оз кўпроқ ўринни эгаллаши мумкин. Расмий якуний натижалар 4 июн куни эълон қилиниши кутилмоқда.