Ўзбекистоннинг 16 шаҳрида Янги нафас оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади
23 июнь куни Ўзбекистоннинг 16 шаҳрида Халқаро Олимпия куни, Болаларни ҳимоя қилиш куни ва Ёшлар кунини нишонлашга бағишланган Янги Нафас анъанавий оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу куни Тошкентда олий ҳарбий ўқув муассасалари битирувчилари иштирокида Ватан Қалқони ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади.
30 июнь куни нишонланадиган Ёшлар куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатимиз ёш авлоди учун муҳим воқеа бўлди. Июн ойида бўлиб ўтадиган Ёшлар ойлиги доирасида кўплаб фестиваллар, форумлар, кўрик-танловлар ва мусобақалар ўтказилмоқда. Янги нафас республика оммавий югуриш мусобақалари бу йил ҳам уч йил аввал бошланган анъанани давом эттирган ҳолда байрам дастурига киритилган ва ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда.
Янги нафас лойиҳаси 2020 йилдан бошлаб нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатларни ҳам қамраб олган кенг кўламли спорт ҳаракатига айланди. Ўтган йиллар давомида 750 мингдан зиёд киши унда фаол иштирок этиб, соғлом ва фаол турмуш тарзини тарғиб этиш орқали оммавий югуриш мусобақаларини спорт байрамига айлантирди.
Ушбу йили Янги нафас ва Ватан қалқони оммавий югуриш мусобақаларида мактаб ўқувчилари, талабалар, сайёҳлар, тадбиркорлик ва давлат тузилмалари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, жамоат арбобларидан иборат 60 мингга яқин киши иштирок этади. Анъанавий оммавий югуриш мусобақаси масофаси 3 км бўлиб, Андижон, Наманган, Фарғона, Нурафшон, Навоий, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Қарши, Бухоро, Қоровулбозор, Ғузор, Урганч ва Нукус шаҳарларининг марказий кўчалари бўйлаб ўтади. Тошкентда пойга старти “Янги Ўзбекистон” боғида берилади. Барча оммавий югуриш мусобақалари бир вақтнинг ўзида эрталаб соат 7 да бошланади.
Ҳар бир шаҳарда оммавий югуриш мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида Енгил атлетика федерацияси томонидан тайёрланган малакали ҳакамлар, мураббийлар ва кўнгиллилар тадбирга жалб этилади.
2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари арафасида Халқаро Олимпия кунини нишонлаш алоҳида аҳамият касб этади.