13 ёшидан тўйларга чиққан, Бухорода бир ўлимдан қолган, клип олишга 30000 доллар сарфлаган, битта тўйда 15000 доллар хизмат ҳақи олган хонанда
Жаноб Расул ижоди қанчалик танқидларга сабаб бўлмасин, ўзининг тингловчилари бор. У ҳамиша ўзига хос ижро услуби билан тингловчилар эътиборини тортади. Бу йил 36 ёшни қаршилаган ижодкор 13 ёшида санъатга кириб келган. Хўш, ўтган вақт мобайнида у нималарга эришди? Санъаткор бўлганидан афсусланган пайтлари ҳам бўлганми?
“Болалигим қизиқ ўтмаган”
— Болалигим у қадар қизиқ кечмаган. Ҳамма қатори оддий бола бўлганман. Балиқ тутишни ва антеннаси узун радиода қўшиқ тинглашни яхши кўрардим. Уни қулоғимга қўйиб, бир соатда бир бериладиган қўшиқни кутиб ўтирардим. Унгача бир аёл тинмай гапирарди. “Қачон тугар экан?” деб мен ҳам уни эшитиб ўтираверардим. Болалигимда ҳиндча қўшиқларни яхши кўрардим. Мактабда ўқидим, ундан кейин коллежга ўқишга кирдим. Шу билан катта бўлиб қолганимни билмай қолдим. Баъзиларнинг болалигига ўхшаб, меники унчалик қизиқарли бўлмаган, — дейди хонанда.
“Онам бетоб бўлгач, оиламиз қийналиб қолган”
— Онам оғир касалликка чалинганидан кейин, оиламиз ҳам кўп қийинчиликка учраган. Моддий эҳтиёжлар сабаб, 13 ёшимдан тўйларга чиққанман. Санъаткорлар чой ичиб дам олишаётган пайтда “Микрофонда овозим қандай чиқар экан?” деб бақириб таёқ еган пайтларим ҳам бўлган.
Ютуқларимнинг замирида онамнинг меҳнати жуда катта. У менга ишонч бағишлаган ва ҳамиша қўллаб-қувватлаган. “Ўғлимнинг овози бор, яхши санъаткор бўлса кўп пул топади”, деб “Севинч” гуруҳида қўшиқ айтишимни истаган. Аммо кўп ўтмай одамлар уст-бошингизга қараб муомала қилишини тушуниб етганман, — дейди хонанда.
“Мени негадир хушлашмаган”
— Номини айтмайман, бир гуруҳ йигитлари билан тўйларга чиқардим. Аммо негадир хушлашмасди. “Сен боравер, ўзимиз бир амаллаймиз”, деб тўйга кетаётган вақтимизда йўлда тушириб қолдиришарди. Жамоа раҳбаримизга эса “Расулнинг иши бор экан, уйида қолди”, деб ёлғон гапиришаркан. Устозим эса мендан ранжирди. Кейин билсам, улар мен билан бирга хизматларга боришни исташмаган экан. Чунки кийимларим жуда оддий бўлган, оилавий шароитим сабаб янги кийим оломасдик. Аммо йиллар ўтиб, улар орасида энг қиммат кийимни ўзим киядиган бўлдим. Аммо ҳозир улардан ранжимайман, балки тўйга боролмай йиғлаб уйимга қайтганим мотивация бўлгандир, — дейди Жаноб Расул.
“Гуруҳ таркибида келажагимни кўрмадим”
— Онамнинг хоҳиши билан “Севинч” номли гуруҳда қўшиқ айтишни бошлаганман. Устозимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Аммо гуруҳ таркибида ижод қилиб, келажагимни кўрмадим. Шундан кейин устозимнинг розилиги билан яккахон ижод қилишни бошладим. Аммо 5 йил ташкилий ва молиявий жиҳатдан жуда қийналдим.
Гуруҳ билан ишлаш қийин. Энг катта келишмовчилик пулдан келиб чиқади. Энг аҳил гуруҳлар ҳам кун келиб, пул сабаб ажралади. Бир пайтлар “Уммон” гуруҳидаги Жасурга шу ҳақида айтганимда “Йўқ, биз аввалдан бир-биримизни таниймиз, бизда ҳеч қандай келишмовчилик бўлмайди”, деганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Шоҳруҳ уйланди. Кейин гуруҳ ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Чунки учта қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди, — дейди хонанда Жаноб Расул.
“Миллий қўшиқларда омад кулмади”
— Замонавий қўшиқлардан аввал мақом, турк ва ҳинд оҳангидаги қўшиқларни ижро этдим. Ҳатто соф ўзбекона клип ҳам суратга олдирганман. Аммо ҳеч қандай натижага эришмаганман.“90-60” клипи қанча танқидларга учраган бўлса ҳам, YouTubeда энг кўп кўрилган клиплардан бири ҳисобланади. Уни нафақат Ўзбекистонда, Ўрта Осиё, Жанубий Корея, Москва ва АҚШда ҳам томоша қилишади. Назаримда дунёга чиқиб олмагунга қадар миллий қўшиқлар билан уларнинг эътиборини тортиб бўлмайди. Шу боис ўзбек санъатини хорижда тарғиб қилишдан аввал уларнинг назарига тушиш керак, — дейди хонанда Жаноб Расул.
“Ўлигим кимгадир керак бўлган”
— 2019 йили тўйдан қайтаётганимизда жуда ғалати воқеа содир бўлган. Ўшанда Аллоҳ бизни бир ўлимдан сақлаган. Хуллас, тўйдан яхши кайфиятда чиқиб, Бухоронинг “бетонка” йўлида кетаётгандик. Бу йўл текис бўлгани учун машинамиз 150-170 км тезликда ҳаракатланарди. Бирдан машинамиз қаттиқ силкинди. Қўрқиб, машинани тўхтатганмиз. Қарасак, орқа баллон қийшайиб қолган ва баллонни мустаҳкамловчи 5 та болтдан 3 таси чиқиб кетган. Аслида у машинанинг баллонини бўшатиш осон эмасди. Уни биладиган одам хизматда эканимиздан фойдаланиб шундай қилган, деб гумон қилгандик. “Агар ўша иккита болт ҳам чиқиб кетганида, машина ағдариларди. Худо сизларни асрабди”, дейишган машина усталари. Ўлигимиз кимгадир керак бўлган, — дейди хонанда Жаноб Расул.
“Битта клипга 30 минг АҚШ доллари сарфлаганман”
— Мен ўзимни қиммат пулга клип олдирадиган хонанда деб билмайман. Чунки Европада суратга олинаётган клипларни ҳам кузатиб бораман. Бизда улардек 300-400 минг АҚШ доллари сарфланадиган клиплар олинмайди. Менинг энг қиммат клипим “90-60” қўшиғига олинган. Унга умумий ҳисобда 30 минг АҚШ доллари сарфлаганман. Чунки Ўзбекистондан Дубайга 11 киши борганмиз, меҳмонхона харажатларидан ташқари, у ердан иккита оператор ёллаганмиз. Бундан ташқари, Дубай шаҳрида клип суратга олиш учун ҳам алоҳида пул тўланиши керак экан. Шунинг учун ҳам бу қўшиқнинг клипи менга анча қимматга тушган, — дейди хонанда Жаноб Расул.
“Битта тўйдан 15 минг АҚШ доллари даромад топганман”
— Кўпчилик мени қиммат хонанда деб билади. Аммо мен бундай деб ўйламайман. Юлдуз Усмонова ва Муниса Ризаевалар мендан ҳам қимматга хизматларга боради. Тўйдаги гонорарим қанча эканини эса очиқ айтолмайман. Бунинг сабаби хизмат нархлари вилоятнинг узоқ-яқинлиги билан ҳам боғлиқ. Хориж машинасида юраман. У анча кўп бензин ейди. Тўйда фонограммадан фойдаланмайман. Шунинг учун ёнимда бир нечта йигитлар бўлади. Агар ҳозир хизмат ҳаққини айтсам, эртага муаммо юзага келиши мумкин. Аммо яқинда Тожикистонга бир соатлик хизматга бордим. Бунинг учун 15 минг АҚШ доллари олдим. Бу шу кунгача битта тўйдан олган энг кўп хизмат ҳақим бўлди, — дейди хонанда Жаноб Расул.
“Тўрт қаватли уйим”
— Уй-жойим, машинам ҳақидаги маълумотларни ҳеч қачон яширмайман. Чунки буларни фақат халқнинг олдида қўлга киритдим ва ўғирлик қилганим, бировнинг ҳаққига хиёнат қилганим йўқ.
Беруний туманида 30 сотихли майдонга 4 қаватли уй қурганман. Бу уйнинг режасини бундан 12 йил аввал чизгандим. Ишонасизми, ўшанда битта велосипедим ҳам бўлмаган. Яхши ният қилиб, катта уй қуришни режалаштиргандим. Уйга лифт ҳам ўрнатдик. Ҳовлида кичик иссиқхона ва ферма ҳам бор. Болалигимдан шундай нарсаларга қизиқаман.
Насиб қилса, кексайганда набираларнинг шовқинидан қочиб, аёлим билан ўша иссиқхонада суҳбатлашиб ўтирамиз. Ҳали битмаган уйимга ҳозирча 400 минг АҚШ доллари сарфладик. Менда ҳаммаси ҳисоб-китобли, қаердан қанча пул олганимни ва қанча сарфлаганимни ҳисоблаб, архив қилиб қўяман. Агар топганимни ҳисоб-китоб қилсам, аслида тўрт қаватли уй эмас, аэропорт қуришим керак эди. Аммо ёнимдаги йигитларнинг улуши ва ижоднинг ҳам ўзига яраша катта харажати бор, — дейди хонанда Жаноб Расул.
“Тўрт фарзандим бор”
— Шукрки, икки ўғил ва икки қиз фарзандим бор. Баъзан улар Instagramдаги жонли эфирларда кўриниб қолишади, аммо атайин уларни оммага кўрсатмайман.
Ўғилларим яхши инсон бўлиб улғайишларини ва оталари сингари санъаткор бўлишларини орзу қиламан. Шунинг учун ҳам ҳозирча уларнинг юзини оммага танитмай юрибман. Улғайгач, яхши қўшиқ ижро этиб халққа кўрингани бошқача. Кичкиналигидан қўшиқ айтиб чиқса, улғайганда ҳам одамларнинг тасаввурида кичкина болача бўлиб қолиб кетади. Шунинг учун ҳам ҳозир ўғилларимга қўшиқ ҳам айттирмайман, болалик гаштини сурсин, деяпман. 7-8 ёшидан кейин ижодни ўрганишни бошлайди.
Кўпчилик фарзандларини олиб келиб, шогирдликка олиб, клип чиқариб беринг, деб сўрашади. Ҳозир клип олиб, телевидениега ҳам чиқардингиз дейлик, аммо 17 ёшга тўлганида нима қиласиз, дейман. Чунки у бола энди халқ учун қизиқ бўлмай қолади, аввал кўрганман-ку, эшитганман-ку, дейишади.
Агар ўғилларим кун келиб санъаткор бўламан деб жиддий аҳд қилса, албатта, ёрдам бераман. Аслида ҳозир ҳам имконият бор. Концертимда дуэт айтиб чиқса ҳам бўлади. Чунки тўнғич ўғлимнинг чиройли овози бор. Аммо унинг ижодини ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Болага барибир боладек муносабатда бўлишади, — дейди хонанда Жаноб Расул.