Россия ва КХДР келишуви туфайли Жанубий Корея Украинага қурол етказиб бериши мумкин

Россия ва КХДР келишуви туфайли Жанубий Корея Украинага қурол етказиб бериши мумкин

Жанубий Корея Россия ва КХДР кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битимни тузганидан кейин Украинага ҳалокатли қуроллар етказиб бериш имкониятини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти девонига таяниб, Yonhap агентлиги хабар берди.

Биз Украинага қурол-яроғ билан ёрдам бериш масаласини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқдамиз, — деди президент маъмурияти Миллий хавфсизлик бошқармаси директори Чан Хо Жин.

Россия ва КХДР ўртасидаги янги шартнома бўйича Жанубий Корея ҳукуматининг позициясини эълон қилар экан, у Сеул Пхеньяндаги Россия-Шимолий Корея маслаҳатлашувлари тафсилотларини ҳозирча билмаслигини ва тақдим этилган позиция фақат баёнот матнига асосланганлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Жанубий Корея Киевга ҳалокатли қурол етказиб беришнинг иложи йўқ деган позицияга амал қилган, бироқ Украинага ҳалокатли бўлмаган ҳарбий, иқтисодий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишда давом этган.

Нашрга кўра, Сеул жиддий хавотир билдирган ва томонлардан бирига қуролли ҳужум содир этилган тақдирда барча мавжуд воситалар ёрдамида ўзаро ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиш қоидаларини ўз ичига олган янги Россия-Шимолий Корея шартномасини қоралаган.

Жанубий Корея бу келишувнинг тузилиши моҳиятан Пхеньян ва Москва ўртасида ҳарбий иттифоқ тузиш эканини таъкидлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: