Қозоғистонда «тушунарсиз бойлик» мақоми жорий этилади
Унга кўра шахс ўз мулкини қонуний равишда қўлга киритганини исботлаши керак. Агар буни исботлай олмаса, бу мол-мулкка суд қарори билан «тушунарсиз бойлик» мақоми берилади ва давлат даромадига қайтарилади.
Дунёда активларни қайтариш учун қўлланиладиган янги моделлардан бири – «тушунарсиз бойлик» Қозоғистонда жорий этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Активларни қайтариш қўмитаси раиси Нурдаулет Суйиндиков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ноқонуний олиб чиқилган активларни Қозоғистонга қайтариш бўйича ишлар қизғин олиб борилмоқда ва аллақачон аниқ натижа бор. Гап 1,5 триллион тенге миқдорида қайтарилган активлар ҳақида бормоқда. Шунингдек, активларни қайта тиклаш бўйича қўмита «тушунарсиз бойлик» бўйича биринчи даъво ва қарорни чиқарганини таъкидлайди.
«Дунёда активларни қайтаришнинг бир неча моделлари мавжуд. Охирги ва янгиларидан бири «тушунарсиз бойлик» деб аталади. Бу муайян шахснинг ҳар қандай мулкка қонуний эгалик қилишига давлатнинг асосли эътирозига боғлиқ. Ва субъект уни қонуний равишда қўлга киритганини исботлаши керак. Агар буни исботлай олмаса, бу мол-мулкка суд қарори билан «тушунарсиз бойлик» мақоми берилади ва давлат даромадига қайтарилади. Қозоғистонда бундай талаб асосида суд қарори кучга кирган биринчи ҳолат мавжуд. Унинг доирасида яқин вақт ичида давлат даромадига 11 млн долларга яқин маблағ қайтарилади», деди у.
Қозоғистон президенти Администрацияси раҳбари Ойбек Дадебай сўзларига кўра, бу мамлакат учун беқиёс тажриба ва бундай амалиёт нуфузли халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил февраль ойида бўлиб ўтган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган активларни мамлакатга қайтариш зарурлиги ҳақида гапирган эди. Ушбу ташаббусдан кўзланган мақсад мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити ва умумий иқтисодий муҳитда ҳалол рақобатни мустаҳкамлашдан иборат экани айтилди.
Тўқаев 2023 йил июль ойида «Ноқонуний йўл билан олинган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолади.