Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (8-қисм)
Собир унинг уйига келганида аллақачон қоронғи тушганди. Самандар: «Уйга кир. Ўтирамиз. Ўзи роса зерикаётгандим, вақтида келдинг», деди. Аммо Собир унамади. Ўзининг уйига борди. Ҳаммаёқни кўздан кечирди. Деразанинг очилганини, кимдир уйига кирганини сезди. Ҳеч нарсани олиб кетмабди. Ўзи олиб кетадиган бирор нима ҳам йўқ эди. Фақат меҳмонхонадаги гиламнинг тагида пул бор эди. Келган одам меҳмонхонага умуман кирмабди. Демак, ўғри эмас у. Бошқа мақсадда келган… Ўша «мақсад»ни Собир айвондан топди. Варақа ва яна иккита журнал. Арабча-ўзбекча. Журналларда давлат ёмонланган…
Собир кулди. Аччиқ кулди. «Бошқа «мақом»ларинг йўқмиди?» дея кўнглидан ўтказди ва «далиллар»ни ўчоққа ташлаб ёқиб юборди. Сўнг кетди… Дарвозани қулфлади-ю, кетди. Қайнотасиникига.
Қайнотасиникида чироқ йўқ экан. Ўзи бу чироқ ўлгурни уларнинг қишлоқларига кунига икки соатга беришади. Тонг саҳарда бир соат ва кечки пайт. Одамлар кечки овқатини шоша-пиша ейишади. Ёруғда еб қолайлик, дейишади. Кейин тўқ қоринга ухлашади. Абдукарим аканинг оиласи ҳам худди шундай. Собир уларникига етиб борганида, Абдукарим акадан бошқа ҳаммаси уйқуга кириб кетишганди. Абдукарим ака деразанинг ёнига ўтирганча ташқарига термилиб ўтирарди.
Собир ҳовлига етгач, томоқ қириб йўталди. Шундай қилиш қишлоқда одат.
— Ҳозир! — деди Абдукарим ака деразанинг битта табақасини очиб, сўнг эринибгина ўрнидан турди.
Эшикдан ташқарига чиқиши билан эса Собир салом берди.
— Эй-й, Собир, кел! — деди Абдукарим ака куёвини овозидан таниб. Кейин уйи томонга овоз берди. — Барно, куёвинг келди. Туринглар!..
Мой чироқ ёқилди. Жой қилинди. Абдукарим ака чироқ йўқлиги учун куёвидан узр сўради. Сўнг бир пиёладан чой ичилди. Ана ундан кейин Собир ер олганини айтди. Абдукарим ака бир муддат ўйланиб тургач:
— Ҳа-а, у ёқлар зўр. Сув бўлса бўлди. Агар Эгамқул айтган бўлса, демак, сув ҳам бор. Зўр иш бўлади. Фақат битта томча қуриб олишинг керак. Қайниларинг бор. Улар боришади. Ёрдам беришади. Тўрт кунда битирасан томчани, кейин Барнони ҳам олиб кетсанг бўлаверади, — деди.
Аммо Барнонинг қовоғи осилди. Чўлда, даштда, кимсасиз бир жойда яшашни у тасаввур ҳам қилолмас эди-да.
— Эй-й, йўқ, дада. Ҳамма шаҳарга кетаяпти. Шу ёқларда тирикчилик қилиб юришибди, — деди.
— Биринчидан, эр қаерда бўлса, хотин ҳам шу ерда бўлади. Иккинчидан, Собир бир нарсани режалаштирган бўлса керакки, шу қарорга келган. Сен дарров ёмон томонини ўйлама, — деди Абдукарим ака қизига, сўнг куёвига юзланди. — У ёқларда узум зўр бўлади. Қаттиқ меҳнат қилсанг, икки-уч йилда ҳамма нарсани тўғрилаб оласан.
— Лекин қайниларим…
— Менга қара, улар нима қиларини билмай юришибди. Бирови ўқитувчи. Биттаси бўлса, бутунлай дардисар. ПМКАда ишлайди. Тайини йўқ. Кун бўйи кетади. Индамасанг, умрини қурилишда чиритади. Хуллас, иккаласи боради. Директор трактор бераётган бўлса, яна яхши. Цемент, тош олиб борасан. Тепасига пахса урасизлар… Хуллас, олдингда мақсадинг борми, бос!..
Собир қайнотасининг гапларидан руҳланди. Ерни олганда ҳам қандайдир ишончи сустроқ эди эплаб кетишига. Энди эса ҳозирнинг ўзида учиб кетгудек бўлиб турибди.
Улар эртасига йўлга тушишди. Собир жуда ошиқди. Унинг назарида масофа узоқлашиб кетганга ўхшарди. Аслида, у унча-мунча нарсадан ҳаяжонланмасди. Анча-мунча нарсанинг сиртидан олдин астарини кўрарди. Шунинг учун ҳам хотиржам қабул қилар эди. Аммо ҳозирги қиладиган иши унга қандайдир завқ бераверди. Шунинг учун ҳам шошиларди.
Эгамқул ака Собир уйига бориб келгунича директорнинг ёнига бориб тракторни олиб келибди. «Земламер»дан ҳамма қоғозларни тўғрилатиб олибди.
— Нафсингга ўт тушгур, «земламер» чатоқ бола-да. Иккита яримтага пул олмагунча қилмади. Бўлмаса, директор ўзининг ёнига чақириб буюрди. «Тезда қўлингдаги харитага қараб, ерни ажрат. Буйруқ тайёрлат», деганди. Шундай бўлса ҳам, ҳали ундай эди, ҳали бундай эди деб ўзини тарозига солаяпти. Шартта олдига иккита яримтанинг пулини ташладим. Ундай ҳам эмас экан, бундай ҳам. Шартта ёзиб-чизиб ташласа бўларкан. Аммо-лекин кейин у уйига бошлаб борди. Хотинига битта товуғини ушлаб, бўғизлаб берди. «Дарров тозала-да, қозонга бос», деди. Ўзиям роса тортибман… Шунинг учун тракторни бугун олиб келдим. Тележка, плуг, борона, яна алламбалоларниям қўшиб олдим. Эрта бир кун ҳаммаси керак бўлади. Лекин-чи, — деб Собирга қаради Эгамқул ака, — гараж талон-тарож бўлаяпти. У ерда озмунча техника бормиди? Ярмиям қолмабди. Директор битта нарса сотса, қолганлар унинг ёнига икки-учтасини қўшиб сотиб юборяпти.
— Директор техникалар турган жойида чирияпти, деганди-ку? — деди ҳайрон бўлган Собир.
— Ҳа-а, чириётганлари ҳам бор. Ҳозирча жуда керакмаслари чирияпти. Керакли техника бир деганда «супурилиб» кетяпти. Битта мешқорин бригадир бор. Сулаймон. Бутун бошли яп-янги, ҳали бирор марта ҳам участкага кирмаган тракторни бўлакларга бўлиб, уйига киргизиб олибди… Аҳвол чатоқ, — дея афсус билан бошини чайқади Эгамқул ака…
Тракторнинг фойдаси кўп тегди. Чунки қишлоқдан ўн беш километр узоқликда бетон қориш учун сув керак эди. Сув эса йўқ. Булоқдан олиб келиш керак. Челаклаб ташиб бўлмайди… Яна Собир марказга икки марта тракторда бориб келди. Цемент, тош, қум олиб келди. У шу кунлари эркин бўлди. Ҳамма нарсага кўп диққат қилавермади. Шу боисдан ҳам Азаматнинг шотирларидан бири уни кўриб қолгани ва ортидан бир муддат пойлаганини сезмади… Бироқ кўнгли бироз ғаш бўлди-ю, ўша ғашликка ҳам эътибор қилмади. У эртароқ керакли нарсаларни олиб кетишни истади.
Иш қизигандан-қизиди. Собир тиним нималигини билмасди. Унинг чаққон ҳаракатлари қайниси билан қайноғасини ҳайратга соларди. Бир ўзи икки-уч кишининг ишини қиляпти, дея кўнгилларидан ўтказишарди.
Биринчи куннинг ўзидаёқ пойдевор бетони тайёр бўлди. Пойдевор жуда қалин эмас эди. Шу боисдан ҳам эҳтимол тезроқ битган бўлса керак. Эртасига пахсага тайёргарлик кўрилди. Бир ярим ҳафта ўтганидан кейин бир уй ва даҳлиз қад ростлади. Фақат томини ёпиш, суваш қолган эди. Абдукарим ака келиб қолди. «Битта оғил билан тандирхона ҳам қилинглар», деди…
Бир ойга етиб-етмай ҳамма иш якунига етди. Эгамқул ака емиш берди. Собирнинг қайнотаси бир сигирни бузоғи билан берди. Кейин Барно кўчиб келди. У янги уйига қаради. Кўзи ёшга тўлди. Алам билан Бахтиёрнинг сочини силади ва секин, бир-бир қадам босиб уйга кирди. Уйнинг поли йўқ эди. Унинг кўзлари чарақлади ва шоша-пиша ташқарига чиқди:
— Пол йўқ экан-ку! — деди қувониб.
Собир кулди. Сўнг хотини билан бирга келган қайнотасига қараб қўйиб:
— Унинг йўлини қилиб қўйибман, — деди.
— Қанақасига? Биз сизни қачон пол қиларкан, деб зах ерда ётамизми? — дея эътироз билдирди Барно.
— Йўқ. Биринчидан, зах эмас. Чунки мен ерни қазиб, целлофан ёзиб, унинг устидан тупроқ ташлаганман. Демак, зах тепага ўтмайди. Иккинчидан, суваб қўйибман. Агар сувоқнинг устидан бўяб қўйсам, худди тахтали полга ўхшаб қолади.
Барно йиғламоқдан бери бўлиб, отасига тикилди.
— Собир тўғри айтяпти. Сен олдин ҳовли томонга ўтиб қара, олдингда қанча ер турибди. Шуларнинг ҳаммаси сизларники. Эпласанглар, сенлардан бой одам бўлмайди. Уй ҳеч ҳам зах эмас. Агар жуда шубҳа қиладиган бўлсанг, бир тележка сомон олиб келаман. Уйнинг ичига бир қаричча қилиб ёзасизлар, устидан гилам тўшалади. Ана ундан кейин зах ўтиб кўрсин-чи…
Барно ҳангу манг бўлиб қолди. У ўзига келгунича эса отаси ҳам, ака-укаси ҳам кетди. Ёнида эри ва ўғли қолди.
— Собир ака, мен сиздан буни кутмагандим. Ўзингизга қўшиб мени ҳам чўлу биёбонга олиб келдингиз, — деди Барно.
— Унақа дема. Эрта баҳорда кўрасан бу ерларни…
Собир бошқа гапирмади.
Икки кун Собир хотини билан келишиб, келишмай яшади. Уй ёмон эмас эди. Ҳақиқатан ҳам, тагидан зах ўтмасди. Бунинг устига томи пастроқ ва ўзи кичикроқ бўлгани сабаб иссиқ. Яна ташқарида ҳаво тоза эди. Баҳри-дилинг очилади…
Учинчи кунга ўтиб, Барно эрининг елкасига бошини қўйди. «Мени кечиринг. Мен билмабман. Мана, ўтган икки кун ичида қандайдир хотиржам бўлдим. Ҳеч нимадан хавотир олмадим. Аммо бир умрга шу ерларда қолиб кетмасак керак», деди.
Собир эса кулиб: «Вақти келади, бу ерларни ҳамма орзу қилади», деди.
Навбатдаги кун у белкурак ва кетмонини олиб, булоқ томонга кетди. Ариқча қазиши керак. Сув олиб келиши керак. Тўрт километр унчалик узоқ масофа эмас. Аммо яқин ҳам эмас. Лекин уддаласа бўлади…
У булоқ ёнига борди. Шу ердан туриб чамалади. Қандай қилиб уйигача ариқча қазиб боришни режалаштирди ва ишга киришди. Унинг хаёлга берилувчанлик одати ҳам бор эди. Бир нарса тўғрисида ўй суришни бошласа, уни давом эттириб, ривожлантириб кетаверарди. Ана шундай пайтда қилаётган ишини унутарди. Қўли ишлайди. Аммо ўзи бутунлай хаёлидаги билан андармон бўлиб қолардики, оқибатда зерикишни унутарди…
Биринчи куни икки юз метрдан зиёд қазиди. Ер юмшоқ. Ариқ жуда энли эмас, энига бир ярим қарич. Чуқурлиги ҳам шунча. Бунақа пайтда, албатта, ишинг унади-да…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.