Абдуқодир Ҳусанов «Ланс»нинг трансфер баҳоси ошган ягона ўйинчиси бўлди
Трансфермаркт портали Франция чемпионати 2023/24 йилги мавсум якунларига кўра, ўйинчиларнинг трансфер баҳосини янгилади.Унга кўра, «Ланс» клуби ҳамда Ўзбекистон миллий жамоасининг ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи 500 минг еврога ошиб, ҳозирда 2,5 миллион еврони ташкил этмоқда.20 ёшли ҳимоячи ўтган йил «Энергетик-БГУ»дан «Ланс»га ўтаётганида 400 минг еврога баҳоланган бўлса, ўтган 10 ой давомида Ҳусановнинг трансфер баҳоси 2,1 миллион еврога ошган.
Шу тариқа, Абдуқодир 2,5 млн евро нарх билан Ўзбекистон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо ўйинчилари рўйхатида Аббосбек Файзуллаев (6 млн евро) ва Элдор Шомуродовдан кейин (5 млн) Остон Ўрунов (2,5 млн) билан бирга 3-4-ўринни эгаллаб турибди.«Ланс» клуби 2022/23 йилги мавсумда чемпион «ПСЖ»дан бир очко кам жамғариб 2-ўринни эгаллаганди, якунланган мавсумни эса 7-ўринда тугатди. Натижадаги бу пасайиш Абдуқодир Ҳусановдан бошқа лансликлар сафидаги бир қатор ўйинчиларнинг трансфер баҳоси шўнғишига сабаб бўлган.
Маълумот учун, Эле Ваи (35 млн евро), Кевин Дансо (25 млн), Факунда Медина (25 млн) «Ланс» сафидаги энг қимматбаҳо ўйинчилар саналади.