Кайла Харрисон UFCда эркак жангчиларга қарши октагонга чиқмоқчи

Кайла Харрисон UFCда эркак жангчиларга қарши октагонга чиқмоқчи

Дзюдо бўйича икки карра Олимпиада чемпиони, PFL лигаси чемпиони Кайла Харрисон яқинда UFC промоушенида дебют қилганди.

 

Айни пайтда Харрисон ўз вазн тоифасида муносиб рақиб топа олмаяпти. Промоушен раҳбарлари ҳам бу борада қийинчиликка дуч келишган. Шу боисдан ҳам у лигадаги эркак жангчилар билан жанг қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда америкаликнинг менежери Али Абдел-Азиз Submission Radio радиосига берган интервьюсида айтди.

 

«Кейинги рақиб Мераб Двалишвили ёки Алжамэйн Стерлинг бўлади. Ўйлашимча, бу жуда рақобатга тўла, ёрқин жанг бўлади. Ҳа, бу тўғри эмасдир. Лекин қизлардан ҳеч ким у билан жанг қилишни истамаяпти. Бу ҳолатда Кайла эркакларнинг энг енгил вазн тоифасида жанг ўтказишига тўғри келади. Собиқ чемпион Холли Холмни қандай мағлуб этганини ҳамма кўрди», – деди Абдел-Азиз.

 

Алининг айтишича, икки вазнда собиқ UFC чемпиони Аманда Нунес Харрисон билан жанг қилишдан қочиб, фаолиятини якунлаб қўя қолган.

 

Маълумот учун, 33 ёшли Кайла Харрисон шу йилнинг апрель ойида Лас-Вегас шаҳрида ўтказилган юбилей UFC 300 турнирида собиқ UFC чемпиони Холли Холмни иккинчи раундда бўғиб қўйганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: