Олимпиадага яна бир йўлланмани қўлга киритдик
Туркияда ўтаётган камондан ўқ отиш бўйича жаҳон лицензион турнири ўз якунига етди.
Қувонарлиси, унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Амирхон Содиқов яккалик дастурида Олимпиада йўлланмасига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Қайд этиш жоиз, Зиёдахон Абдусатторова Ўзбекистон делегацияси учун ушбу спорт турида тарихий дастлабки Олимпиада йўлланмасини тақдим қилган эди.
Бугун йўлланмаларимиз янада кўпайди. Яна бир аҳамиятли томони, ушбу йўлланма эвазига Содиқов Олимпия ўйинларида Абдусатторова билан микст дастурида ҳам қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Шу тариқа, Амирхоннинг бугунги муваффақиятли иштироки билан делегациямиз камондан отиш спортида учта йўлланмага эга чиқди.