Ўзбекистондан Қозоғистонга жўнатилган помидорларда вирус бормиди?

Ўзбекистондан Қозоғистонга жўнатилган помидорларда вирус бормиди?

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистонга экспорт бўлган помидорда карантин объекти ҳисобланган вирус (Tomato brown rugose fruit virus – ToBRFV) аниқланганлиги туфайли маҳсулот Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Юз берган ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ўтказилди. Маҳсулотни экспорт қилган тадбиркорлик субъекти помидор Ўзбекистонга қайтарилмаганини маълум қилди. Аниқланишича, Қозоғистон Республикасига юк машинасида 450 килограмм янги узилган гилос, 14,5 тоннадан ортиқ олма ва 4,2 тонна помидор жўнатилган. Маҳсулотлар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида етиштирилган.

Тартибга асосан мева-сабзавотларни экспортга йўналтиришдан аввал ички фитосанитар сертификат расмийлаштириб берилади. Помидор экспортида асосий талаблардан бири маҳсулотнинг зарарли организмлардан, жумладан «помидорнинг жигарранг бужмайиши вируси»дан (Tomato brown rugose fruit virus – ToBRFV) ҳоли эканлигини ҳисобланади.

Шу сабабли ҳар бир партиядан 5 донадан 1 килограммгача намуна сифатида олиниб, лаборатория шароитида ПЗР усулида текширилади. Намуналар тоза чиқсагина Марказий фитосанитария лабораториясининг мутахассислари томонидан ижобий хулоса берилади ва ички сертификат асосида халқаро намунадаги фитосанитария сертификати расмийлаштирилади.

Қозоғистонга жўнатилган помидордан ҳам намуна олинган ва тегишли тартибга асосан лабораторияда ПЗР усулида экспертиза ўтказилган. Экспертиза натижаларига кўра, помидор маҳсулотида «жигарранг бужмайиш вируси» (Tomato brown rugose fruit virus – ToBRFV) аниқланмаган.

Шу сабабли қозоғистонлик ҳамкасбларга лаборатория экспертизасини ўтказиш методологияси, ўтказилган таҳлилларнинг праймерлари, видео ва фотосуратлари тақдим этилиши юзасидан сўровнома жўнатилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: