Омбудсманга юборилган мурожаат асосида бухгалтерлар жаримага тортилди

Омбудсманга юборилган мурожаат асосида бухгалтерлар жаримага тортилди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Жиззах вилоятидан фуқаро Г.И. ва бир неча нафар фуқароларнинг жамоавий мурожаати келиб тушди. Унда мурожаатчилар ойлик маошлари ноқонуний тартибда ушлаб қолинганини билдириб, меҳнат ҳуқуқларининг тикланишини сўрашган.

Мурожаатда ёзилишича, фуқароларнинг 2024 йил февраль ойи учун иш ҳақи кам тўланиб, иш берувчи томонидан ишчиларнинг ёзма рухсатисиз ойлик маошларидан ушлаб қолинган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олинди. Ҳолат Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Жиззах вилояти Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик бош бошқармаси вакили билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилди.

Аниқланишича, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали бухгалтерияси томонидан бир неча нафар ходимларнинг меҳнат таътили маблағларини ҳисоблашда хатолик кетганлиги сабабли иш ҳақлари ортиқча тўлаб юборилган. Жумладан, фуқаро Г.И. ҳисобига 3,8 млн ва фуқаро П.О. ҳисобига 4 млн сўм миқдорида меҳнат таътили учун ортиқча маблағ тўланган.

Шундан сўнг, ортиқча тўланган иш ҳақи ва бошқа тўловлар 2024 йил февраль ойида ходимларнинг ёзма розилигисиз ва суднинг қарорисиз Меҳнат кодексида белгиланган талабга зид равишда ушлаб қолинган.

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижаларига кўра, Давлат меҳнат назорат инспекциясининг тегишли қарори билан филиал ҳисобчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдорида 2 720 000 сўм ҳамда филиал бош ҳисобчисига нисбатан БҲМнинг 7 баравари миқдорида 2 380 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 269-моддасига мувофиқ, иш берувчи иш ҳақи ҳисобига берилган ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган суммаларни қайтариб олиши мумкин, бундай ҳолларда иш берувчи тўлов нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқаришга ҳақли. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш асосларига ёхуд миқдорига эътироз билдираётган бўлса, қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилиши белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Дўстларингизга ҳам юборинг: