Самарқандда 1 кило опийни 150 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Самарқанд вилояти Ургут туманида опий гиёҳвандлик моддасини сотишга уринган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 17 июнь куни Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда 47 ёшли фуқаро 1 килограмм опий гиёҳвандлик моддасини харидорга 150 миллион сўмга сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Суриштирув ишлари давомида мазкур шахснинг вақтинча яшаш манзили ётоқхонасидан гашиш ва опий сақлаб келаётгани маълум бўлган.
Тўпланган ҳужжатлар тергов бошқармасига топширилган, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ Фарғонада 17 ёшли бола яшаётган уйдан 30 килодан ортиқ наркотик моддалар топилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда фуқаронинг уйидан салкам 32 кило марихуана топилган, Қирғизистонда Ўзбекистонга гиёҳванд моддалар ташиш билан шуғулланган шахс қўлга олинган эди.