Исроил, ниҳоят, тан олди: “ҲАМАСни енгиб бўлмайди”

Исроил, ниҳоят, тан олди: “ҲАМАСни енгиб бўлмайди”

Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Ҳагари Исроил ҲАМАСни енга олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда матбуот котибининг сўзларидан иқтибос келтириб, CNN нашри хабар берган.

Ҳагарига кўра, ҲАМАСни енга олмасликнинг бош сабаби Исроил ҳукумати ичида қарама-қаршилик кетаётганидир. Ҳукумат ичида уруш мақсадларининг турлича эканлиги Ғазодаги урушни мантиқсиз операцияга айлантириб қўймоқда.

“ҲАМАСни йўқ қилиш мумкин, деган фикр жамоатчиликнинг кўзига қум сепиш билан баробар”, — деган Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Ҳагари.

Ҳагарининг изоҳлари Нетаньяху идорасининг кескин қарши баёнотига олиб келган. Нетаньяху мамлакатнинг Ғазодаги уруш мақсади ҲАМАСнинг ҳарбий ва бошқарув имкониятларини йўқ қилишдан иборат эканини билдирган.

Матбуот котиби ҲАМАСнинг енгилмаслигига яна бир сабаб сифатида у оддий ташкилот эмас, балки идеология эканини келтирган. Исроил ташкилотни жисмонан йўқ қилишга киришган. Шу билан бир пайтда, Ғазода нафратни кучайтириб, ҲАМАС идеологияси кенг қулоч ёйишига ҳисса қўшмоқда.

Мудофаа кучлари расмийси ва Исроил бош вазирининг қарама-қарши баёнотлари мамлакат ичида сиёсий ёриқлар пайдо бўлганига ишора сифатида кўрилган. Ҳарбийлар марказий ҳукуматдаги ноаниқ ҳарбий стратегияга қарши эътироз кайфиятида экани билдирилган.

Даниэль Ҳагарининг изоҳлари Исроилнинг ҳарбий кампанияси ўз мақсадларига эриша олмаслиги ва Нетаньяхунинг даъвосига қарамай, ҲАМАС қудратли мафкуравий куч бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувларни акс эттирган. Исроил эса бурнининг остида янги мафкура қулоч ёзиб, араб дунёсига ёйилишини хоҳламайди.

Исроил ҳозирга қадар Ғазода 14 000 дан ортиқ ҲАМАС аскарини ўлдирган. Халқаро ҳамжамиятнинг ўлдирилганлар ҳақиқатда ҳам террорчи эканини текшириш борасидаги сўровлари жавобсиз қолдирилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: